Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:54

Дала қўмондонлари қайтмоқдами?


Расмийларга кўра¸ Тожикистон ҳарбийлари Помир тоғлари¸ хусусан Тавилдарада олдиндан режалаштирилган машғулотлар ўтказилмоқда¸ холос.
Расмийларга кўра¸ Тожикистон ҳарбийлари Помир тоғлари¸ хусусан Тавилдарада олдиндан режалаштирилган машғулотлар ўтказилмоқда¸ холос.

18-20 май кунлари қатор ахборот агентликлари Тожикистон шарқий ҳудудига Афғонистон ва Покистондан қуролли кишилар ўтгани борасида хабар тарқатди. Аммо расмий Душанбе бу ҳақдаги маълумотларни рад этмоқда.

Тожикистон шарқида жойлашган Тавилдара туманига элтувчи катта автомобил йўлининг 18 майдан эътиборан расман беркитилиши ва ўша ҳудудга ҳукумат кучларининг сафарбар қилиниши ортидан тожикистонликлар орасида мазкур ҳудудга қўшни Афғонистон ва Покистондан қуролли гуруҳлар ўтгани ҳақида овоза тарқалди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Маҳмадулло Асадуллоев бу гапларнинг шунчаки миш-миш экани айтаркан, куч ишлатар тузилмалари ходимларининг Рашт водийсига боришини у ерда наркотиклар ноқонуний савдосига қарши кенг кўламли “Кўкнор-2009” амалиёти бошлангани билан изоҳлади.

- Раштга борган гуруҳнинг вазифаси бу водийда ноқонуний экилаётган банг моддалари майдонларини аниқлаш ва бунга дахлдор шахсларни қўлга олишдан иборат. Рашт водийсида бегона қуролли гуруҳларнинг пайдо бўлганига оид хабарларда асос йўқ, деди у.

Аммо фуқаролар уруши чоғида дала қўмондони бўлган Мирзохўжа Аҳмадов Рашт водийсида кўкнор майдонларининг мавжудлигига доир маълумотлар ва бу майдонларни аниқлаш учун ҳукумат кучларининг Тавилдарага сафарбар этилиши шубҳали эканини билдирди.

- Алҳамдулиллоҳ, мусулмонмиз. Биз шунча вақтгача наша экмаганмиз, бундан Худо асрасин, деди собиқ дала қўмондони.

Мирзохўжа Аҳмадовнинг таъкидлашича, Тавилдара тумани ва умуман Рашт водийси шароитида мутлақо кўкнор етиштириб бўлмайди.

Би-Би-Сининг норасмий манбаларга таяниб хабар қилишича, Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг мамлакат шарқида шошилинч амалиёт ўтказишига бу ҳудудга қўшни Афғонистон ва Покистондан қуролли гуруҳларнинг ўтганига доир маълумотлар сабаб бўлган.

Айни пайтда мазкур қуролли шахсларнинг тожик дала қўмондонларидан бири мулло Абдулло Раҳимовнинг одамлари экани айтилмоқда.

Айрим норасмий маълумотларга кўра, Абдулло Раҳимов Рашт водийсининг Пастароғу Пуштароғ қишлоқларига кирган. Ҳукумат кучлари бу ҳудудга сафарбар қилинганидан кейин эса у ва унинг билан бирга бўлган шахслар тоққа чиқиб кетганлар.

Озодлик радиоси тожик хизматининг Рашт туманидаги мухбири Тавилдарадаги вазият билан танишар экан, ўша ҳудуд аҳолиси билан суҳбатлашганини ва улар ҳам айни маълумотларни тасдиқлашганини хабар қилди.

Аммо расмий Душанбе мамлакат шарқига шубҳали кишилар ўтганига доир хабарларни расман тасдиқламаяпти.

Мустақил таҳлилчилар эса Покистон армияси билан толибон жангарилари ўртасидаги тўқнашувларда заифлашган мужоҳидлар, хусусан, асли тожикистонлик мулло Абдулло Раҳимов Тожикистон шарқидаги тоғларда яшириниб юрган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

Собиқ тожик мухолифати лидерларидан бири мулло Абдулло Раҳимов Тожикистон ҳукумати билан мухолифат ўртасидаги миллий ярашувни ҳазм қила олмагач, 2000 йил ўзига қарашли одамлар билан Афғонистонга ўтиб кетган эди.

Кейинчалик мулло Абдулло гуруҳи Афғонистондаги толибон гуруҳига қўшилган борасида хабарлар тарқалганди. Аммо бу маълумотлар ҳалига амалдаги тожик расмийлари томонидан расман тасдиқланмай ёки инкор этилмай келади.
XS
SM
MD
LG