Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:02

Чегара зиддиятлари парламент муҳокамасида


Ўзбек-қирғиз чегарасининг баҳсли ҳудудларида зиддиятларнинг кўпайиб бораётгани қирғиз депутатларини хавотирга солмоқда.
Ўзбек-қирғиз чегарасининг баҳсли ҳудудларида зиддиятларнинг кўпайиб бораётгани қирғиз депутатларини хавотирга солмоқда.

Сўнгги бир ой ичида Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида бўлиб ўтган зиддиятли воқеалар 20 май куни қирғиз парламенти депутатлари томонидан муҳокама қилинди.

Қирғизистон парламенти депутатлари икки давлат чегарасида зиддиятлар такрорланишининг олдини олиш ва чегара масаласини ижобий ҳал этиш йўлида ҳамкорлик қилиш таклифи билан Ўзбекистон парламентига расмий мурожаат жўнатиш ҳақида қарор қабул қилдилар. Айни пайтда мурожаат матни тайёрланмоқда.

Қирғиз парламенти депутатлари “Ўзбекистон чегарачилари ваколатлари доирасидан ташқарида бўлган Қирғизистон ҳудудига ноқонуний кирганлар ва қирғиз фуқаролари уйларида тинтув ўтказганлар”, деб ҳисоблайдилар.

Парламент депутати Бегали Норғўзиев эса Ўзбекистон тарафининг бундай ҳатти-ҳаракатларини провокация, дея баҳолайди.

- Ўзбекистоннинг айрим ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан нега бундай провокациялар уюштирилаётгани тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Чунки Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида чегара тўла демаркация ва делимитация бўлмагунга қадар баҳсли ҳудудларда ҳар қандай амалиётлар ўтказиш таъқиқланиши ҳақида келишув бор, деди депутат Бегали Норғўзиев.

Қирғиз парламентининг айрим депутатлари эса Ўзбекистон тарафининг чегарадаги ҳаракатларига қаттиққўллик билан жавоб қайтариш зарур, деган фикрдалар.

Масалан, депутат Рашид Тоғаев Ўзбекистон чегарачилари ва ҳуқуқ-тартибот тузилмаларини Қирғизистон фуқароларини ўғирлаб кетаётганликда, ҳақорат қилаётганликда ва бошқа ноқонуний ҳаракатларда айблади.

- Бунга қачонгача чидаш мумкин? Уларнинг бу ҳаракатларига муносиб жавоб берилишини талаб қиламан! Ўзбек чегарачиларига ким зўрлигини кўрсатиб қўйиш вақти келди, деди Рашид Тоғаев.

Бироқ парламентнинг бошқа депутатлари бу масалани “Ўзбекистон чегарачилари савияси даражасига тушмаган ҳолда, цивил йўллар билан ҳал этиш лозим”лигини таъкидладилар.

Қирғизистонлик айрим сиёсатшунослар расмий Бишкек Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида содир бўлаётган зиддиятлар сони кўпайиб бораётганидан ташвиш билдирадилар.

- Қирғизистон Конституциясига биноан мамлакат чегарасига таҳдид қилишга ҳеч кимнинг ҳуқуқи йўқ. Қирғизистон Чегара хизмати, Миллий хавфсизлик хизмати ва қолаверса, Конституция гаранти ҳисобланадиган президент бу масалада қаттиқ туриши лозим.
Акс ҳолда, чегарадаги кичик-кичик зиддиятлар давлатлараро низога айланиб кетиши мумкин, дейди сиёсатшунос Тўқтўғул Қақчикеев.

Айни пайтда Ўзбекистон ва Қирғизистон маҳаллий ҳокимиятлари чегарада содир бўлаётган нохуш воқеалар такрорланмаслиги учун ҳаракат қилаётганлари ҳам маълум.

Масалан, икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб турган Чек қишлоғи масаласида Ўзбекистоннинг Андижон ва Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти ҳокимлари учрашув ўтказганлар. Бу учрашувда чегара тўла аниқланиб олмагунига қадар баҳсли ҳудудда апрел ойида бўлгани каби амалиётлар ўтказмай туриш ҳақида гап борган.

15 май куни Сўх анклави яқинида ўзбек чегарачилари томонидан қирғиз фуқароларига қарата огоҳлантиришсиз ўқ отилгани масаласида ҳам Фарғона ва Боткен вилояти расмийлари учрашув ўтказганлар.

Шунингдек, Фарғона вилояти расмийлари Қирғизистон фуқаролари билан учрашиб, ўзбек чегарачиларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари учун кечирим сўраганлар.

Боткен вилоят ҳокимияти расмийси Бақитбек Сағинбековнинг айтишича, бу учрашувларда муаммоларни охиригача ҳал этиш имконияти йўқ.

- Ўзбекистонда ҳамма масала Тошкентда ечилар экан. Маҳаллий ҳокимиятларнинг деярли ваколатлари йўқ экан. Шунинг учун ҳам биз чегара муаммолари бўйича барча таклифларимизни Бишкекка жўнатганмиз. Ҳукумат бу таклифларни ўрганиб чиқиб, расмий Тошкент билан келишган ҳолда уларни ҳал этиб бериши керак, деди Бақитбек Сағинбеков.

Қирғизистон бош вазири Игор Чудинов 24 апрел куни қирғиз парламентида қилган чиқишида Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг 80 фоизи аниқлаб бўлинганини маълум қилган эди. Бош вазир айни пайтда Шоҳимардон, Сўх, Кўгарт каби баҳсли ҳудудлар масаласи ҳал этилмай қолаётганини билдирган.

Расмий маълумотга кўра, айни пайтда ўзбек-қирғиз чегарасида 70 га яқин ҳудуд баҳсли ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG