Линклар

Обама Гуантанамога оид режаларини ёйинлади


Бугун АҚШ президенти Барак Обама миллий хавфсизлик масаласида нутқ сўзлади.

Барак Обама ўз таклифи Сенат томонидан рад этилишига қарамай, Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш борасида берган ваъдаларига содиқ қолажагини таъкидлади.

Обама фикрича, терроризмда гумонланган шахслар учун мўлжалланган бу қамоқхонанинг фаолият юритиши жаҳонда Америка қадриятлари устиворлигига зиён етказган. Бундан ташқари Обамага кўра, Гуантанамо қамоқхонаси АҚШ хавфсизлигини заифлаштирган.

- Қамоқхонанинг фаолият юритиши террорчиларни ҳибсга олиш учун эмас, балки улар сонини оғиришга хизмат қилган бўлиши мумкин, деди Обама ўз нутқида.

Шунингдек, Оқ уй раҳбари айрим маҳбусларнинг АҚШ ичкарисидаги яхши қўриқланаётган қамоқхоналарга кўчирилиши¸ бироқ мамлакат хавфсизлигига жиддий таҳдид келтириши мумкин маҳбуслар озод этилмаслигини ҳам маълум қилди.

Чоршанба куни АҚШ Сенати террорчиликка алоқадорликда гумонланган маҳбуслар сақланаётган Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш учун 80 миллион доллар маблағ ажратиш ҳақидаги Обама таклифни қўллаб-қувватламади.

Конгресс вакилларининг таъкидича, 240 нафар маҳбусдан биронтасини АҚШга олиб келиш мамлакат хавфсизлигига катта таҳдид солиши мумкин.

Бундан бир оз аввал АҚШ бош прокурори Эрик Ҳолдер Ал-Қоидага алоқадорликда гумон қилиниб, ҳозирда Гуантанамода сақланаётган Аҳмад Ғаланий ишининг Нью-Йорк судига оширилишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG