Линклар

logo-print

Тожикистонда қотил оналар кўпаймоқда

  • Гулнора Равшан

Ўз зурëди дунë юзини кўриши билан уни ахлатхонадаги ўлим чангалига отаëтган аëллар¸ кузатувчиларга кўра¸ жамиятнинг маънавий қашшоқлашуви кучайгани далолатидир.

Ўз зурëди дунë юзини кўриши билан уни ахлатхонадаги ўлим чангалига отаëтган аëллар¸ кузатувчиларга кўра¸ жамиятнинг маънавий қашшоқлашуви кучайгани далолатидир.

Душанбе шаҳар ахлатхоналарининг бирида янги туғилган чақалоқ жасади топилди. Жорий йил бошидан буён янги туғилган боласининг ўлимига сабабчи бўлган яна тўрт аёл устидан жиноят иши очилган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Маҳмадулло Асадуллоев воқеа 17 май куни содир бўлганини маълум қилди.

- Якшанба куни эрталаб Душанбенинг Сино тумани Ҳисорак кўчасидаги 6-уй яқинидаги ахлатхонадан янги туғилган қиз чақалоқнинг жасади топилди. Экспертиза натижаларига кўра, чақалоқда мажбурий ўлим аломатлари кузатилмайди. Айни пайтда бу жиноят юзасидан қидирув ишлари олиб борилмоқда, деди вазирлик расмийси.

Асадуллоев боласини ахлатхонага ташлаб кетган аёл шахси ҳозирча аниқланмаганини маълум қилди.

Ички ишлар вазирлиги масъулига кўра, бу жорий йилнинг уч ойи давомида қайд этилган бешинчи ҳолат экан. Бунгача ҳам чақалоғидан воз кечган тўрт аёл устидан жиноят иши очилиб, улардан иккитаси судга юборилиш арафасида экан.

Расмийнинг билдиришича, 2008 йил давомида чақалоғидан воз кечган тўрт аёл жиноий жавобгарликка тортилган. Рақамларни чоғиштирар экан, Ички ишлар вазирлиги ходими тожик жамиятида бу тенденция кучайиб бораётганини яширмади.

Якшанба кунги воқеага бевосита гувоҳ бўлган Ҳарамгул исмли суҳбатдошимиз бундай мудҳиш қотилликка тажрибасиз ёш жувонлар қўл ураётганини таъкидлайди.

- Ахлатхонадан топилган чақалоқ жасадини кўриб бир неча кун ўзимга келолмадим. Тахминан беш кило келадиган чақалоқнинг ҳатто киндиги кесилмаган, йўлдоши ҳам ўзи билан бирга онасининг ички кийимига ўраб, кейин целлофанга солинган эди. Бундай жиноятга фақат тажрибасиз, йўлидан адашган ёки биров томондан алданган ёш қизлар, жувонларгина қўл уради, дейди душанбелик Ҳарамгул.

Бошқа бир суҳбатдошимиз Қундузой Ортихолова гумроҳ аёллар томонидан содир этилаётган бундай жирканч қотилликка аввал ҳам гувоҳ бўлганини айтади.

- Кўлбулоқда бир аёл туққан боласини боғчасига кўмган эди. Бу жиноятга аёлнинг онаси ҳам шерик бўлган. Менимча, агар республикадаги иқтисодий-ижтимоий аҳвол шундай бўлиб қолаверса, бундай ҳодисалар келгусида янада кўпаяди.

Ўз боласидан воз кечаётган аёллар қўли калталиги учун шундай қилаётгандир. Алданиб ҳомиладор бўлиб қолган, аборт учун ҳам, кейинчалик уни боқиш учун ҳам пул топмай, шу ишга қўл ургандир. Аммо нима бўлганда ҳам бу жиноят, ўта жирканч жиноят. Бу қотилликни динимиз ҳам, қонунимиз ҳам қоралайди, дейди Қундузой Ортихолова.

Ўз исмини айтишни истамаган бошқа бир суҳбатдошимиз эса янги туғилган чақалоқнинг ахлатхонада ўлишига нафақат ўша аёл, балки бутун бошли жамият айбдор, дея мулоҳаза билдиради.

- Менимча, биз ҳаммамиз бунинг учун жавобгармиз. Чунки мана русларда ҳам никоҳсиз туғиш бор. Лекин улар ўз болаларини тирик кўмишмайди. Чунки уларда “ҳароми” деган таъна-маломат йўқ. Биз мусулмонларда бор бундай ёмон жиҳат.

Ўша йўлдан озган аёл ҳам айбини яқинларидан, элдан яшириш мақсадида чақалоғини ахлатхонага ташлаган бўлиши мумкин, дейди исми ошкор қилинишини истамаган суҳбатдош.

Мустақил кузатувчи Ҳуриниссо Ализода фикрича эса бир иймонсиз аёлнинг гуноҳи учун бутун жамиятни айблаш нотўғри.

- Бу жиноятнинг келиб чиқиши аёлнинг ахлоқи, иймони, билим савияси, аёллик фаросати ва дунёқарашига боғлиқ. Агар шу жиноятни содир этган аёл мусулмон бўлса, у ўта мудҳиш жиноятга қўл урибди. Зеро, Исломда одамни ўлдириш тугул, ҳатто чумолига озор бериш маън этилган. Бир енгилтак ва ҳаётда ўта тажрибасиз, дину эътиқодсиз, қолаверса, тарбиясиз қизнинг иши бу. Бунинг учун жамият айбдор эмас, дейди Ҳуриниссо Ализода.

Тожикистон Адвокатлар уюшмаси аъзоси Шамсиддин Гулмуҳаммадов боласини ахлатхонага ташлаб ўлдирган аёл жиноятга қўл ургани қайд этаркан, агар унинг шахси аниқланса, Тожикистон Жиноят кодексига мувофиқ, у 5 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкинлигини айтди.
XS
SM
MD
LG