Линклар

"Тагигача борсангиз¸ сиëсатга ўхшаяпти"

  • Барно Анвар

Ҳуқуқ фаолларига кўра¸ Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида соқчи бўлиб ишлаган Қаюм Ортиқовдан элчихона ва унинг ходимларига қарши кўрсатма бериш талаб қилинмоқда экан.

Ҳуқуқ фаолларига кўра¸ Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида соқчи бўлиб ишлаган Қаюм Ортиқовдан элчихона ва унинг ходимларига қарши кўрсатма бериш талаб қилинмоқда экан.

Ўзбекистон расмийлари халқаро майдонда кўз-кўз қилаëтган одам савдосига қарши кураш жараëнига ҳам¸ Озодликка мурожаат қилганлар фикрича¸ катта сиëсат аралашган ва яна бегуноҳ одамлар бу сиëсат қурбонига айланмоқда.

Бугунги эшиттиришимизда Тошкент вилояти, Чирчиқ туманида истиқомат қиладиган Моҳира Ортиқованинг Озодликка қилган мурожаати билан таништирмоқчимиз.

Моҳира Ортиқованинг турмуш ўртоғи Қаюм Ортиқов одам савдоси билан шуғулланганликда айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилган ва ҳозир Тоштурма қамоқхонасида қийноққа солинмоқда.

Биз воқеага алоқадор томонларни суҳбатга тортдик.

- Одам сотганликда айбланган Қаюм Ортиқовнинг рафиқаси Моҳира Ортиқова:

“Мен судни қанақа тушунаман? Суд деган нарса оқни оққа¸ қорани қорага ажратади. Айбдорнинг айбини исботлаб бериб¸ бўйнига қўйиб кейин унга ҳукм чиқариш керак тўғрими? Ҳеч бунақа нарса бўлмадида”.

- Қаюм Ортиқов Россияга олиб бориб сотиб юборган жабрдийда, деб ҳисобланган Хайрулла Ҳазратқулов:

“Одам савдоси бўлганда эди¸ у бизни сотганда эди¸ биз у ерга бориб эмин-эркин ишлаб кела олмас эдик”.

- Қаюм Ортиқовнинг қамалиши ортида сиёсий сабабларни кўргани боис, Ўзбекистондан чиқиб кетган укаси Самандар Ортиқов:

“Билмадим опа. Сиëсатга аралашишга кучим етмайдию¸ лекин тагигача борсангиз¸ сиëсатга ўхшаб тушунаяпман мен”.

Моҳира Ортиқованинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, Қаюм Ортиқов кўп йиллар давомида Чирчиқ туманидаги ҳарбий ўқув юртида ишлаган. Кейин эса соғлиги тўғри келмагани боис, бу ишдан кетган ва Британиянинг Тошкентдаги элчихонасига қоровул бўлиб ишга кирган. Беш йилдан буён элчихонада ишлаб келаётган эди.

Моҳиранинг сўзларига кўра, ўтган йили декабр ойида уни одам савдосида айблаб, қўлга олишган. Моҳира турмуш ўртоғига қўйилган айбловни асоссиз деб ҳисоблайди ва унинг бу ҳақдаги мурожаатлари эътиборсиз қолдирилмоқда.

Бундан ташқари, Ортиқовнинг устидан судга даъво аризасини киритган томон даъвосини қайтиб олган ва унинг 6 йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисидаги суд ҳукми устидан даъвогар томоннинг ўзи аппеляция тартибида шикоят аризаси киритган.

Моҳира Ортиқова: У қишлоқдошларига ëрдам қилмоқчи бўлган. Ундан Россияга жўнатадиган фирмадан иш топиб бер¸ деб илтимос қилишган эди.

Чилонзорда Россияга ишга жўнатадиган фирма бор экан. У шу фирмадан иш топди ва ўша фирма жавобгарлигида жўнатиб юборди.

Озодлик: Фирманинг номини биласизми?

Моҳира Ортиқова: “Веста-Лемакс” деган фирма. Директори Екатерина Иноземцова Алексеевна деган аëл.

Бу одамлар у ëқда¸ яъни Россияда уч-тўрт ой ишлаган. Қанақадир иши юришмаганми¸ охирги ойда ишчиларга ойлик бера олмаган.

Охирги ойликни олиш мақсадида¸ бу одамлар менинг эримни МХХ га¸ ИИВ га ëзиб беришган.

Эрим фирманинг директорига “Жўнатган одамларингиз қайтиб келибди. Шунақа бўлибди” деб айтган. Фирма директори “Ҳозир менда нақд пул йўқ. Агар иложи бўлса¸ ўзинг бирор жойдан топиб бериб тургин. Кейин мен завод раҳбари билан гаплашиб¸ пулингни олиб бераман” деган.

Эрим хўп деган ва жамғармамиздаги 3500 доллар пулни уларга 500 доллардан бўлиб бериб келган. Кейин у одамлар бориб берган аризасини қайтиб олишган ва “даъвомиз йўқ” деб ëзиб беришган.

Завод директорининг номига билдириш хати ҳам ëзишган. Аризасини қайтариб олишган бўлса ҳам¸ 29 январ куни суди бўлди.

Озодлик: Қандай айб қўйишди?

Моҳира Ортиқова: Айб деб ҳисобланмаган бўлса ҳам “одам савдоси билан шуғулланган” деган айб қўйишди. 6 йил қамоқ жазоси беришди. Суд ҳам номига бўлди.

Мен судни қанақа тушунаман? Суд деган нарса оқни оққа¸ қорани қорага ажратади. Айбдорнинг айбини исботлаб бериб¸ бўйнига қўйиб кейин унга ҳукм чиқариш керак¸ тўғрими? Ҳеч бунақа нарса бўлмадида.

Озодлик: Суд ҳукмининг устидан шикоят қилмадингизларми?

Моҳира Ортиқова: Шикоят қилдик. Ўша даъво аризаси берган одамларнинг ўзлари норозилик хати берди. Лекин уларнинг берган аризаси эътиборсиз қолдирилди.

Суд ҳукми ўз кучида қолдирилди. 30 январда мен у билан бир марта учрашдим. Ўшандан бери ҳалигача кўрсатишгани йўқ. Кўрмаганимга мана яқинда тўрт ой бўлади.

Озодлик: Қаерда сақланаяпти?

Моҳира Ортиқова: Тоштурмада. Икки марта адвокати кўриб чиқди. 4 майда адвокати кирганида¸ “Мени қийнашаяпти” деб айтибди. Кимгадир қарши кўрсатма берасан¸ деб тан жароҳати етказишибди.

Адвокат шунақа деб чиққандан кейин мен ўтган ҳафта 13 май куни кўришга борган эдим. Аммо кўрсатишмади.

Кейин мен “Илтимос ëрдам беринглар. Эрим шунақа аҳволда” деган мазмунда президентга¸ Бош прокурорга¸ Омбудсменга телеграмма жўнатдим. Лекин ҳеч қанақа реакция сезмадим.

Озодлик: Турмуш ўртошингизнинг ҳақиқатан ўша жиноятга алоқадорлиги бордир балки?

Моҳира Ортиқова: Судда охирги сўз берилганда¸ хўжайиним “Мен ўзимни жиноят қилган деб ҳисобламайман. Фақат ҳамқишлоқларимнинг оғирини енгил қилиш ниятида уларга ëрдам берган эдим” деб айтди.

Озодлик: Суд бўлишига сабаб бўлган воқеа “Веста-Лемакс” фирмаси иштирокида бўлган. Бу жараëнда “Веста-Лемакс” фирмаси иштирок этдими?

Моҳира Ортиқова: Фирманинг директорини топа олишмади.

Озодлик: Балки фирмада бирор бир гап бордир?

Моҳира Ортиқова: Энди ким билади. Директорини топа олишмадию. Қочиб кетганми. Менимча¸ ҳеч ким уни қидиргани ҳам йўқ.

Озодлик: Британия элчихонаси бу жараëнда иштирок этдими?

- Йўқ. Менимча¸ улар бу нарсани билишмаган ҳам. Яқинда “ëрдам беринг”¸ деган маънода элчига хат олиб бориб бердим.

Билмадим энди нима қилади. Улар ҳеч қанақа ëрдам бера олмайдию¸ суд бўлса¸ бирор бир вакили келиб иштирок этиши мумкин¸ дейди Моҳира Ортиқова.

Турмуш ўртоғи одам савдосида айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилган Моҳира Ортиқова билан суҳбатлашгач¸ Қаюм Ортиқов Россияга обориб сотиб юборган жабрдийда, деб қаралган ишчилардан бири Хайрулла Ҳазратқуловга сим қоқдик.

Ҳазратқулов билан суҳбатда у ва яна 10 ишчи қандай қилиб, Россияга жўнаб кетди, Россияда нима бўлди, ҳақиқатда ҳам Қаюм Ортиқов уларни сотганми, деган саволларга ойдинлик киритишга уриндик.

Хайрулла Ҳазратқулов: Ҳамма жўнаëтган экан. Кейин Қаюмни ушлашди. Мен энди ўзим учун жавоб бераманда.

Қаюм “Шундай-шундай иш жой бор” деди. Пули қандай¸ десам¸ “Фирмага 200 минг тўлайсиз¸ йўл пули 300 минг” деди. Пулни бердим. Шу билан бордик.

