Линклар

logo-print

Россияда ўлдирилган ўзбеклар сони яна ошди

  • Садриддин Ашур

Россияга пул топиш илинжида кетаëтган ўзбекистонликлар миллатчи тақирбошлар нафрати ва жинояти нишонига айланмоқда.

Россияга пул топиш илинжида кетаëтган ўзбекистонликлар миллатчи тақирбошлар нафрати ва жинояти нишонига айланмоқда.

Россиянинг Магнитогорск шаҳрида уч нафар ўзбекистонлик отиб кетилди. Улар жасади 20 май куни шаҳарнинг Орджоникидзе туманидан топилган. Расмий маълумотларга кўра, Россияда йил давомида ўндан ортиқ ўзбекистонлик ўлдириб кетилган.

Россиянинг Магнитогорск шаҳрида кичик тадбиркорлик билан шуғулланадиган уч нафар ўзбекистонлик боши ва баданига теккан ўқдан ҳалок бўлган.

Бу ҳақда “РБК” ахборот агентлиги хабар тарқатди. Агентликка кўра, бу ўзбекистонликлар 6 май куни Магнитогорск шаҳрининг Агапск туманига асалари уяси сотиш мақсадида келиб, рўйхатдан ўтганлар.

Озодлик билан суҳбатда Магнитогорск шаҳар ички ишлар бошқармаси қошидаги тергов бўлими ходими бундай қотилликнинг рўй берганини тасдиқлади.

- Ҳа, шундай бўлган. Лекин ҳали тергов давом этмоқда¸ шу боис қўшимча маълумот фақат ёзма сўров орқали берилади, деди тергов бўлими ходими.

Терговчининг айтишича, айни пайтда қотиллик бўйича Россия ЖКнинг 105 моддаси 2 қисми асосида жиноий иш қўзғатилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси ходими Семён Чарний ҳам бу воқеадан хабари борлигини айтар экан, бу ишда рус миллатчилари қўли борлиги фактини инкор қилди:

- Магнитогорскда бўлган бу воқеа тижорат билан боғлиқ. Бу кўпроқ жиноий гуруҳларнинг “разбор”ига ўхшаб кетади. Чунки скинхедлар одатда ўқотар қуроллар ишлатишмайди. Уларнинг одатий қуроли пичоқ ва темир-терсакдир, дейди Семён Чарний.

Инсон ҳуқуқи фаоли сўзларига кўра, жорий йилнинг январ-феврал ойларида рус бўлмаган миллат вакилларига қарши анча кўпайган ҳужумлар кейинги ойлар давомида бирмунча пасайган:

- Шу йилнинг 13 майигача рус бўлмаганларга 86 та ҳужум қайд қилинди ва натижада 26 киши ҳалок бўлди, 80 дан ортиқ одам жароҳат олди.

Ҳалок бўлганлар орасида¸ афсуски¸ ўзбекистонликлар биринчи ўринда турибди. Улардан 10 киши ҳалок бўлган, 5 киши жароҳат олган, дейди инсон ҳуқуқлари Москва бюроси ходими Семен Чарний.

Бу биргина Москва шаҳри ва вилоятига оид рақамлар. Бироқ Москвада ишлаётган меҳнат муҳожири Ҳамидулла Норбеков фикрича, бу рақамлар аслида анча кўп бўлиши мумкин:

- Менинг эшитишим бўйича¸ бу йил бу нарса жуда ҳам кўпайди. Бу ердаги маҳаллий рус ëшлари ўзбек¸ қирғиз¸ тожик деб ўтирмайди. Гастарбайтерми бўлди¸ тўғри келганни ўлдириб кетаверади. Шуларнинг ичида ўзбекистонликлар кўп бўлаяпти¸ дейди ўзбекистонлик меҳнат муҳожири.

Ҳамидулла Норбеков фикрича, бошқа миллат вакилларидан фарқли ўлароқ Россиядаги ўзбеклар ҳолини сўрайдиган ҳеч ким йўқ.

- Ўзбекистонликлар ўлдирилса¸ ҳеч ким сўрамайди. Бир нарсани биламанки¸ шу бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари мутлақо ҳимоясиз. Халқаро ташкилотлардан ташқари уларни ҳимоя қиладиган Ўзбекистон томонидан ташкил этилган бирорта ташкилот йўқ. Чунки Россияда ўзбек диаспораси йўқ.

Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилсангиз¸ уларга фақат пул керак. Фақат пул билангина мурожаат қилишингиз мумкин.

Паспорти йўқолган болалар бир неча марта мурожаат қилишган. Камида 5000-6000 рубл билан уларга вақтинчалик паспорт қилиб беришади. Унинг ҳам муддати бир ойлик¸ холос. Ўзбекистон элчихонаси доллар¸ евро йиғадиган галалар ўтирган хона¸ дейди Ҳамидулла Норбеков.

Хоразмдаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш “Нажот” ташаббус гуруҳи бири неча йилдан буён Россияда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар тақдирини мониторинг қилиб келади.

Гуруҳ раҳбари Ҳайитбой Ёқубовнинг айтишича, 2005 йилдан буён шу пайтгача Россияда Хоразм вилоятидан 47 киши турли сабаблар билан ҳалок бўлган:

- Бизнинг қонунимизда ҳам¸ паспортимизда ҳам “Ҳар вир фуқаро давлат ҳимоясида” деб ëзилган. Лекин амалда эса¸ бу аксинча. Ҳеч ким ҳеч қандай ҳимояга олинмаган. Улар худди йўқ одамдай ўлиб кетишаяптида. Буни текширадиган¸ маълум бир қарорларга келадиган шахснинг ўзи йўқ.

Бу ерда шуни айтиш керакки¸ Россиядаги жамоат ташкилотларининг матбуот хизматлари газета ва матбуот хабарларида “шунақа ҳол бўлди” деган нарсани ўқиш мумкин. Лекин “ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бундай қилди¸ жиноятчини топди¸ иш судга оширилди” деган мақолани топа олмайсиз¸ дейди Ҳайитбой Ëқубов.

Ўз ҳаëтларининг жиддий хавф остида бўлишини била туриб ҳам¸ ўзбекистонликлар барибир Россия ва Қозоғистонга иш излаб кетяптилар.

Чунки, дейди Ҳайитбой Ёқубов¸ оддий одамларнинг Ўзбекистонда нормал иш топиши ва ишига яраша пул топиш умиди кундан-кунга саробга айланмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG