Линклар

Толибон таҳдидга ўтди


Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг НАТО ва АҚШ билан ҳамкорликни кенгайтириш режаси¸ толибон таҳдидларига асос бўлмоқда.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг НАТО ва АҚШ билан ҳамкорликни кенгайтириш режаси¸ толибон таҳдидларига асос бўлмоқда.

“Ал-Жазира“ телеканали билан суҳбатда толибон ҳаракати сиëсий қанотининг етакчиси Оға Жон Мутассим¸ Эрон ва Тожикистонни АҚШ нинг толибонга қарши ҳарбий кампаниясига ëрдам бериш оқибатларидан огоҳлантирди.

“Бизгача етиб келган маълумотга кўра¸ Тожикистон ҳукумати АҚШ ва НАТОнинг Афғонистонга мўлжалланган юкларининг ўз ҳудудлари орқали ўтказилишига рухсат берган. Бу эса¸ уларнинг Ислом ва қўшни давлатга қарши бораëтган зўравонликка шерик бўлганларини англатади“¸ деди суҳбат давомида юзи очиқ кўрсатилмаган толибон намояндаси.

“Ал-Жазира“даги чиқиши давомида Оға Жон Мутассим¸ Душанбе раҳбарларини АҚШ маъмурияти билан ҳамкорликдан воз кечишга чақирди. Айни пайтда¸ Тожикистон раҳбарияти ўз огоҳлантирувини жиддий қабул қилмаса¸ толибон нима қилмоқчи эканига тўхталмади.

Толибон вакилининг бундай пўписасига муносабат билдиришни сўраб Душанбе расмийларига мурожаат қилган ББС мухбирига кўра¸ Тожикистон ҳукумати норасмий гуруҳлар баëнотига шарҳ бермаслигини таъкидлади.

Айни пайтда¸ Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигидаги манба¸ толибон вакили баëнотининг тегишли идоралар томонидан ўрганиб чиқилаëтганини билдирган.

Қарийб икки йил давом этган музокаралардан сўнг жорий йил бошида Россия¸ Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари НАТО ва АҚШ нинг Афғонистондаги халқаро қўшинлар таъминоти учун зарур ноҳарбий юкларни ўз ҳаво ва қуруқлик ҳудудлари орқали етказилишига розилик берди.

Айнан ана шу келишув¸ ҳозирда Покистоннинг Сьат водийсидан сиқиб чиқарилаëтган толибон жангарилари пўписасига асос бўлди.

Айрим манбалар¸ толибон сиëсий қаноти раҳбари Оға Жон Мутассимнинг “Ал-Жазира“ телеканали орқали қилган таҳдидини навбатдаги пуч баëнот дея талқин этмоқдалар. Бундайлар фикрича¸ Афғонистон ва эндиликда Покистонда бошланган кенг кўламли амалиëтлар натижасида жиддий талофат кўрган толибон жангарилари ҳозирда жон сақлаш илинжида ва уларнинг бирор бир давлат¸ хусусан Тожикистонга жиддий таҳдид солишга қурби етмайди.

Айни пайтда¸ бу таҳдидни жиддий қабул қилиш лозимлигини уқтираëтганлар ҳам йўқ эмас. Бундай кузатувчилар¸ толибоннинг Тожикистондаги вазиятни беқарорлаштириш имконларига кўз юммаслик лозимлигини айтмоқдалар.

Айрим манбаларга кўра¸ Тожикистон ҳукумати ҳам толибон таҳдидини жиддий қабул қилган ва Покистондаги толиб ва Ал-Қоида жангариларининг мамлакат ҳудудларига ўтиши олдини олишга уринмоқда.

Тожик расмийлари мамлакат бўйлаб наркотикларга қарши кампания дея дея тақдим қилган машғулотлар¸ норасмий манбаларга кўра аслида¸ аксил-террор амалиëтлари бўлиши мумкин.

Мулло Абдулло етакчилигидаги жангариларнинг Покистондан Тожикистоннинг Тавилдара районига ўтгани ҳақда хабарлар пайдо бўлган айни кунларда¸ норасмий манбалар Тожикистон армиясининг бу гуруҳларни тор-мор қилишга тараддуд кўраëтганини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG