Линклар

"13 май куни Бобур майдонига президентни кўриш учун чиқдик "

  • Ҳурмат Бобожон

Андижон воқеалари сабаб ватандан¸ ўз яқинларидан айро тушган андижонлик бу аëллар¸ 13 май воқеалари даҳшатли бир туш каби эслайдилар.

Андижон воқеалари сабаб ватандан¸ ўз яқинларидан айро тушган андижонлик бу аëллар¸ 13 май воқеалари даҳшатли бир туш каби эслайдилар.

Андижон воқеаларига тўрт йил тўлиши муносабати билан 2005 йилнинг 13 май куни Бобур майдонида рўй берган қирғинни ëдга олган қочқинлар¸ ўзларининг усталик билан қўйилган қармоққа тушганларини айтадилар.

2005 йил 13 май куни Андижонда ҳукумат кучлари ёғдирган ўқ ёмғиридан омон қолиб, ўзга юртларда бошпана топган андижонлик қочқинлар ўша машъум воқеа муносабати билан чоршанба куни Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида йиғилдилар. Улар тўрт йил аввал Андижонда кўрган-кечирганларини Озодлик мухбирига сўзлаб бердилар.

Андижонлик қочқинларнинг аксари, 2005 йил 13 май куни Бобур майдонига, “Президент келар эмиш” деган гапни эшитиб, дардимизни унга айтамиз¸ деб чиқиб қолишганини айтишади.

Қонли воқеалардан олдин қамалган 23 андижонлик тадбиркордан бирининг онаси, 62 яшар Гулсора опа гапиради.

Гулсора опа: Дардингизни кимга айта оласиз? Ичимдаги ўтлар ëниб турган пайтда¸ “Эртага президент келар экан. Одамларнинг дардини эшитар экан”¸ деган гапни эшитиб қолдим.

“Худога шукур¸ мендакаларнинг ҳам гапини эшитадиган яхши президент бор экан. Ўзим юзлашиб гаплашаман. Дардларимни айтаман” деб митингга борган эдим.

Ўтирганларнинг ичида мен ҳам бор эдим. Бобур ҳайкалига қараб оналар ҳаммамиз ерда ўтирган эдик. Мен бу кунларни душманимга ҳам раво кўрмайман.

Бир пайт ўқ овозлари эшитила бошлади. Бир мен эмас¸ ўша ерда ўтирган ҳамма “Ўзимизнинг халқни отмайди. Қўрқитиш учун осмонга отаëтган бўлса керак” деб айтди. Кейин қарасак¸ улар ростакамига халқни отаëтган экан.

Атрофдагилар ўла бошлади. Биз ўртада ўтирган эдик. Ҳаммамиз ўрнимиздан турдик¸ лекин юрадиган йўл йўқ. Ҳеч ким уйига ўта олмади.

Фақат битта йўл очиқ турибди. Ўша йўлдан одамлар кетаëтган эди. Шу йўлдан бир биримизни чангаллаб ушлаб биз ҳам кетавердик. Шу тариқа сой бўйидаги чегарагача етиб бордик.

Озодлик: Чегарагача қандай ҳолатда етиб бордингизлар?

- Чегарагача жон ҳолатда бордик. У ëққа етгунимизча оëқларимиз қавариб кетди. Менку майли¸ қария бўлсам ҳам битта ўзим.

Орамизда оғироëқ аëллар ҳам бор эди. Улар ниҳоятда қийналди. Уларни шу ердаги одамлар уйларидан олиб берган замбилга солиб кўтариб олиб кетишди. Қаëққа кетаëтганимизни биров билгани йўқ. биз ҳам кетавердик¸ дейди Гулсора опа.

53 яшар Неъматжон ака ҳам “андижонликлар дардини эшитиш учун президент келар эмиш”, деган гап-сўзларни эшитиб, Бобур майдонига уч фарзандини олиб чиққанини айтади.

Неъматжон ака: Учта фарзандим билан чиққанмиз. Фарзандларимнинг қолгани ҳам чиққан эди¸ қолганларини мен йўқотиб қўйганман. Учта фарзандим ва оилам билан ҳам Қирғизисонда Тешиктошда кўришганман.

Озодлик: Қандай қилиб?

- Энди митинг бўлар экан деб чиқиб қолганмиз. “Ҳамма ўзининг муаммосини айтар экан. президент келар экан” деб эшитганимиз учун чиқиб қолганмиз. Бизнинг оилада ҳам энди ўзига яраша камчиликлар¸ қийинчиликлар бўлган.

Ўша куни кечки пайтги тўполонда ўзимни йўқотиб қўйганман. У ëғи энди ўқ ëмғири¸ табиат ëмғири бўлиб кетди. Шу билан кейин биз Руминияга келдик. Кейин эса бизни Швейцарияга олиб келишди¸ дейди Неъматжон ака.

Муҳаммаджон Андижон воқеалари пайти 15 ёшда бўлган. Ҳозир у бир ўзи Швейцарияда яшайди. Отасини Андижон воқеаларидан кейин қамашган.

Муҳаммаджон: Андижон воқеалари бўлган пайтда мен 15 ëшда эдим. Мен шу воқеалар сабабли бу ëққа келиб қолдим.

Озодлик: Ота-онангиз ҳам шу ердами?

Муҳаммаджон: Йўқ¸ мен бу ерга ўзим келганман.

Озодлик: Андижон воқеалари пайтида майдонга битта ўзингиз чиқиб қолганмисиз?

Муҳаммаджон: Йўқ¸ мен дадам ва укам билан чиққанман. Отишмадан кейин дадам ва укамни йўқотиб қўйганман. Улар Ўзбекистонда қолишди. Ҳозир битта ўзим бу ердаман. Ҳозир дадам турмада ўтирибди.

Озодлик: Нима учун?

Муҳаммаджон: Сабаби¸ дадам ҳам Андижон воқеаларида айбдор деб топилган. Ўзи дадам айбдор бўлмаган. У ерда ҳамма халқ ўзининг дардини айтгани чиққан. Мен бу ëққа келиб қолганлигим учун “Сенинг ўғлинг чиққан экан. Сен ҳам чиққансан” деган гумон билан қамоққа ташланган.

Озодлик: Неча йилга қамалган?

Муҳаммаджон: Беш йилга.

Озодлик: Ўша пайтда беш йилга қамалган бўлса¸ демак ҳозир тўрт йил бўлиб қолди.

Муҳаммаджон: Энди дадам Андижон воқеаларидан кейин олти ой ўтиб қамалган.

Озодлик: Бу воқеалар ҳақида сиз нима деб ўйлайсиз?

Муҳаммаджон: У ерда ҳамма халқ ўзининг дардини айтиб чиққан ҳолат бўлган. Бу нарсани текширувчилар келиб текширсин. Ким ноҳақ бўлса¸ жазоланишини¸ адолат юзага чиқишини истайман.

Озодлик: Ўзбекистон судичи?

- Мен Ўзбекистон судига ишонмайман. Мустақил текширувчилар келиб текширишларини истайман мен¸ дейди Муҳаммаджон.

Ўз исмини айтишни истамаган андижонлик қочқинлардан бири яқинда Европадан бошпана топди. У Ўзбекистонда қолган қариндошлари хавфсизлигини ўйлаб исмини айтишни истамади.

- Ўқ овозлари эшитилди. Биласизми¸ армия келди. Бизнинг уйларимизнинг олдиларига армия эмас¸ нацистлар келди. Уларнинг юзларига қора ниқоб ўралган эди. Улар “деразадан қарайдиган бўлсанг ҳам отаман” деди.

Ҳаммани ўраб олиб соат 11-12 гача отди. Бир томондан ëмғир ëғаяпти. Мен вертолëтда отган бўлса керак деб ҳам ўйлайман. Чунки икки марта вертолëт келди.

Ëшлар томоша қилгани чиқди. Улар кеч соат 11-12 ларгача отгани учун биз ҳеч ким қолмади деб ўйладик. Мен қиëмат бўлади деб ўйлаган эдим.

100 тача ўликни қўйиб қўйган ва бошқа ҳамма ўликларни ташиган экан. Мен ҳали бир томонини айтаяпман. Улар ўликларни сой томонга¸ клиника томонга ҳам ташиган экан.

Озодлик: Сиз ўликлар борлигини қаердан билдингиз?

- Масалан¸ сиз мана бир уйда турибсиз. Битта уйдан кейин ўша машина кетаяпти. Ҳалиги КамАЗ секин¸ залворли тебраниб кетаяпти.

Тўғрисини айтсам¸ мен ўликлар ташилаëтган томонга чиқиб келганман. Ўша ерда бир-икки ўликни ëтқизиб қўйган экан. Ўликнинг тепасида хат ëзиб қўйган экан.

Ўша хатда “Мен ҳам яшамоқни истардим. Менинг ҳам оилам¸ болаларим бор эди” деб ëзиб¸ расмларини қорнига чиқариб қўйган экан. Лекин мен кимлигини билмайман.

Қонларни ювиб кеткиза олмасдан устидан асфалт қилганларини кўрганман.

Озодлик: Қайси томон отди?

- Энди “Ëш болалар ҳам ўлибди. Ўликлар омборхонада турган экан” дейишди. Жуда ҳам даҳшатли ҳолатлар бўлди. Ўшанда “ҳукумат одамлари отди” дейишди.

Ярадорларни вилоят касалхонасига олиб кетишибди. Лекин ярадорларнинг бирортаси уйига қайтмади. Биз гўрковларнинг ва умуман кўпчиликнинг сирли равишда йўқолиб қолаëтганини эшитдик.

Озодлик: Одамларни сўроқ-савол қилганлиги ҳақида нима дейсиз.

- Дейлик “Дамас” машинасида кетаëтган пайтда ҳам “ҳукумат одамларни отди” деб гаплашган одамларни олиб кетиб¸ сўроқ қилганини эшитдик. Шунинг учун уйда бўлсин¸ кўчада бўлсин одамлар шу воқеа тўғрисида гапиргани қўрқардилар. Жумладан мен ҳам¸ дейди ўз исмининг ошкор қилинишини истамаган андижонлик қочқин.

Унинг айтишича, Андижон воқеасидан сўнг қочқинларнинг Ўзбекистонда қолган яқинларини сўроқ қилишлар тинмаган. Андижон воқеаларига боғлиқ одамларга босимлар кучайган. Бунинг натижасида қочқинларнинг янги тўлқини пайдо бўлган. Суҳбатдошимиз таҳқиромуз сўроқлар ва босимларга дош бера олмай, Андижондан кетишга аҳд қилганини айтади.

- Яхшилик бўлса¸ тазйиқлар бўлмаса¸ кўп одам чиқиб кетмас эди¸ деб ўйлайман¸ дейди андижонлик қочқин.

Суҳбатдошимиз ўзи кўрганлари асосида ҳалок бўлганлар сони ҳукумат айтган рақамдан кўп бўлган бўлиши мумкинлигини айтади.

Ўзбекистон ҳукумати Андижонда 187 киши ҳалок бўлганини, уларнинг аксари исломий жангарилар бўлганини айтиб келади.

2005 йил кузида “Андижон ҳодисаларининг ташкилотчилари” устидан Тошкентда маҳкама бўлиб ўтди, Андижондаги ҳодисаларга алоқадор бошқа маҳкамалар ёпиқ тарзда ўтказилди. Ўзбекистон ҳукумати Ғарбнинг Андижон юзасидан мустақил текширув ўтказиш талабини рад этиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG