Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:42

Тожикистон таҳдид остидами?


Айрим манбалар¸Ўзбекистон исломий ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг Оқсарой қўлида Тожикистондаги вазиятни беқарорлаштириш картаси бўлиб қолаëтганини даъво қилмоқдалар.
Айрим манбалар¸Ўзбекистон исломий ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг Оқсарой қўлида Тожикистондаги вазиятни беқарорлаштириш картаси бўлиб қолаëтганини даъво қилмоқдалар.

Тавилдара ҳудудида яна Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқадор жангарилар пайдо бўлди¸ деган хабар ортидан айрим кузатувчилар¸ Тожикистондаги вазиятни беқарорлаштиришдан ким манфаатдор¸ деган саволга жавоб изламоқдалар.

Тожикистондаги воқеалар ривожи секин-секин қайнай бошлаган қозонни эслатмоқда.

Тожикистондаги воқеаларнинг кескинлашувида расмий Тошкент қўли бор деган иддаолар ҳам пайдо бўлмоқда.

Марказий Осиëдаги доимий беқарорлик Оқсарой муддаосидир¸ дейди Британиядан бошпана олган собиқ МХХ зобити Икром Ëқубов.

Икром Ëқубов: Ўзбекистон президенти¸ яъни расмий Оқсарой¸ минтақада доимий беқарорлик руҳи ҳукм суришидан доим манфаатдор. Чунки¸ ана ўшандагина Каримов ўзи истаëтган минтақадаги лидерликни қайсидир маънода ўз қўлида марказлаштира олади. Бу биринчидан.

Иккинчидан¸ Каримовнинг ички ва ташқи сиëсати минтақада ҳануз радикализм ва исломий экстремизм хавфи борлиги асосига қурилган.

Озодлик: Нега айнан Тожикистон беқарорликнинг бошланғич нуқтаси сифатида кўрилмоқда?

- Чунки¸ биринчидан Тожикистон Ўзбекистонга қўшни бошқа давлатларга қараганда кучсизроқ.

Иккинчидан эса¸ Тожикистонда ҳануз исломий ҳаракатларга бўлган мойиллик минтақанинг бошқа давлатларига қараганда кучлироқ ва баландроқ.

Ҳарбий тил билан айтадиган бўлсак¸ Тожикистонда давлат тўнтариши қилиш ëки Тожикистонни беқарор минтақага айлантириш минтақанинг бошқа давлатларига нисбатан анча осонроқ¸ дейди Икром Ëқубов.

Бугунги низо илдизлари расмий Тошкент ва Душанба ўртасидаги сув омборлари борасидаги келишмовчиликдан сув ичмоқда¸ деб давом этади Ëқубов.

- Юқорида айтганимдек¸ Ўзбекистон президенти минтақада қайсидир маънода ўзига қўшни давлатда беқарорлик вужудга келишидан манфаатдор.

Президент Ислом Каримов шахс ва сиëсатчи сифатида ҳеч қачон ўзининг фикри билан келишмаган томонни жазоламасдан қўймайди. Буни унинг 20 йиллик ҳукмронлиги даврида кўриб келаяпмиз.

Қайсидир бир жиҳатдан олиб қараганда¸ Ислом Каримов айнан ГЭСларнинг қурилиши борасида расмий Душанбе ва расмий Тошкент ўртасидаги айри фикрлардан келиб чиққан ҳолда¸ Душанбени қайсидир маънода беқарорлаштириш ва кучсизлантириш учун бу воситаларни ишга солаëтган бўлиши мумин.

Чунки Ислом Каримов ҳам сиëсатчи¸ ҳам шахс сифатида барча воситаларни қўрқмасдан ишга сола оладиган сиëсатчи¸ дейди Икром Ëқубов.

Ўзбекистон МХХ собиқ зобити Икром Ëқубов фикрига кўра¸ расмий Тошкент Ўзбекистон исломий ҳаракати воситасида минтақадаги вазиятни ўз майлида ривожлантирмоқда.

Озодлик: Ўзбекистон исломий ҳаракати раҳбари деб айтилган Тоҳир Йўлдошнинг Оқсарой билан ўзининг ишларини координация қилиши ҳақидаги гапни биз ҳар доим иддао деб айтамиз. Бунга умумий гаплардан бошқа ҳужжат¸ далилингиз борми? Чунки улар бизга чиқиб “биз ҳеч қанақа ҳамкорлик қилмаймиз” дейишди.

- Мен радионгиз орқали Тоҳир Йўлдош деган авантюристга¸ у айнан авантюрист¸ савол бермоқчиман.

Биринчидан¸ Тоҳир Йўлдош Ислом Каримов ҳукумати билан ҳамкорлик қилмас экан¸ нима учун шундай кучга тўла бўлиб турган вақтида¸ мамлакатга ҳужум қилмасдан олти миллион доллар пулни олиб орқага қайтиб кетди? Ваҳоланки¸ унинг 99 фоиз аскарлари ҳужум қилишга тайëр эди.

Иккинчидан¸ Тоҳир Йўлдош 17-18 нафар бечорани ўлдириб ташлаганини қандай изоҳлай олади? Бу май ойида Тожикистонда бўлган эди.

Бу 18 нафар йигит “Биз жиҳод учун келдик. Биз ҳокимиятни олиш учун келдик. Охиригача борайлик” деб Тоҳир Йўлдошдан талаб қилган. Буларга қарши чиққан инсон биргина Тоҳир Йўлдош бўлади.

Тоҳир Йўлдош “Биз ҳужум қилишни истамаймиз. Агар сизлар биз билан орқага қайтишни истамасангиз¸ қуролингизни топширинг” деди.

Бу 18 йигит қуролни топшириб¸ ўша жойдан 300 метр узоқлашар-узоқлашмас Тоҳир Йўлдош уларни отиб ташлади. Бу ўлдирилганлар Ўзбекистон марказий телевидениеси орқали бир ойгача намойиш этилди.

Учинчидан¸ мен юқори доирага тегишли бир ҳужжатни кўрганман. Бу ҳужжат Тоҳир Йўлдош билан олиб борилаëтган ëзишмалар эди. Буни Тоҳир Йўлдош қандай қилиб изоҳлаб беради¸ дейди Икром Ëқубов.

Россия хавфсизлик хизматига яқин манбанинг Озодлик мухбирига билдиришича¸ минтақадаги вазият қалтислашувидан Тошкентдан кўра кўпроқ Россия манфаатдор.

Россия хавфсизлик кучларининг минтақадаги диний гуруҳлар¸ жумладан Ўзбекистон исломий ҳаракатига таъсир ричаглари бор¸ деди манба.
XS
SM
MD
LG