Линклар

logo-print

Новқатликлар иши Олий судда кўрилди


Қирғизистон Олий судида ўтказилмиш маҳкама жараёнида иштирок этиш учун Бишкекка келган судланувчиларнинг яқинлари уларнинг айбсизлигини айтмоқдалар.

Қирғизистон Олий судида ўтказилмиш маҳкама жараёнида иштирок этиш учун Бишкекка келган судланувчиларнинг яқинлари уларнинг айбсизлигини айтмоқдалар.

19 май куни Қирғизистон Олий суди 2008 йилнинг 1 октябрида Ўш вилоятининг Новқат туманида содир бўлган тартибсизликлар иштирокчиларига нисбатан ҳукм чиқарди.

Қирғизистон Олий суди 32 судланувчидан давлат мулкига тажовуз қилиш моддасини олиб ташлади. Балоғатга етмаган болаларни жиноят содир этишга даъват қилиш моддаси билан айбланаётган 13 одамнинг 11 нафари оқланди.

Айни пайтда барча судланувчиларнинг Новқат шаҳрида 2008 йилнинг 1 октябрида бўлган тартибсизликларда иштирок этгани тасдиқланди. Шу муносабат билан Олий суд судланувчиларга белгиланган жазо муддатларини 2 йилдан 5 йилгача қисқартирди.

Маҳаллий судларда бўлган жараёнларда эса айбланувчилар 9 йилдан 20 йилгача бўлган қамоқ жазосига ҳукм қилинган эдилар.

Бишкекдаги “Очиқ позиция” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти раҳбари Дмитрий Кабак Олий суд ҳукмини адолатсиз, деб баҳолашини айтади.

Унга кўра, судланувчиларнинг “Ҳизбут-Таҳрир” партиясига мансублиги суд жараёнида исботланмаган. Иккинчидан, судланувчиларнинг кўпчилиги Новқатдаги тартибсизликларда иштирок этмаганлар, улар бу воқеанинг гувоҳлари бўлганлар, холос. Милиция ходимлари эса гувоҳларни ҳам воқеа иштирокчилари сифатида қўлга олганлар.

- Бугунги кунда ҳамма хавотир ичида яшамоқда. Олий суднинг қароридан сўнг менда пайдо бўлган хулоса мана шундай.

Маҳкама жараёнида судланувчилар бир қатор моддалар бўйича асоссиз айбланганлари очиқ кўриниб қолди. Судланувчиларнинг ҳизбчи эканига ҳам далил-исбот йўқ. Ҳуқуқ ҳимоячиларида “демак, ҳар қандай одамни ҳизбчиликда айблаб, қамаб қўйса бўлаверар экан-да”, деган ташвиш пайдо бўлмоқда, деди Дмитрий Кабак.

Судланувчилардан бирининг турмуш ўртоғи Шакаройим унинг эри Новқат воқеаларида қатнашмаганини, уни гувоҳ сифатида милицияга чақириб, қамаб қўйишганини айтади:

- Улар бу воқеада иштирок этганларида ҳам қамаб қўйишса, алам қилмас эди. Эримни гувоҳ сифатида милицияга чақиришган. Кейин уни қамашди.

Ўшдаги судда у 17 йил озодликдан маҳрум қилинган эди. Олий суд эса унга 12 йил қамоқ жазоси белгилади. Новқатдаги тўполонга гувоҳ бўлгани учунгина уни шунча йилга қамаш адолатданми? дейди Шакаройим.

Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячилари Новқат воқеалари иштирокчилари қамоқда қийноқларга солинганини таъкидлаб келмоқдалар.

Новқатдаги тартибсизликларда қатнашган, деган гумон билан қамоққа олинган шахслар халқаро ташкилотларнинг ҳам диққат марказида турибди.

Масалан, 13 май куни Ҳюман Райтс Вотч халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти қирғиз ҳукуматига йўллаган мурожаатида Новқат воқеалари адолатли тергов қилиниши лозимлиги, қамоққа олинган воқеа иштирокчиларига нисбатан қийноқлар қўлланилгани тўғрисида гап боради.

Бироқ давлат айбловчиси Жўрақул Қувватов бу каби фикрларга қўшилмаслигини айтади:

- Дастлабки тергов, биринчи инстанция судларида маҳбусларни қийноққа солиш ҳолатлари ўрганилган. Бироқ айбланувчиларинг қийноққа солингани тасдиқланмаган. Кўплаб гувоҳлар, экспертиза хулосалари бор бу борада, деди прокурор Жўрақул Қувватов.

2008 йилнинг 1 октябр куни Новқат тумани марказига йиғилган диндорлар Рўза ҳайитини шаҳар бош майдонида тантанали тарзда ўтказилишини талаб қилиб, намойишга чиққан эдилар. Бу намойиш тартибсизликка айланиб кетган ва туман ҳокимияти биноси тошбўрон қилинган эди.
XS
SM
MD
LG