Линклар

"Бир авлиë пошшо келди"

  • Сарвар Усмон

Ислом Каримовни авлиë чиқарган фермернинг ўз ерини ташлаб¸ Ўзбекистондан қочиб кетгани айтилмоқда.

Ислом Каримовни авлиë чиқарган фермернинг ўз ерини ташлаб¸ Ўзбекистондан қочиб кетгани айтилмоқда.

Ислом Каримовнинг "Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари" асари, ЎзА хабарларига қараганда, республика бўйлаб корхона, ташкилот ва таълим муассасаларида кенг ўқиб ўрганилмоқда.

Ислом Каримовнинг сўнгги китобига нафақат мамлакат ичида, балки унинг ташқарисида ҳам қизиқиш катта эканлиги бежиз эмасга ўхшайди. Зеро ЎзА хабарига қараганда, жиззахлик бир иқтисодиёт ўқитувчиси мана бундай деган:

“Президентимиз ўз асарида глобал иқтисодий инқироз сабабларини очиб берган”, дебди жиззахлик ўқитувчи.

Агар чиндан ҳам шундай бўлса, у, яъни президент китоби, албатта, ўқиб ўрганишга арзийди.

Асар Фарғона вилоят ўқитувчилар малакасини ошириш институтида ҳам ўрганилди.

- Бизда президентнинг янги китоби бўйича тадбир бўлиб ўтди. Унга ҳамма ўқитувчилар келди ва уларга ўша китоб бўйича Ҳошимова Наргиза опамиз дарс ўтдилар. Бунга икки-уч ҳафта бўлиб қолди¸ деди Фарғона вилоят ўқитувчилар малакасини ошириш институти ходими.

Мавзуни ўрганар эканмиз, президент китобини ўрганиш унинг аҳамиятига мутаносиб эмаслигига амин бўлдик.

Аҳолининг баъзи уюшмаган қатламлари, масалан, пенсионерлар иқтисодий тафаккурнинг бундай беназир маҳсулидан бебаҳра қолмоқда.

Андижонлик Солижон ака ана ўша қариялардан бири.

У киши Каримовнинг сўнгги китобини ўқиш у ёқда турсин, ҳали кўрмаптиям.

Лекин Соли акада йил ўтган сайин ноёб библиографик неъматга айланиб бораётган китоб бор.

Соли ака: Сизнинг хабарингиз борми-йўқми¸ Каримовнинг куëвининг¸ қизларининг¸ ўзининг ким билан қаерда курашганлиги тўғрисида расмлар бўлган фотоальбом чиқарилган эди. Ўша китобда Мақсудий деган куëвининг расми ҳам бор. Бу энди 10 йил олдин 86 минг сўмга олинган.

Озодлик: 86 минг сўмга сотиб олганмисиз?

- Йўқ¸ менга совға қилишган. Совға қилган одам менга 86 минг сўмга олдим¸ деб айтди. Бу китоб худди политбюронинг расмига ўхшатиб ҳамма ташкилотларга мажбурий берилган¸ дейди Соли ака.

Таниши 86 минг сўмга сотиб олишга мажбур бўлган ва кейин Соли акага совға қилган китоб унинг уйида тура турсин.

Соли ака эса, ҳозирча ўша ноёб китобга алоқаси йўқ бошқа воқеани эслайди.

- Ўтган йил август ойида қўшни маҳалламизга Каримов келди. Бир фермер билан учрашди. У киши ҳожи ака эди. Бу одам Каримовни телевизорда роса мақтади. У киши “Менинг отам ўлиб кетган. У киши “Бир авлиë пошшо келади. Шу подшо ерингларни қайтиб беради” деб айтган эди. Ўша пошшо сиз бўласиз” деди¸ дейди Соли ака.

Президентни "авлиё", деб мақтаяптими, демак ихлоси баланд экан, ке, ўша 86 мингли китобни фермерга олиб борай, суюнар, балки пулиниям берворар, деган хаёлга боради Соли ака.

- Мен унинг олдига китобни кўтариб бордим. “Ҳожи ака¸ сизбоп бир нарса бор. Шуни олиб қўйсангиз. Бу 86 минг сўмга олинган. Ҳозир жуда ҳам қиммат бўлса керак” десам¸ “Нима бу?” деди.

“Бу Каримовнинг ўзининг имзоси билан чиққан китоб” дедим. “Йўқ¸ қўйинг. Буни сотиб нима қиласиз?” деди.

“Шуни олсангиз¸ мен уч-тўрт ўртоқларим билан ош қилиб ейман” десам¸ “Китобни олмайманку¸ лекин сизнинг ўртоқларингизга бир-икки марта мен ўзим ош қилиб бераман” деб китобни олмади у¸ дейди Соли ака.

Хўш, бу гапдан кейин тилингизга қандай савол келади?

Хусусан, менинг тилимга мана бу табиий савол келди.

Озодлик: Нима учун олмади?

- “Сиз телевизорда мана шунақа дедингиз. Нимага олмайсиз?” десам¸ ўзимни алоҳида чеккага тортиб¸ “Сизга гапириш осон эканда. Бир жойга олиб кириб битта қўлимни орқамга қўйиб¸ бу нарсаларни ëдлатган. Ҳар биттаси бир миллион сўмдан қиммат турадиган 150та молим бор эди. Ҳозир 20та қолди” деди.

“Ие¸ унда нимага унақа дедингиз?” десам¸ “Яна нимага унақа дейсиз? Менинг битта қўлимни орқамга қўйиб¸ битта қўлимга ëзувни беришиб ëдлатган уни” деди.

Мен “Сиз ҳам ўзимиздан экансизку унда” дедим ва роса кулишдик. У бола андижонлик эди. Охири у бола ерни ташлаб кетворди¸ дейди Соли ака.

Гапни Ўзбекистон президентининг сўнгги китобидан бошлагандингизу¸ Соли акангиз Каримовнинг дастлабки фотоальбом-китоби билан боғлиқ воқеани айтиб ўтирибди, деб ҳайрон бўлаётгандирсиз?!

Наҳотки боғлиқлик кўрмаяпсиз?

Бояроқ, мавзуни ўрганар эканмиз, президент китобини ўрганиш вазият тақозо этаётган даражада эмаслигига амин бўлдик, аҳолининг баъзи уюшмаган қатламлари, масалан, пенсионерлар иқтисодий тафаккурнинг беназир маҳсулидан бебаҳра қолмоқда, деган эдик.

Муносиб иш ҳақи илинжида Россияда юрган бир неча миллион ўзбек мардикорлари ҳам президент китобини ўқимаётганлардан.

Улар президент китобини қанча тез ўқиса, китобда “глобал иқтисодий инқироз сабабларини очиб берган”ини, қанча тез тушунса, шунча яхши.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG