Линклар

logo-print

Президентликка номзодлар аниқланди


Эрон президентлиги учун номзод тўртала сиëсатчи ҳам диндор бўлишига қарамай¸ улардан иккитасининг ашаддий диндорлар¸ яна иккисининг эса мўътадил ислоҳотчилар лагерига мансублиги айтилмоқда.

Эрон президентлиги учун номзод тўртала сиëсатчи ҳам диндор бўлишига қарамай¸ улардан иккитасининг ашаддий диндорлар¸ яна иккисининг эса мўътадил ислоҳотчилар лагерига мансублиги айтилмоқда.

Эрон президентлиги учун беллашмоқчи бўлган 475 даъвогардан фақат тўрттаси давлат раҳбари лавозими учун номзод сифатида расман рўйхатга олинди. Улар орасида аëл ва мустақил сиëсатчилар йўқ.

12 июн кунга белгиланган президентлик сайловида эронликлар иқтидордаги президент Маҳмуд Аҳмадийнежад¸ мамлакат собиқ Бош вазири Мир Ҳусайн Мусавий¸ парламент собиқ раиси Меҳди Каррубий ва Инқилоб посбонлари кенгашининг собиқ раҳбари Муҳсин Ризодан бири учун овоз берадилар.

Посбонлар кенгаши Аҳмадийнежаднинг сайловларда қатнашиш ҳаққига эгалигини эълон қилиши билан¸ иқтидордаги президент Исроил ва жануб-шарқий Европага қадар уча оладиган ракеталар муваффақиятли синовдан ўтказилганини маълум қилди.

Халқаро ҳамжамият хавотирларини янада оширган бу янгилик¸ сайловлар олдидан Аҳмадийнежаднинг халқ орасидаги обрўсини ошириш учун қилинган ҳаракат сифатида кўрилмоқда.

Айни пайтда расмий рўйхатга олинганлар сафида икки ислоҳотчининг ҳам номи бор. Мир Ҳусайн Мусавий ва Меҳди Каррубийнинг Аҳмадийнежадга жиддий рақиб бўлиши кутилмоқда.

Сайловолди кампаниясини бошлаш учун расмий рухсат 20 май куни берилганига қарамай¸ ислоҳотчи номзодлар Аҳмадийнежадни президентлик ваколатини суистеъмол қилиб¸ кампанияни вақтидан олдин бошлаганликда айбламоқдалар.

Иқтидордаги президент рақиблари уни шунингдек Эронни иқтисодий жар ëқасига олиб келганликда ҳам айблашмоқда ва Аҳмадийнежаддан оддий халқ турмушини яхшилаши ваъда этилган нефт долларларининг қаерга кетгани борасида ҳисоб беришни талаб қилмоқдалар.

Президентнинг халқаро анжуманларда қилган чиқишлари¸ хусусан унинг яҳудийлар қатли-оми ҳақдаги баëнотлари ҳам президентликка бошқа даъвогарлар томонидан кескин танқид қилинмоқда.

- Биринчидан¸ яҳудийларнинг қирғин қилингани бор гап. Иккинчидан¸ бунақа гапларни қўзғашдан ҳеч кимга наф етмаслигини ҳатто фаластинликлар ҳам айтмоқда. Учинчидан¸ бу мавзунинг бизга нима алоқаси бор? деди жумладан собиқ парламент раиси Меҳди Каррубий.

2005 йилги сайловларда ҳам Аҳмадийнежад билан беллашган 72 яшар Каррубий¸ аввалги сайловларда нуфузли ислоҳотчилар ва талабалар таянчини қозонга эди.

Аммо аксар кузатувчилар¸ 12 июн кунги асосий рақобатнинг Маҳмуд Аҳмадийнежад билан 67 яшар Ҳусайн Мусавий ўртасида бўлишини айтмоқдалар. Ўзини фундаментал ислоҳотчи деб атайдиган Мусавий¸ ислоҳотчилар лагери етакчиси ҳисобланмиш собиқ президент Муҳаммад Ҳотамий томонидан очиқ қўллаб-қувватланмоқда.

Ўзи сайловда иштирок этмасликка қарор қилган Ҳотамий¸ тарафдорларини Мусавий учун овоз беришга чақирди.

- Мен Мусавийни диндор зиëли деб биламан. Мусавийнинг ахлоқ масаласидаги қатъияти ва халқ дардига ҳамдардлиги унинг энг ëрқин фазилатларидан биридир¸ деди Ҳотамий ўз тарафдорларига яқинда қилган мурожаатида.

Асли касбига кўра рассом ва меъмор бўлган Мусавий 8 йил давом этган Эрон-Ироқ уруши даврида Бош вазир сифатида мамлакат иқтисодини оқилона бошқарганлик учун мақталади.

Агар президентликка келса Ғарб билан кескинликни юмшатишга ҳаракат қилажагини таъкидлаëтган Мусавий айни пайтда¸ мамлакат ядровий дастуридан воз кечиш ваъдасини бераëтганича йўқ.

Эронда ўтказилаëтган ижтимоий сўров натижаларига кўра¸ президентлик пойгасида Маҳмуд Аҳмадийнежад олдинда бормоқда ва мамлакат олий руҳонийси Оятуллоҳ Ҳоманейининг ҳам айнан иқтидордаги президентни қувватлаши айтилмоқда.

Бундай сўровларнинг ҳақиқатга қанчалик яқинлиги савол остида бўлса-да¸ 12 июн куни Аҳмадийнежаднинг ғалабага эришиши кўпчилик учун кутилмаган воқеа бўлмайди.
XS
SM
MD
LG