Линклар

Обама икки ўт орасида қолди


Пайшанба куни АҚШ миллий хавфсизлиги мавзуидаги маърузасида президент Обама¸ Америка хавфсизлик даъвосида инсон ҳуқуқлари борасидаги қадриятлардан воз кечмаслигини таъкидлади.

Пайшанба куни АҚШ миллий хавфсизлиги мавзуидаги маърузасида президент Обама¸ Америка хавфсизлик даъвосида инсон ҳуқуқлари борасидаги қадриятлардан воз кечмаслигини таъкидлади.

Нью Йорк Таймс газетасига кўра, Пентагоннинг ҳозирча эълон қилинмаган ҳисоботида Гуантанамо қамоқхонасидан озод қилинган ҳар етти маҳбусдан бирининг яна террорчилик ёхуд жангарилик фаолиятига қўл ургани айтилган.

АҚШ президенти Барак Обама Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш ваъдаси устидан чиқиш ҳаракати ўлароқ, пайшанба куни АҚШ миллий хавфсизлигига оид мурожаатга тайёрланаётган бир пайтда, Пентагоннинг ҳисоботига оид хабарларнинг пайдо бўлиши бу ваъдани бажаришни янада қийинлаштириши мумкин.

Нью Йорк Таймс газетаси Пентагоннинг эълон қилинмаган ҳисоботидан иқтибос келтириб, Гуантанамо қамоқхонаси собиқ маҳбусларининг 14 фоизи яна террорчилик ва жангарилик фаолиятига қўл урганини хабар қилди.

Федерал қидирув бюросининг директори Роберт Мюллер чоршанба куни АҚШ Сенатида кўрсатма бериб, Гуантанамодаги маҳбусларни АҚШ ҳудудидаги қамоқхоналарга кўчириш уларнинг мамлакат ичида янги террорчи ҳаракатларини амалга ошириш эҳтимолини кучайтириши мумкинлигини таъкидлади.

Лекин Гуантанамо маҳбуслари АҚШдаги қамоқхона ичидан туриб террорчилик ҳаракатини бевосита амалга ошириши мумкинми, деган саволга Мюллер:

- Агар жисмоний хавфни назарда тутаётган бўлсангиз, улар қамоқдан қочиб, ҳужумни амалга ошириши мумкинми, деб сўраётган бўлсангиз, йўқ”, деб жавоб берди.

Нью Йорк Таймс газетасига кўра, Пентагон ҳисоботида Гуантанамодан шу пайтгача 534 маҳбуснинг бошқа мамлакатларга кўчирилгани айтилган. Улардан 74 нафари – ёки ҳар еттисидан бири – террорчилик ёки жангарилик фаолиятига қўл урган.

Пентагон ҳисоботида улардан 29 нафари номма-ном келтирилган¸ қолган 45 нафари исмининг миллий хавфсизлик сабабларига кўра сир сақланиши айтилган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Пентагоннинг Гуантанамога оид аввалги ҳисоботларини, уларда далил, исбот ва бошқа тафсилотлар келтирилмагани важидан шубҳа остига олишган эди.

Барак Обама январ ойида, президентлик вазифасига киришиши билан Гуантанамо қамоқхонасини келаси йил бошида ёпишга оид фармонни имзолаган эди.

Лекин бу ваъдани бажариш учун Гуантанамода қолаётган 240 маҳбус ё бошқа мамлакатлардаги ҳибсхоналар, ё АҚШ ҳудудидаги қамоқхоналарга ўтказилиши лозим.

Бу маҳбусларнинг баъзиларини Қўшма Штатлар ҳудудига олиб келиш ғоясига ҳам демократлар, ҳам республикачилар қарши чиқиб келмоқда.

Чоршанба куни АҚШ Сенати Обаманинг Гуантанамо қамоғини ёпиш мақсадига 80 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш сўровини рад этди.

Айни пайтда, баъзи сенаторлар Гуантанамо қамоқхонаси ёпилмаса, у АҚШ миллий хавфсизлигига каттароқ таҳдид бўлиши мумкинлиги ҳақида баҳс этмоқда.

Хусусан¸ Иллинойс штатидан демократ сенатор Дик Дурбин Гуантанамо каби муассасалар ва улардаги маҳбусларга нисбатан муносабатларга оид матбуотда пайдо бўлаётган хабарлар Америкага нисбатан адоватни қўзғайди, деган ишончда.

-Абу Ғрайб ва Гуантанамодаги воқеалар Қўшма Штатлар обрўсига путур етказди ва ўнлаб йиллар давомида эришганимиз иттифоқчиларимиз билан муносабатларимизни хавф остига қўйди. Президент Обама буни ўзгартиришга ҳаракат қилаяпти. Гуантанамони ёпиш ва маҳбусларни масъулиятли равишда хавфсиз жойларга кўчириш орқали у бутун дунёга Америка ташқи сиёсати ўзгараётганига оид муждани юборади, деди демократ сенатор.

Пайшанба куни Барак Обама ҳам миллий хавфсизликка оид мурожаатида айни фикрларни қайта-қайта таъкидлади.
XS
SM
MD
LG