Линклар

Беқарорлик шамоли эсмоқда

  • Алишер Сиддиқ

Сватни ташлаб кетаëтган миллионлаб маҳаллий халқ ва жангарилар орасида бўлган жангариларнинг Тожикистон тоғларидан янги бошпана излаши тахмин қилинмоқда.

Сватни ташлаб кетаëтган миллионлаб маҳаллий халқ ва жангарилар орасида бўлган жангариларнинг Тожикистон тоғларидан янги бошпана излаши тахмин қилинмоқда.

Сват минтақасида жангарилар ва Покистон армияси ўртасида давом этаётган қонли тўқнашувлар Марказий Осиë жангари гуруҳлари ва уларнинг қўмондонларини ҳаракатга келтирди. Бу жараëнлар минтақани қайга элтади?

Куни-кеча, Афғонистондан Покистонга ўтган уч нафар ўзбек қўмондонининг ҳибсга олиниши¸ Сват минтақасида жангарилар ва Покистон армияси ўртасида давом этаётган қонли тўқнашувлар Марказий Осиё жангари гуруҳларини ҳаракатга келтирганини исботлади.

Аммо покистонлик шарҳловчи Аҳмад Рашиднинг ўз манбаларига таяниб айтишича, жангариларнинг Марказий Осиёга борди-келдиси бир муддат аввал бошланган.

- 2001 йилда Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари Афғонистондан Покистонга қочиб келганида¸ уларнинг сони 600 нафардан ошмаган эди.

Бугун Покистон ва Афғонистонда жанг қилаётган ва Тожикистонга ўтиб ҳаракат қилаётган бу жангариларнинг сони бир неча мингга етади¸ дейди Аҳмад Рашид.

Ўтган ҳафтада Тожикистонга қудратли дала қўмондони Мулло Абдуллонинг қайтгани ҳақидаги хабарнинг пайдо бўлишига қадар, толибон ва Ал-Қоидага ҳайрихоҳ бу гуруҳларнинг минтақага ўтиб юриши жиддий қабул қилинмаганди.

Хабарларга кўра, Мулло Абдулло юзтача жангчиси билан Тавилдарада пайдо бўлиб, атроф қишлоқларда ўз назоратини ўрнатган.

“Бизга адолат ва тартиб керак” дер экан, ҳозирнинг ўзида Мулло Абдулло ўз атрофида президент Раҳмоновга мухолиф кучларни жипслаштираётгани айтилмоқда.

Айни пайтда¸ расмий Душанбенинг минтақа атрофида ҳарбий куч тўплаётгани¸ аммо ҳозирча Мулло Абдулло билан музокаралар олиб борилаётгани ҳам маълум.

“Коммерсант” газетаси Мулло Абдулло ўзининг Афғонистонда овораи жаҳон бўлиб юришдан чарчагани ҳақида айтганини келтиради. Аммо кузатувчилар Мулло Абдуллонинг Тожикистонга аниқ мақсад билан қайтганини эҳтимолдан соқит қилмаяпти.

Хавфсизлик масалаларини тадқиқ этувчи Жорж Маршал марказининг аксилтеррорчилик дастурлари директори¸ профессор Ник Прат фикрича, бу мақсадларга эришиш учун Тожикистоннинг заифлиги¸ мамлакатдаги коррупция ва қашшоқлик Афғонистондан қайтган дала қўмондонига қўл келиши мумкин.

- Тожикистон заиф давлатдир ва уни беқарорлаштириш жуда осон. Агар қайтиб келган бу шахслар одамларнинг ҳукуматга бўлган норозилигини ишга солса¸ жиддий хавотирланишга асос бор деб ўйлайман¸ дейди профессор Прат.

Куни-кеча Ал-Жазира телеканалига интервью берган толибон ҳаракатининг сиёсий қўмитаси директори Оға Жон Муътасим НАТО нинг Афғонистондаги ҳарбий операцияларига деярли барча қўшни давлатлар ёрдам бераётганига қарамасдан, айнан Тожикистонга қарата бу мамлакатдаги вазиятнинг беқарорлашувидан огоҳлантирди.

- Тожикистон ўз ҳудуди орқали НАТО кучларининг логистика амалиётларига кўмак бермоқда. Биз Тожикистондан АҚШ ва НАТО га ёрдам бермаслигини талаб этамиз. Акс ҳолда¸ давлатингиз барқарорликни йўқотиб, катта муаммоларга дуч келади¸ дея огоҳлантирди Оға Жон Муътасим.

НАТО расмий вакили Крис Райли ушбу баёнотни толибларнинг одатий пропагандистик чиқишидан ўзга нарса эмаслигини билдирди.

Аммо Толибон етакчиси томонидан қилинган ушбу баёнот минтақада АҚШ ҳозирлигини камайтиришга интилаётган Россия позициясини ҳам акс эттиради, дейди москвалик журналист Аркадий Дубнов.

- Россияда ноҳарбий юклар транзити ҳақида гапирилаётганда¸ бунга қарши далил сифатида минтақанинг Ал-Қоида нишонига айланиши келтирилади¸ дейди Дубнов.

Дубновнинг айтишича, ўз қариндошларини давлат мансабларига тайинлаган президент Раҳмонни ҳокимиятдан ағдариш ниятида бўлганларни мамлакат ичида истаганча топиш мумкин.

Айни пайтда президент Каримов ҳам Ўзбекистон қаршилигига қарамасдан РоғунГЭСини қуриш режасидан қайтмаётган Имомали Раҳмонга нисбатан тўнини тескари кийган дейиш мумкин.

Айрим маълумотларга кўра, Тожикистонга қайтганлар орасида Мулло Абдуллонинг яқин сафдоши¸ Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг қўмондони марҳум Жума Намангонийнинг акаси Азизхон ҳам бор.

Шу ўринда Раҳмон курсисини бир оз қимирлатиб қўйишдан расмий Тошкент ҳам манфаатдор бўлиши мумкинлигини тахмин қилинади.

Тилга олганимиз жараёнлар бир-бирига алоқадор бўлмаслиги ҳам мумкин. Бироқ¸ воқеаларнинг кейинги ривожи уларнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатса, минтақа барқарорлигини сақлаб қолиш жиддий синовга айлангани ҳақида гапиришга асос пайдо бўлади.
XS
SM
MD
LG