Линклар

Каримов тадбиркорни яна ҳимоя қилмоқчи

  • Фаррух Юсуфий

Тадбиркорла¸ Каримов қўл қўядиган қарор ва фармонлар билан воқелик ўртасида ер билан осмонча тавофут борлигини айтадилар.

Тадбиркорла¸ Каримов қўл қўядиган қарор ва фармонлар билан воқелик ўртасида ер билан осмонча тавофут борлигини айтадилар.

15 май куни имзолангaн қарор “Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб- қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланган. Президентга алоқадор ҳар қандай ҳужжат ёки асар каби, янги қарор ҳам ўзбек матбуотида кенг муҳокама қилинмоқда.

Муҳокама қатнашчиларининг барчаси, одатдагидек, “юртбоши” навбатдаги фармони унинг ўзбекистонликлар фаровонлиги ва равнақи ҳақида эрта-ю кеч қайғураётганининг яна бир тасдиғи эканига амин бўлишаётганини айтишмоқда.

Ҳақиқатан, янги фармонга кўра, тадбиркорларга қўшимча имтиёзлар берилган, хусусан, улардан ундириладиган божлар миқдори камайтирилган ёки ҳокимият томонидан уларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймасликка оид топшириқлар берилган.

Янги фармон ҳақида изоҳ олиши мақсадида Ўзбекистонда тадбиркорлик соҳасини тартибга солиш билан шуғулланадиган Монополиядан чиқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш қўмитаси мутасаддиларига мурожаат қилдик. Лекин¸ афтидан¸ улар ё президентнинг фармони билан танишиб улгурмаган, ё бу нозик масалада Озодлик радиоси билан гаплашишни истамади.

- Интернетда пресссервис.узга кирсангиз рус ва ўзбек тилларида тўлиқ ëритилган. Катта имтиëзлар берилган. Ўша имтиëзларни ўзингизга копия қилиб олсангиз яхши эмасми, дея гапни қисқа қилди қўмита вакили.

Айтиб ўтганимиздек, президентнинг ПҚ 1112 – сонли қарори матнига кўра, тадбиркорларга давлат томонидан кадастрлик хизмати кўрсатилиши, тадбиркорлик субъектини рўйхатга олиш ёки банк ҳисоб рақамларини очишда енгилликлар ваъда қилинган.

Тошкентлик тадбиркор Зарифнинг ПҚ 1112 – сонли қарор қабул қилинганидан хабари йўқ. Лекин, дейди у, бундай фармонлар амалда тадбиркорлар оғирини енгил қилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

- Бугун тадбиркорликни бошлаш жуда ҳам қийин эмас. Фирма ёки корхонани рўйхатдан ўтказишни енгиллаштиришга оид қарорлар аввал ҳам қабул қилинган.

Бундан ташқари, ҳокимиятга борсангиз қандай ҳужжатлар талаб этилишини сизга айтиб беришади. Яъни бу маънода бу жараённи янада енгиллаштиришнинг ҳожати йўқ, дейди Зариф.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Ориф Ҳошимов ҳам тадбиркорлар фаолиятига оид шу пайтгача қабул қилинган кўплаб ҳужжатлар амалда ишлаганда, янгиларига ҳожат бўлмас эди¸ дейди.

- Мен айтмоқчиманки¸ бу тадбиркорларнинг ишини осон қилмайди. Аниқ-тиниқ ëрдам бермайди. Лекин шу йўлда бир қадам бўлиши мумкин¸ дейди Ориф Ҳошимов.

Президентнинг ПҚ 1112 – сонли қарорига келсак, деб давом этади иқтисодчи, унинг тадбиркорлар ҳаётини енгиллаштиришда фавқулодда аҳамияти йўқ.

Лекин, президент қарорни бекордан-бекорга чиқармагандир, унда турли бож ва тўловлар миқдори камайтирилгани, масалан, 1 июндан бошлаб кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича хизматлар учун тарифларнинг арзонлаштирилиши ёки банк ҳисоб рақамларини очиш учун тўланадиган ҳақнинг камайтирилиши енгиллик эмасми, деб сўраймиз иқтисодчидан.

Ориф Ҳошимов: Тўғри¸ бу енгиллик¸ лекин бу ҳал қилувчи енгиллик эмас. Тўловларнинг камайтирилиши орқалигина тадбиркорлар ишини осон қиламиз¸ деган хулосага борадиган бўлсак¸ нотўғри хулосага борган бўламиз. Чунки тўловларнинг оғирлиги бугун тадбиркор учун энг асосий муаммо эмас.

Тўловлар 10 баробар туширилса ҳам бу тадбиркорга унчалик таъсир қилмаган бўларди. Яъни турар-жой объектини нотураржой объектига¸ нотурар-жой объектини турар-жой объектига айлантиришда расмий тўловлардан ташқари тўланадиган ва 10 баробар кўп бўлган норасмий тўловлар бор. Муаммо шунда¸ муаммо муддатда¸ муаммо бюрократияда.

Озодлик: Норасмий тўловлар деганингиз қандай тўловлар?

Ориф Ҳошимов: Ўзбекчасига¸ бу энди пора деганида. Оддий бир масалага тўхталайлик.

Дейлик Тошкент шаҳри¸ Сергели туманида биринчи қаватда жойлашган икки хонали турар-жой. Ўша икки хонали квартирани сартарошхонага ëки маиший хизмат кўрсатиш жойига айлантириш учун ўша бинони турар-жой объектидан нотурар-жой объектига айлантириш керак.

Мана шу объект сартарошхона ëки бирор бир маиший хизмат кўрсатадиган жойга айлангунча бўладиган вақт камида олти ойдан бир йуилгача бўлган муддатни ўз ичига олади. Бу вақт харажати.

Энди маблағ харажатига келсак. Амалдаги давлат божи бўйича маблағ харажати 10 минимал оклад. Лекин тадбиркорнинг қиладиган харажати фақатгина бу харажатдан иборат эмас. Тадбиркор 10-15 баъзида 20 баробар кўпроқ харажат қилади.

Озодлик: Бу харажатлар нималардан ташкил топади?

- Кадастрнинг олдидаги бюрократик тўсиқларни енгиш учун кетадиган харажатлар. Ўз-ўзидан бу харажатлар бориб охирги истеъмолчининг бўйнига тушади. Гап мана бу ерда. Бу бюрократни¸ амалдорни ëки давлат хизматчисининг ваколатларини ҳаддан ташқари ошириб¸ потенциал тадбиркорни унинг олдида деярли ғулом ҳолига тушириб қўяди¸ дейди иқтисодчи Ориф Ҳошимов.

Фармоннинг банк ҳисоб рақамларини очишлари учун тадбиркорлардан ундириладиган тўловларни камайтиришга оид қисми ҳам куракда турмайди, деб давом этади иқтисодчи Хошимов.

- Ўзингиз ўйлаб кўринг. Сизга оддий яна бир пункт.

Тижорат банклари тадбиркорлар томонидан банк ҳисоб рақамлари очишда оладиган таъриф комиссиясини бир минимал окладдан ярим минимал окладга туширилсин деб ëзилган¸ тўғрими?

Бу нарсанинг президент ëки Вазирлар маҳкамасининг қарори билан белгиланиши ҳаддан ташқари кулгили ҳол. Ҳатто Белорусия¸ Шимолий Корея бу даражада бўлмаса керак.

Иккита хўжалик субъектининг бирининг иккинчисига кўрсатадиган хизмати бўйича таъриф даражасининг белгилаб қўйилиши очиқ бозор иқтисодини қураëтган давлат учун кулгили ҳол, дейди иқтисодчи.

Президентнинг ПҚ 1112 – сонли қарори тадбиркорлар ҳуқуқларининг таъминланишига оид пункт билан якунланади.

Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ва бошқа мутасадди идораларга бунга оид топшириқлар берилган.

Яна Ориф Ҳошимов гапиради.

- Мен бундай жумлаларга биринчи марта дуч келаяпман. Шаблон жумлалар бу. Кўпчиликнинг назарида¸ бу шаблон жумлалар фармоннинг вазнини оширади. Эртага газета¸ телевидение¸ радио¸ жойларда махсус тадбирларда гапирилаëтган пайтда¸ жуда чиройли қилиб ëғли қилиб айтилади.

Бу бўйича ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органларга¸ прокуратура органларига аниқ-тиниқ топшириқлар берилган¸ қабилида гаплар такрорланади. Бунинг орқасидан спекуляция қилинади.

Энди сиздан масаланинг иккинчи томонига эътибор беришингизни сўрайман. Инсон ҳуқуқими¸ тадбиркорнинг ҳуқуқими ëки юридик субъектнинг ҳуқуқими – унинг мажбурияти¸ кимнинг ҳақ ëки ноҳақ эканлиги судда ҳал бўлиши керак. Бу нарсани прокуратура ҳал қилиб бермаслиги керак.

Бу биз танлаган йўл ҳуқуқий жамият қуриш йўлидаги олдиндан эълон қилган мақсадларимиздан ва вазифаларимиздан чекиниш аслида ўйлаб қараганда¸ дейди Ориф Ҳошимов.

ПҚ 1112 – сонли қарор шу кунларда президент қаламига мансуб бошқа асар – “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари” номли китоби муҳокамаси айни авжига чиққан пайтда эълон қилинди.

Мамлакат бўйлаб президентнинг янги китобига бағишланган семинарлар, ҳатто халқаро илмий анжуманлар уюштирилаётгани ҳақида аввалги дастурларимизда гаплашган эдик ва тингловчимизнинг бундан хабари бор.

Жаҳон миқёсидаги бўҳронни Ўзбекистон шароитида баратарф этиш йўллари айтиб берилган китоб шу пайтгача турли тилларга таржима қилиниб, бу тилларда сўзлашадиган давлатлардаги Ўзбекистон элчихоналари уни тарғиб этишни давом эттирмоқда.

Масалан, ўтган ҳафта китобнинг француз тилидаги таржимаси Париждаги элчихонада тақдим этилди.

Франция жамоатчилиги уни қандай қабул қилиб олгани ҳақида ҳозирча хабарлар йўқ.

Францияда ёки иқтисодий бўҳрондан азият чекаётган давлатларнинг аксариятида бундай китоблар шу пайтгача ёзилмади, яъни бўҳронни бартараф этишга бундай “фундаментал” ёндашув ҳозирча йўқ.

Иқтисодчи Ориф Ҳошимов президентнинг янги китобини ўқиганим йўқ, лекин унинг Ўзбекистонда халқаро бўҳрон оқибатларини камайтиришдаги самараси ҳам ҳозирча сезилмаяпти, дейди.

Ориф Ҳошимов: Кризис¸ Ўзбекистонда шартли равишда ўрта қатлам деб ҳисоблаш мумкин бўлган 25 фоиз одамларнинг турмуш даражасига таъсир қилди¸ деб айтиш мумкин. Кризис¸ тахминан¸ беш фоиз ўзбек киборларининг¸ элитасининг бойликларини янада кўпайтирди. 25 фоиз ўрта қатламнинг ҳаëтида орқага қараб юриш бўлди.

Озодлик: Қолган 70 фоиз нима бўлди?

- Қолган 70 фоиз ҳеч нарсани ҳис қилгани йўқ. Чунки уларда кризисдан олдин ҳам ҳеч нарса йўқ эди. Уларнинг кундалик ҳаëти элементар ибтидоий ташвишлардан¸ яъни қорин тўйғазиш ва шунинг атрофидаги нарсалардан иборат эди. Ўлимга олиб борувчи касалга яна қандай касаллик юқтиришингиздан қатъий назар¸ барибир унинг номи касал. Иккита оғир касалга эга бўлган одамнинг касали сони яна биттага кўпаядиган бўлса¸ ҳеч нарса ўзгармайди, дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Ориф Ҳошимов.
XS
SM
MD
LG