Линклар

Кино асилзодасиз қолди

  • Абдулла Искандар

Жума куни Олег Янковский мухлислари уни сўнгги манзилга кузатадилар.

Жума куни Олег Янковский мухлислари уни сўнгги манзилга кузатадилар.

Ўзбек томошабинларига 1968 йилда суратга олинган “Қилич ва Қалқон” фильмидаги Генрих роли орқали таниш бўлган кино актëри Олег Янковский 65 ëшида Москвада оламдан ўтди.

Олег Янковскийни яқиндан билган кино устаси Олег Басиашивили санъаткорнинг вафотини “катта йўқотиш” дея баҳолади.

- Бу хабар менга яшиндек таъсир қилди. Мен унинг хаста эканлигини билар эдим¸ аммо ўлим ҳақидаги хабарни сира кутмаган эдим.

Олег Иванович Янковский яхши инсон¸ улуғ актëр ва том маънодаги катта демократ эди¸ дейди Олег Басиашивили.

Басиашивилига кўра¸ ëпиқ тузум ичида аросатда қолган инсон образини фақат Олег Янковский қиëмига етказиб ижро қилган¸ холос.

Олег Янковский бош ролни ўйнаган “Уйқудаги ва уйғоқликдаги тушлар” фильми бунга мисол бўла олади.

Олег Янковскийнинг кинода ўйнаган роллари ўзбек томошабинлари учун ҳам азиз¸ дейди таниқли ўзбек санъаткори Гулчеҳра Жамилова.

- Бу умуман санъат учун жуда катта йўқотиш. Бу одам ҳали кўп ишлар қилиши мумкин эди. Ўлимга ҳеч нима йўқ экан. Унинг ишларини¸ кинода яратган ролларини ҳаммамиз биламиз.

Унинг санъати жуда катта дарслик¸ жуда катта мактаб. У санъатда юқори даражага эга бўлган¸ жамият учун ҳам катта иш олиб борган инсон эди.

Ўзи буларнинг театрига кўз теккандай бўлди. Буюк одамлар жуда қисқа муддат ичида йўқ бўлди. Александр Абдулов ўлди¸ мана Янковский ўлди¸ ундан олдин Карачинсев автоҳалокатга учраб ҳозир оғир аҳволда.

Захаровнинг ўзи ҳам бир “театримга кўз тегди шекилли” деб айтган эди. Ҳаммамиз қайғурамиз¸ дейди Гулчеҳра Жамилова.

Гулчеҳра Жамилова фикрига кўра¸ 65 ëшида оламдан ўтган Олег Янковский ўзбек киночиларига ўрнак бўладиган санъаткор бўлган.
XS
SM
MD
LG