Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:44

159 чилар сафи яна кенгайди


Давлатга қарши оғир жиноятларда айбланаëтган сурхонлик йигитлар суди ëпиқ эшиклар ортида ўтмоқда.
Давлатга қарши оғир жиноятларда айбланаëтган сурхонлик йигитлар суди ëпиқ эшиклар ортида ўтмоқда.

Сурхондарёлик Нодир Раҳмонқулов ҳамда Беҳзод Зоиров Ўзбекистон президенти ва мамлакат конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланмоқда. Уларга нисбатан диний айбловлар ҳам илгари сурилган.

Сурхондарёнинг Шўрчи туманида яшовчи 33 ёшли Нодир Раҳмонқулов бир ярим йил давомида Англияда мардикорлик қилган. Жорий йилнинг январ ойида у Англиядан Шўрчига қайтиб келади.

Нодирнинг тоғаси Анвар Муродовнинг Озодликка айтишича, жияни Англиядан келганидан икки ҳафта ўтиб, миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

- Раҳмонқулов Нодир Англияга ишлашга бориб келган. У январда келди ва 14 февралда уни олиб бориб қамашди. Иккинчи йигит ҳам олий маълумотли. Инглиз тили ўқитувчиси. Унинг уйидан ҳам ҳеч қандай адабиëтлар чиқмаган. Иккаласи ҳам намозхон йигит. Уларнинг келиб чиқиши асли махсумлардан(махсум¸ маҳдум - уламоларга бериладиган даража - таҳр.), дейди Анвар Муродов.

Нодир Раҳмонқуловнинг шериги сифатида маҳкамага тортилган иккинчи йигит – Беҳзод Зоиров Сурхондарёнинг Музроб туманида яшайди.

24 ёшли Беҳзод жорий йилнинг 25 феврал куни ҳибсга олинган. У Сурхондарёдаги коллежлардан бирида ўқитувчи бўлиб ишлаётганди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, сурхондарёлик бу икки йигит Ўзбекистон Жиноят кодексининг бешта моддаси бўйича айбланаяпти.

- Буларга 158¸ 159¸ 216¸ 244/1 ва 244/2 моддалари қўйилган. Яъни бу президентга тажовуз қилиш, конституциявий тузумга тажовуз қилиш, ноқонуний диний ташкилотлар тузиш, жамият учун хавфли материаллар тарқатиш, диний экстремистик ва сепаратистик гуруҳларда иштирок этиш моддаларидир, деди Суръат Икромов.

Маълум бўлишича, ҳозирда Нодир Раҳмонқулов билан Беҳзод Зоировга нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўйича тергов жараёни тугаб, иш маҳкамага оширилган.

Биз қўшимча маълумот олиш мақсадида Сурхондарё вилоят жиноий ишлар судига мурожаат қилдик.

Озодлик: Сурхондарë вилоят жиноят ишлари судида Нодир Раҳмонқулов билан Беҳзод Зоировнинг маҳкама иши бўлиши керак эди. Шу иш бошландими?

- Ҳа¸ бошланганига бир ҳафта бўлиб қолди.

Озодлик: Улар қайси моддалар бўйича айбланаяпти?

- Диний экстремизм. Ҳизбут-Таҳрир бўйича. 244- модда билан айбланишаяпти.

Озодлик: 158-модда ҳам бор дейишди.

- Ҳа¸ бор.

Озодлик: 159-моддачи?

-159-модда ҳам бор, деди Сурхондарё вилоят суди ходими.

Суръат Икромов фикрича, сурхондарёлик йигитлар сохта жиноятда айбланишмоқда.

- Бу буюртма иш бўлса керак. Шунчаки сиëсий суд ўтказиш мақсадида шунақа қилинаяпти. Терговни Сурхондарë вилояти МХХ терговчилари олиб боришган.

Бизга маълум бўлишича¸ тергов пайтида фақат давлат адвокати иштирок этган. Ҳеч кимни киритишмаган. Мана суд бошланиши олдидан ҳам унинг қариндошлари адвокат ëллашган¸ аммо адвокатларга қаттиқ босим қилинаëтган экан, деди Суръат Икромов.

Маҳкамага тортилган сурхондарёлик икки йигитнинг қариндошларини хавотирга солаётган нарса судланувчиларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158- ва 159-моддалари қўлланилаётганидир.

Ўзбекистонда кейинги пайтларда 158-модда, яъни Ўзбекистон Республикаси президентига тажовуз қилиш моддасини қўллаш амалиёти деярли учрамаётган эди.
XS
SM
MD
LG