Линклар

logo-print

Алвидо, Россия - салом, Саудия...

  • Гулнора Равшан

Душанбе ҳукумати¸ Россиядан қайта бошлаган мардикорлар оқимини яна хорижга йўналтириш борасида бош қотираëтган кўринади.

Душанбе ҳукумати¸ Россиядан қайта бошлаган мардикорлар оқимини яна хорижга йўналтириш борасида бош қотираëтган кўринади.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, ёз ойларидан бошлаб 2000 нафар тожикистонлик меҳнат муҳожири Саудия Арабистонида ишлай бошлайди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Давлат Назрий Саудия Арабистонига кетаётган тожикистонликларнинг кўпи ўқитувчи, қурувчи, шифокор ва қишлоқ хўжалик соҳасида етарли тажрибага эга мутахассислар эканини маълум қилди.

Расмийга кўра, шу кунларда Саудия Арабистони тупроғида бўлиб турган Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий мамлакат бош вазирининг иккинчи ўринбосари Амир Ноиф ибн Абдулазиз билан келгуси ойдан тожикистонлик меҳнат муҳожирларини Арабистонга юбориш масаласини муҳокама қилган.

Давлат Назрийнинг айтишича, Арабистон меҳнат бозорини ишчи кучи билан таъминлаш борасида зарур ҳужжатлар ҳозирланган бўлса-да, ҳозирча улар имзоланмаган.

- Чунки ҳозирча бу борадаги ҳамкорликнинг молиявий ҳамда хавфсизлик каби жиҳатлари ўрганилмоқда, деди Давлат Назрий мухбирингиз билан ўзаро суҳбат чоғида.

Давлат Назрийнинг билдиришича, асосан Россияда иш ўринларини йўқотган 2000 дан ортиқроқ меҳнат муҳожири август ойи бошларига қадар Саудия Арабистонига жўнаб кетади.

Тожикистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазири Шукуржон Зуҳуров жорий йил бошида ўтказган матбуот анжуманида Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Яман каби мамлакатлар билан ишчи кучи экспортига доир музокаралар олиб борилгани ва бу мамлакатлар кўпроқ қиз ва жувонларни энагалик ва уй хизматкори каби ишларга сўраганини маълум қилган эди.

- Тахминимизча, йил охирига қадар ишсиз қолган 80 фоиз юртдошларимиз Россиядан қайтади. Аммо чет мамлакатларга ишчи кучи экспорт қилиш орқали мамлакатда ишсизлар армиясини қисқартира олмаймиз. Чунки хорижий давлатларда, хусусан, Араб Амирликлари жуда кўп бўлса йигирма минг кишига иш бериши мумкин. Шуни ҳам айтиш жоизки, араблар асосан қиз ва жувонларни энагалик ҳамда уй хизматкорлиги учун сўрашмоқда, деган эди Шукуржон Зуҳуров.

Айни пайтда араб мамлакатларига ишга бормоқчи бўлган тожикистонликлар олдида қатор муаммолар кўндаланг бўлиб турибди.

Яқинда Россиядан қайтган душанбелик Зулайҳо Раҳимова тил билмаслик Арабистонга кетмоқчи бўлган тожикистонлик аёлларга турли муаммолар туғдириши мумкинлигини айтади.

- У ерга боргандан кейин тил билиш керак. Тил билмаслигимиз учун турли хатарларга дуч келишимиз мумкин, ҳуқуқларимизни ҳимоялай олмаслигимиз мумкин, дейди суҳбатдош.

Зулайҳога кўра, тил билган тақдирда ҳам аксарият ота-оналар ўз қизларини Арабистонга юборишдан чўчишади. Бунга араб диёрларида постсовет мамлакатлардан борган қизлар билан юз бераётган нохуш ҳодисалар сабаб бўлаяпти.

Душанбедаги Дякова касалхонасида ишловчи педиатр Насриддин Тоштемиров икки давлат ўртасида ишчи кучи экспортига доир шартнома имзоланмаган эса-да, тожикистонлик мутахасислардан айримлари таниш-билишлари ёрдамида Арабистонга иш ахтариб кетаётганини айтади.

- Бир ишчимиз борган эди. Унинг айтишича, хусусий шахслар ёрдамида борганлар тезда иш топмайди. У ерда ҳам мардикор бозори бор экан. Паспорт, диплом ва бошқа шу каби ҳужжатларингизнинг нусхасини тайёрлаб, ўша бозорда ўтирасиз. Кейин иш берувчи араблар келиб, ўзлари ишчини танлашади.

Агар ишингиз уларга ёқмаса, табиийки, маошсиз ҳайдалар экансиз. Агар давлат томонидан ишга юборилсангиз, муаммо бўлмас экан. Тилни ҳам ўрганиш мумкин. Маоши ҳам ёмон эмас экан, дейди Насриддин.

Мустақил таҳлилчи Мўътабар Ғаффорзода тожикистонликларни Арабистонда иш билан таъминлашдан аввал бу масаланинг ҳуқуқий жиҳатлари пухта ўрганиш шартлигини таъкидлайди.

- Чунки араб мамлакатларида аёллар, хусусан, четдан борган аёлларга муносабат яхши эмас. Агар аёлларимиз бу мамлакатга энагалик ёки хизматкорлик қилиш учун борса, арабистонлик эркаклар томонидан уларнинг ҳуқуқлари поймол қилиниши мумкин. Бундай мисолларни кундалик ҳаётимизда кўплаб эшитамиз, дейди Мўътабар Ғаффорзода.

Тожикистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, йил бошидан буён Россияда ишлаётган тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг 60 фоиздан ортиқроғи ватанга қайтган.

Айни пайтда Душанбе-Москва йўловчи поездида ҳам аввалгидек тиқилинчни учратмайсиз.
XS
SM
MD
LG