Линклар

Ўзбек жангарилари толиблар учун жанг қилмоқда

  • Алишер Сиддиқ

Маҳаллий кузатувчиларга кўра¸ Покистон армиясига артиллерия ҳужуми уюштираëтган моҳир мерганларнинг кўпчилиги ўзбеклардир.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра¸ Покистон армиясига артиллерия ҳужуми уюштираëтган моҳир мерганларнинг кўпчилиги ўзбеклардир.

Покистон ҳарбийларига кўра¸ Афғонистондан Сват минтақасига ўтишга ҳаракат қилган ўзбек жангариларининг уч нафар қўмондони қўлга олинган. Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқадорлиги тахмин қилинаëтган бу шахслар номи ҳозирча ошкор этилгани йўқ.

Хабарларга кўра, толибон жанггариларига ёрдамга шошилган ўзбекистонлик жанггариларнинг уч қўмондони Сват минтақаси яқинида қўлга олинган. Учала қўмондоннинг ҳозирда сўроқ қилинаётгани айтилаётир.

Уларнинг шахси номаълум қолаётган эса-да, тахминларга кўра, бу қўмондонларга Ўзбекистон исломий ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдош бошчилик қилади.

Пешоварлик журналист Иқбол Хаттак ўзбекларнинг Сватда оғир вазиятда қолган толибларга ёрдамга шошилиши бежиз эмас, дейди. Унга кўра, толиблар учун ўзбекистонлик жангчилар алоҳида малакалари сабабли қимматлидир.

- Покистонлик толиблар ўзбек жанггариларидан жуда самарали фойдаланади. Қаерда шиддатли жанглар бўлаётган бўлса, толиблар айнан ўзбекларни ёрдамга чақиради. Ўзбек жангарилари артиллериядан моҳирона фойдаланишни билади ва Покистон армиясига жиддий талофат етказади. Менга айтишларича, ўзбеклар сўнгги томчи қони қолгунча урушар экан¸ дейди пешоварлик журналист.

Покистон армияси матбуот котиби Атҳар Аббос ўтган бир неча кун давомида Сват минтақасида ўлдирилган жанггарилар орасида камида 23 ўзбек борлигини тасдиқлади.

Хўш¸ асосан ўзбек ва тожик жангариларидан иборат гуруҳлар ўз асосий нишони деб эълон қилган Марказий Осиё минтақасидан анча олисда нега сўнгги томчи қони қолгунча курашмоқда?

Покистонлик таниқли журналист ва ëзувчи Аҳмад Рашид бунинг сабаблари исломчиларнинг нафақат биродарлик алоқалари кучли экани балки ўзаро ёрдамдан уларнинг манфаатдорлиги билан ҳам боғлиқ, дейди.

-Уларнинг Ал-Қоида ва толибон билан алоқалари кучли. Ўзбекистонлик жангарилар улардан қурол-аслаҳа ва бошқа зарур нарсаларни олади. Эҳтимол¸ бу гуруҳлар Марказий Осиёга қарши жиддий хужум уюштиришга тайёр бўлганларида, Ал-Қоида ва толибон ҳаракати уларга мадад берар. Ҳозирча, ўзбеклар толиблардан ўз ёрдамини аямаяпти¸ дейди Аҳмад Рашид.

Покистон ва Афғонистондаги марказий осиёлик жангариларнинг аниқ сони маълум эмас.

Маҳаллий кузатувчилар улар умумий сонининг 4-5 минг кишидан ортмаслигини тахмин қилади. Покистон томони кейинги амалиëтлар давомида хориж жангариларига анча талофат етказилганини таъкидлаётган бўлса ҳам, сўнги пайтларга улар сафига янги кучлар қўшилаëтганига оид хабарлар ҳам йўқ эмас.


XS
SM
MD
LG