Менга Краснодар области¸ Бурхавицкий туман¸ Пиряславский посëлкаси деган адресни берди. Биз борган завод бу ғишт заводи.

Озодлик: Демак¸ тайин белгиланган жойга ишга бордингизлар.

Хайрулла Ҳазратқулов: Ҳа¸ шундай. У ëқда икки ою саккиз кун ишладик. Улар аванс тариқасида 5000 рублдан пул берди. Кейин қарасак¸ Россия фуқароларининг ўзи ҳам ишни ташлаб кетаëтган экан.

Кейин билсак¸ завод хусусий бўлиб¸ банкрот бўлиб қолган экан. Биз борган пайтда ўша шартнома тузганлар ҳам “ҳеч қачон бунақа бўлган эмас” деб айтди.

Ҳақиқатан¸ ўзим ҳам кўрдим. Миллионта пишиб чиққан ғишт кетмаяптида. Буни кўриб биз ҳам ўтира олмадик. Ўтирган билан кун ўтказиш керакку. Қуруқ ўтирган билан бўлмайдику.

Озодлик: Борганингларда кимдир сизларнинг ҳужжатни қўлинглардан олмадими?

Хайрулла Ҳазратқулов: Паспортларми?

Озодлик: Ҳа.

Хайрулла Ҳазратқулов: Паспортлар ўзимизда эди. Уйга келгандан кейин мен заводга қўнғироқ қилдим. Менга “ғиштни секин-секин сотиб пулларингни жўнатамиз” деди.

Мен ўзимнинг пулимни олганимдан кейин уларга яна қўнғироқ қилсам¸ улар мени танимаяпти. Ўзимни шунча таништирсам ҳам “Кечирасиз¸ биз сизни танимаймиз” деб телефонни ўчириб қўяяпти.

Озодлик: Заводда қолган пулингларни ундира олмагандан кейин Қаюм Ортиқовнинг устидан арз қилиб прокуратурага мурожаат қилибсизлар¸ шунақами?

Хайрулла Ҳазратқулов: Шерикларим мурожаат қилди. Қаюм Ортиқов уларнинг ҳар бирига 500 доллардан берди. Лекин билмайман яна қандай бўлиб бу Тошкентда ўтиб кетди ва шу билан қамалиб кетди бу болапақир.

Болалар даъвони қайтиб олди. Судга мени ҳам олиб боришди. Болалар “даъвомиз йўқ” деб айтди¸ ëзиб ҳам берди. Барибир 6 йилга қамаб юборишибди.

Озодлик: Сизнинг гапларингиздан келиб чиқадики¸ бу ерда одам савдосига дахлдор бирор иш бўлмаган.

Хайрулла Ҳазратқулов: Одам савдоси бўлганда эди¸ у бизни сотганда эди¸ биз у ерга бориб эмин-эркин ишлаб кела олмасдик. Уларнинг айби ғиштнинг сотилмагани ва бизнинг пулимизни бера олмагани.

Лекин озиқ-овқат дейсизми¸ ëтоқ дейсизми – ҳамма шарт-шароитлар етарли эди. Одам сотилган бўлганида бундай бўлмаслиги керак эдику.

Озодлик: Бундай айблов қаердан пайдо бўлди экан¸ деб ҳеч ўйлаб кўрдингизми?

- Уни билмадим. Тўғри жуда ачинарли ҳол. Одамзоднинг оиласини тўрт-беш сўм билан тиклаб бўлмайди. Даъвогар бўлган болалар ҳам пушаймон. Беайб парвардигор¸ дейишади.

10 кишидан 200 мингдан олгани икки миллион 200 минг бўлади. Бу билан у ошиб-тошиб кетмайди.

Қаюмнинг айби бизларни жўнатгани¸ бошқа айби йўқ унинг. Шу йигитнинг тўртта боласи қийналиб қолмаса дейманда¸ дейди Хайрулла Ҳазратқулов.

Тошкент шаҳар Чилонзор туман суди қарори билан, Россияга обориб, сотиб юборилган, дея ҳисобланган Хайрулла Ҳазратқулов буни инкор қилмоқда. Ўзини сотганликда айбланган ва 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган Қаюм Ортиқовни айбсиз, деб ҳисобламоқда.

Қаюм Ортиқов қоровул бўлиб ишлаган Британия элчихонаси эса ҳозирча бу воқеа юзасидан муносабат билдиргани йўқ. Айни пайтда Ортиқовнинг яқинларини Россияга юборган “Веста-Лемакс” фирмаси ходимлари ва унинг, суҳбатдошларимиз тилга олган раҳбари, Екатерина Иноземцова ҳам бедарак.

Қаюм Ортиқовнинг укаси Самандар Ортиқов эса бундай чигал вазият ортида сиёсий мотивларни кўрмоқда.

Унинг фикрича, акаси Қаюм Ортиқовнинг қамаб юборилиши ортида унинг Британия элчихонасида қоровул бўлиб ишлагани ёхуд аввал ҳарбий бўлиб хизмат қилгани билан боғлиқ омиллар ётган бўлиши мумкин.

Самандар Ортиқов: Энди бу менга қоронғу. Мен тушунмадим тўғрисини айтсам. Телевизорда кўраяпмизку¸ аниқ хотин-қизларни олиб бориб сотганларга¸ қилинган¸ исботланган жиноятларга 5 йил беришаяпти.

Лекин бизнинг акамизнинг жинояти исботланмаяптику. Ҳаммаси фирмага пул тўлаб¸ ўзлари кетишган. Ҳеч ким уларни сотмаган¸ қўлидан ҳужжатини ҳеч ким олиб қўймаган¸ болаларни ҳеч ким уйидан мажбуран олиб чиқмаган.

Ўзлари илтимос қилиб келганига биз ëрдам қиламиз¸ деб шунақа аҳволга тушиб ўтирибмиз. Сиëсатга аралашишга кучим етмайдию¸ лекин.....

Озодлик: Бунинг сиëсатга дахли бор деб ўйлайсизми?

Самандар Ортиқов: Тагигача борсангиз¸ мен сиëсатга ўхшаб тушунаяпман.

Озодлик: Мана¸ акангиз беш йил Британия элчихонасида қоровул бўлиб ишлаган экан. Сиëсат деганда сиз шуни назарда тутмаяпсизми?

Самандар Ортиқов: Энди билмадим¸ униси менга қоронғу. Акам ҳарбий бўлиб ишлаган¸ давлатга фойдаси теккан. Муқаддам судланмаган. Шунақа нарсаларни инобатга олиш керакку тўғрими?

Мен судянинг чиқарган ҳукмини ўйлаб ўйимга ета олмайман. Ҳукмни ўқигандан кейин зонага чиқариб юбориши керакку. Булар ҳалигача турмада ушлаб ўтирибди.

Озодлик: Турма деганда тергов изоляторини назарда тутаяпсизми?

Самандар Ортиқов: Ҳа. Акамни бир марта судда кўрдим¸ холос. Шунақа озиб кетган. Инсоннинг бир ой ичида бу даража озиб кетишига мен тушунмай қолдим.

Биламан ҳарбий бўлган¸ биламан Америкада ўқиб келган¸ биламан Англия элчихонасида ишлаган.

Озодлик: Аввал ҳарбий бўлиб ишлаганлиги билан боғлиқ дейсизми?

- Буниси менга қоронғу. Мен ўйлаб ўйимга ета олмайман. Нимага¸ деган савол қийнайди мени¸ дейди Самандар Ортиқов.

Одам савдосида айбланиб, 6 йилга қамалган акаси — собиқ ҳарбий, Британия элчихонаси қоровули бўлган Қаюм Ортиқов иши ортида сиёсий сабаблар борлигини тахмин қилаётган Самандар Ортиқов ё ўз шубҳаларни тилга олмади, ёхуд ҳақиқатда ҳам асл сабаблар унга қоронғу.

Бу воқеани ўрганган “Эзгулик” жамияти тарқатган, аммо, расман тасдиқланмаган хабарга кўра эса, қамоқхонада Қаюм Ортиқовдан Британия элчихонаси ходимларидан бирига қарши кўрсатма бериш талаб қилинмоқда ва шу боис, у зонага юборилмай, Тоштурмада қийноққа солинмоқда.

Аммо, Ортиқовнинг яқинларига бу тафсилотлар қоронғу ва улар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан унинг оқланиши, озод қилиниши талаб қилмоқда.

****************************

Азиз мухлис! Имкон қадар мурожаатларингизни ёритиш, муаммоларни ўрганиш ва фикрларингизни Озодлик орқали тингловчиларга тақдим қилиш истаги билан яна бир бор телефон рақамларимиз ва манзилимизни ёдингизга соламиз.

uzbek@rferl.org Бу бизнинг электрон манзилимиз¸ мактуб ëзинг.
www.ozodlik.org Бу бизнинг интернет саҳифамиз¸ ташриф буюринг.
Vinohradska 159а, Praha 10, 100 00 , Czech Republic Бу бизнинг почта манзилимиз.
Телефон рақамларимиз: (мамлакат чиқиш кодидан сўнг) 42 02 21 12 34 37

Марҳамат қўнғироқ қилинг. Қўнғироқларингизни кутамиз.

ЭСЛАТМА: Ушбу саҳифага қўйилган материаллар тингловчилар мурожаатининг соф баёнига асосланган. Таҳририят ушбу мурожаатлар мазмуни учун жавобгар эмас.
XS
SM
MD
LG