Линклар

logo-print

Халқаро суд - саробми ë реаллик?

  • Ҳурмат Бобожон

Бугун Андижондаги қирғин учун маъсулларнинг ўзларини ундан жабр кўрган минглаб бегуноҳ одамлар каби жавобгарликка тортишни истовчилар сони ошиб бораëтгандек.

Бугун Андижондаги қирғин учун маъсулларнинг ўзларини ундан жабр кўрган минглаб бегуноҳ одамлар каби жавобгарликка тортишни истовчилар сони ошиб бораëтгандек.

Ғарбдан бошпана топган андижонликлар 2005 йилнинг 13 май кунги қирғин учун маъсулларни халқаро судга тортиш ниятидалар. Бу ниятга элтиши мумкин халқаро ҳуқуқий меъëрлар борми?

2005 йил 13 май куни Андижонда юз берган қонли воқеалар пайти жабр кўрган ва бугунги кунда Ғарб давлатларидан бошпана топган андижонлик қочқинлар тўрт йил аввалги ҳодиса юзасидан айбдорларнинг маҳкамага тортилишига эришиш ҳаракатида. Улар бу юзадан кўрсатма беришга ҳам тайёр эканликларини айтишмоқда.

- Ташқарида одил суд бўлишини хоҳлаймиз. Ўшандагина Андижон фожеасининг очилмаëтган сирлари очилади деган ишончимиз бор.

Ўзбекистонда ўтказилаëтган судларда ҳеч бир инсон ўзининг ичидаги ҳақиқатини оча олмайди. Буни бутун дунë билиб турибди. Бугунги кунда 450 андижонлик қочқинлар шу ишни юзага чиқаришга бел боғлади¸ дейди андижонлик қочқинлардан бири.

Халқаро экспертлар эса Андижон қурбонлари учун айбдорларни халқаро маҳкамага тортилишига эришиш осон бўлмаслигини айтишади.

Аммо Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилотининг собиқ таҳлилчиси Игор Воронцов фикрича, жабрланувчилар учун адолатни қарор топтириш борасида жуда яхши имконият бор. У ҳам бўлса Андижон бўйича алоҳида шубҳаланилган шахсларни, Ўзбекистондан ташқарида, бирор “универсал юрисдикция” амал қилаётган мамлакатга чиққан пайтларида жавобгарликка тортилишига эришишдир.

Универсал юрисдикция қонунлари, агар гап инсониятга қарши жиноятлар устида борар экан, дунёнинг ҳар қандай нуқтасида, ҳар қандай мамлакат фуқароларига нисбатан жиноий жавобгарликка тортиш имконини беради.

- Агар Андижон хунрезлигида гумонланаётган ва шу воқеага масъул деб кўриладиган ўзбек расмийлари ёки собиқ амалдорлари Испания, Белгия ёки Германия каби мамлакатларга келган тақдирда, қонли воқеа жабрдийдалари ушбу мамлакатларнинг ҳукуматларидан уларни жавобгарликка тортилишларини талаб қилишлари мумкин.

Сабаби¸ мен санаб ўтган мамлакатларда ва айрим бошқа давлатларда чет эллик фуқаролар ҳам ўз давлатида инсониятга қарши содир этган жинояти учун жавобгарликка тортилиши мумкин, дейди Воронцов.

Лекин Воронцовга кўра, дипломатик дахлсизлик мақомига эга расмийлар бундан мустаснодир.

- Расмий мақомда келган, дипломатик дахлсизлик мақомига эга ўзбек расмийлари ёда давлат раҳбарини жавобгарликка тортиш имконсиздир.

Лекин Андижон воқеаларида масъул деб кўрилган ўзбек расмийлари эртами-кеч Европа давлатларига ўзларича саёҳат қиладиган бўлишса, ҳибсга олинишлари мумкинлигидан қўрқишларига асос бор, дейди Воронцов.

Собиқ Ўзбекистон Ички ишлар вазири Зокир Алматовни жавобгарликка тортиш учун, унинг 2005 йил Германияга ташрифи пайтида шундай бир уриниш бўлган эди.

Алматов Германияга даволаниш учун келганида, прокуратура ҳаракатга тушган, лекин ҳеч нарсага эриша олмаган эди.

-Алматов иши бўйича Германия прокуратураси ҳаракатга тушишидан олдин, бизга маълум бўлишича, Алматов зудликда мамлакатни тарк этиши ҳақида огоҳлантирилган ва у мамлакатни тарк этган.

Яъни, бизга маълум бўлишича, Германия расмийлари даволаниш учун келган Алматовга нисбатан жиноий иш қўзғатилишини хоҳлашмаган, дейди Воронцов.

2005 йил 13 май воқеалари юзасидан адолат қарор топишини хоҳлаётган андижонлик қочқинлар Зокиржон Алматовни Германияда ушлаб қолишга имконият бўлганини, бироқ ҳукумат билан келишув уларни собиқ Ички ишлар вазирига қарши кўрсатма беришдан тўхтатиб қолганини айтишади.

- Алматов Германияга келган пайтда¸ уни ушлаб қолиш учун биз гувоҳ бўлишимиз мумкин эди. Аммо биз ўртадаги келишувга мувофиқ 20 одамга отув бермасликлари ва ҳукмни ўзгартиришлари учун гувоҳлик бермадик. Шунинг учун ҳам Алматов бу ерга бемалол келиб кетди¸ дея эслайди андижонлик қочинлардан бири.

13 май куни сиëсий гуруҳга бирлашган андижонлик қочқинлар Тошкент ҳукумати билан қамоқда қолган яқинлари ва маслакдошларини қутқариш ниятида келишувга боргани¸ бироқ расмий Тошкент ваъдасида турмагач¸ бу сирни очишга қарор қилганликларини билдирдилар ва тўрт йил аввалги ҳодиса бўйича мустақил текширув ўтказиш талаби билан чиқдилар.

Ирландияда бошпана топган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдужалил Бойматов андижонликларнинг бу ниятини олқишлайди.

- Тўғри катта муваффақиятга эришиш қийин. Лекин чет давлатдаги мухолифатчилар¸ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари¸ "Андижон – Адолат ва Тикланиш" ташкилотлари биргаликда халқаро ташкилотлар¸ Европа давлатлари билан ҳамкорликда иш олиб борсак¸ Ўзбекистонда катта ўзгаришлар келтириб чиқариш мумкин¸ дейди Абдужалил Бойматов.

Ўзбекистон ҳукумати халқаро ҳамжамиятнинг Андижон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказиш талабини рад этиб келади. Бунга жавобан Европа Иттифоқи дастлаб Андижон воқеаларига масъул деб кўрилган 12 нафар ўзбек расмийсига нисбатан виза чеклови жорий этган ва ўтган йили бу чекловни олиб ташлаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG