Линклар

Тақирбошлар жазаваси сусаймаяпти


Сўнгги беш йил мобайнида россиялик тақирбошлар ва ултрамиллатчилар 300 кишининг бошига етдилар.

Сўнгги беш йил мобайнида россиялик тақирбошлар ва ултрамиллатчилар 300 кишининг бошига етдилар.

Кейинги тўрт йил мобайнида Россия, Қозоғистон ва Украинада 47 нафар хоразмлик мардикор ўлдирилган. Бу ҳақда Озодликка Хоразмдаги “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакиллари маълум қилдилар.

Хоразм вилояти Хива шаҳрида яшаган 24 ёшли Шерзодбек Солаев 15 ёшидан бошлаб Россияда мардикорлик қилиб келарди.

У жорий йилнинг 15 апрел куни Россиянинг Твер шаҳрида номаълум шахслар томонидан пичоқлаб ўлдирилган.

Хоразмдаги “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубовга кўра, Шерзодбекнинг ўлими хоразмлик мардикорлар билан боғлиқ жорий йилдаги энг сўнгги нохуш ҳодисадир.

- Энг охирги ўлим бу Россиянинг Твер шаҳрида бўлиб ўтган. Хивалик Солаев Шерзод деган йигит рус миллатчилари томонидан ўлдирилган. Ҳозирги кунда ўлиб келган хоразмлик ишчи-мигрантлар сони 47 га етди. Қотилликларнинг аксари рус миллатчилари ва маҳаллий аҳоли томонидан содир этилган, деди Ҳайитбой Ёқубов.

“Нажот” ташкилоти 2006 йилдан бошлаб хоразмлик мардикорлар ўлими билан боғлиқ ҳолатларни мониторинг қилиб келаяпти.

Ҳайитбой Ёқубовга кўра, кейинги тўрт йил мобайнида ўлдирилган 47 хоразмликдан айримларининг жасадларини уйларига келтириш имкони бўлмаган.

- Жасадлари Россияда қолиб кетганлари ҳам бор. Бу молияга боғлиқ нарса. Кимнинг қўлида пули бўлса, шулар олиб келаяпти, холос.

Жасадларнинг олиб келинишига давлат томонидан ëки ташкилотлар томонидан молиявий ëрдам берилмаган. Фирмада ишлайдиган бўлса, озгина ëрдам қилинган, холос, деди Ҳайитбой Ёқубов.

“Нажот” ташкилоти мониторинги натижаларига кўра, хоразмлик мардикорлар, асосан, Россия, Қозоғистон ва Украинада ўлдирилган.

Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроевга кўра, кейинги пайтда рус ирқчилари томонидан содир қилинаётган жиноятлар сони камаймаяпти.

- Россиядаги ўлим ҳолатлари ҳеч озайгани йўқ. Кеча Магнитогорск шаҳрида уч-тўртта ўзбекни ўлдирганлар.

Россияда ўзбеклар учун катта хавф туғдираётгани бу тақирбошлардир. Ўзбекларнинг кўпчилиги асосан тақирбошлар томонидан ўлдирилади, деди Баҳром Ҳамроев.

Ўтган йили қўқонлик 22 ёшли Зикриёхон Жалилов ҳам тақирбошлар ҳужумига дуч келганди. У тақирбошлар томонидан ҳеч қандай сабабсиз калтаклаб кетилган.

Зикриёхон ўша пайтда Озодликка берган интервьюсида уни тақирбошлар темир билан савалагани ва дўстларининг вақтида етиб келгани боисгина ўлмай тирик қолгани ҳақида гапирганди.

-Бу Подмосковеда бўлган. Скинхедлар мени электричкадан олиб чиқиб уришди. Билмадим, улар нима хоҳлашди экан. Олиб чиқиб “чëрний”¸ “чурка” деб аёвсиз калтаклашди. Улар 10 нафар эди. Темир билан уришди. Оёғим ва юзимда темир излари қолган, деганди Зикриёхон калтакланганидан бир ҳафта ўтиб.

Аксар кузатувчилар Россияда миллатчиликнинг ривожланишини Кремл юритаётган сиёсатдан излаш кераклигини айтишади.

Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари эса, Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, бу жиноятлар айнан миллий тоқатсизлик ҳосиласи эканини ҳамма вақт ҳам тан олавермайди.

- Бу ўлимларга кимлардир жавоб бериши керак. Лекин биз Россия ҳукуматидан ëки милиция бошлиқларидан аниқ жавоб ололмаймиз.

Шу пайтгача қанақа кураш олиб борилаëтгани¸ буни тўхтатиш борасида қандай ишлар қилинаëтганини ҳақида очиқ тарзда бирор-бир давлат раҳбари ëки Дума депутатлари чиқиб, очиқ муҳокама қилиб гапирганини кўрганимиз йўқ.

Раҳбарлар ҳозиргача жим турибди. Ҳеч муносабат билдиришмаяпти. Тақирбошларга қарши чиқмасликнинг ўзи аянчли, дейди Баҳром Ҳамроев.

Ҳуқуқ фаоллари тарқатган маълумотга кўра, Россиядаги рус миллатчилари сони тахминан 70 минг нафарни ташкил қилади.

Россияда кейинги беш йил давомида жами 300 дан зиёд одам рус миллатчилари қурбони бўлган.
XS
SM
MD
LG