Линклар

Помидорфуруш қайда қолди?

  • Сарвар Усмон

Бир неча ўн йиллар давомида Ўзбекистон Россия ва бошқа иттифоқ республикалари бозорларини мева ва сабзавот билан тўлдириб келган асосий таъминотчи эди.

Бир неча ўн йиллар давомида Ўзбекистон Россия ва бошқа иттифоқ республикалари бозорларини мева ва сабзавот билан тўлдириб келган асосий таъминотчи эди.

Андижон вилоятидаги қишлоқлардан мева-сабзавот экспорти ҳажми мустақиллик даврида камида 10 бараварга қисқариб кетди. Бу фикрни 32 йил давомида Россияга сабзавот олиб бориб сотиш билан шуғулланган андижонлик билдирди.

Андижонлик сабзавотфурушни суҳбатга тортишимизга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Тоҳир Шаймоновнинг тилга олганимиз мавзу юзасидан маҳаллий матбуотда қилган чиқиши сабаб бўлди.

Депутатнинг Озодлик саволига берган жавоби олдинда.

Ҳозир эса, андижонлик сабзавотфуруш Миркомил аканинг айтганларидан масала моҳиятини тушуниб олишга ҳаракат қиламиз.

Андижон вилоятидаги қишлоқлар аҳолисининг муайян қисми совет даврида Россияга мева-сабзавот, асосан, помидор олиб бориб сотиш билан шуғулланганини кўпчилик билади.

- Мен 1971 йилдан 2003 йилгача шу иш билан шуғулланганман. Умримиз шу билан ўтди¸ шу билан тирикчилик қилдик¸ шу билан бола-чақа боқдик¸ дейди Миркомил ака

“Юк чиқармоқ” - сабзавотфуруш тилида “Ўзбекистондан бошқа давлатга мева-сабзавот жўнатмоқ” дегани.

- Биз яшайдиган қишлоқда 4500 аҳоли бўлса¸ 80 та билан 100 та одам орасида юк чиқаришарди. Бу одамларнинг энг кам юк қилгани 500 кило. Икки-уч киши 10-15 тонналик КамАЗни тўлдириб юк қилиб кетаверишар эди.

Ҳар 10 та одам битта машина тўлдирганда ҳам¸ бир чиқишда 10 та КамАЗ юк чиқиб кетарди. Бу энг камида уч-тўрт марта¸ ҳаттоки 10 марта такрорланадиган нарса¸ дейди Миркомил ака.

Демак, Миркомил ака яшаётган, аҳолиси 4500 кишилик қишлоқдан Совет даврида тақрибан 100 киши ўзининг ҳамда қўни-қўшниларнинг томорқаларида етиштирилган помидорни Россияга олиб бориб сотиш билан шуғулланган.

Пишиқчилик мавсумида, дейди Миркомил ака:

- 100-200 тонна ўртасида юк чиқиб кетарди. Масалан¸ бизнинг ўзимиз уч киши битта машина қилардик. Биринчи машинаси жўнатиб юбориб¸ у машина етиб боргунча¸ иккинчи машинани тўлдириб ўзимиз самолëтда учиб кетардик. Уч киши бир жўнатганда 20-25 тонна юк жўнатардик¸ дейди Миркомил ака.

Ўша йиллари Андижон қишлоқлари йўлларини чангитган машиналарнинг мутлақ кўпчилиги помидорнинг пулига келар эди.

Хўш, шу кундачи?

Миркомил ака: Ҳозирги кунда¸ буни компания дейди¸ уч киши 18-20 тонналик КамАЗни тўлдиришмоқда. Шундан бошқа чиқарадиган одам йўқ.

Озодлик: Сизларнинг қишлоқларингиздан чакана экспорт ҳажми тахминан қанчага қисқариб кетди?

- 15-20 баробарга дейиш ҳам мумкин. Аслида бундан ҳам кўп¸ дейди Миркомил ака.

Шу ўринда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Тоҳир Шаймонов маҳаллий матбуотда келтирган мана бу маълумотни эшиттирмоқчимиз:

“Ўзбекистонда йилига қарийб 9,5 миллион тонна мева, сабзавот, узум, картошка ва полиз маҳсулотлари етиштирилади. 2008 йили, шунча маҳсулотнинг 386 минг тоннаси экспорт қилинган”.

Демак, ҳосилнинг тақрибан 30дан бир қисмигина ташқарига сотилган. Балки шунинг учун ҳам бу йил Ўзбекистон бозорларида сабзининг килоси 100 сўмга тушиб кетгандир?

Хўш, мева-сабзавот экспорти ҳажмининг кескин қисқариб кетгани боиси нимада?

Депутат Шаймоновнинг фикрича, “хусусийлаштирилган тайёрлов ташкилотларининг янги эгалари аҳолидан мева-сабзавот сотиб олиб, экспорт қилишнинг самарали механизмини ишга сола олмади”.

Миркомил ака эса, мана бундай деди:

- Вазирлар маҳкамасининг четга қишлоқ хўжалик маҳсулотларини чиқармаслик тўғрисида қарори чиққан. Айниқса¸ Қозоғистон билан¸ дейди Миркомил ака.

Шу жойда Миркомил аканинг гапини тўхтатамиз.

Чунки масаланинг у киши айта бошлаган жиҳати алоҳида мақола учун мавзудир.

Аҳволни ўнглаш учун эса, Миркомил аканинг фикрича, биринчи навбатда, тайёрлов билан шуғулланадиган корхоналар фаолиятига йўл очиш керак.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Тоҳир Шаймонов эса, Озодлик мухбири билан мулоқот чоғида мана бундай деди.

- Экспорт ҳажмини кўпайтириш учун биринчи навбатда ишлаб чиқаришни кўпайтиришимиз керак. Ердан унумли фойдаланиш масаласини кўришимиз керак¸ деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Тоҳир Шаймонов.
XS
SM
MD
LG