Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:22

“Фермер икки баробар зарар кўраяпти”


Ўзбекистонда айни кунларда давлатга пилла топшириш мавсуми давом этаяпти. Айни пайтда ўзбекистонликларнинг айримлари пилла етиштириш фермер учун фойда ўрнига зиён келтираётганини таъкидламоқдалар.

Қубай Ортиқов Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги “Боға Раҳмон” фермер хўжалиги раҳбари. Қубай оға жорий йилда бир қути ипак қурти парваришлаяпти.

- Ҳозир ипак қурти тўртинчи уйқуга кетган. Бу йил ёмғир кўп бўлгани пиллачилик учун яхши бўлди. Тут барглари ораста, тоза. Ҳар йили тут барглари чанг, туз бўлиб, пилла яхши бўлмасди.

Мен бир қути ипак қурти учун 50 кило пилла топширишим керак. Лекин, Худо хоҳласа, 70-80 кило пилла топшириш режам бор. 5-6 июнга, кечи билан 8 июн кунигача пиллани териб оламиз, дейди Қубай Ортиқов.

Қорақалпоғистонда бу йил 14 минг 815 қути ипак қуртини парваришлаш бўйича 1425 фермер хўжалиги билан шартнома тузилган.

Фермер Қубай Ортиқов жорий йилда пилладан яхши даромад кўриш ниятида.

Лекин ўзбекистонлик аксар фермерлар ипак қурти боқишни хоҳламасликларини айтишади.

Жиззахлик фермер Маъмуржон Азимовга кўра, фермерлар фақат мажбурликдан пилла етиштиришга рози бўлишади.

- Фермерларни мажбур қилади, фермерларни қўрқитади. “Агар сен ипак қуртини боқиб бермайдиган бўлсанг, ерингни тортиб оламиз”, дейишади. Шунинг учун фермерлар “еримни тортиб олиб қўяди” деб қўрқанидан ҳам ипак қурти боқишга мажбур бўлишади. Зарарига ишласа ҳам. Фермерлар ҳамма вақт зарарига ишлаб келган. Мен пилла етиштириб фойда кўрган бирорта фермерни билмайман.

Биринчидан, ипак қуртини боқишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Иккинчидан, пилла учун тўланадиган пул қилган харажатларингизни қопламайди. Масалан, бир фермер бир қути ипак қуртини парваришлаш учун уч юз минг сўм атрофида харажат қилади. Давлат томонидан пиллага тўланадиган нарх юз минг сўмга ҳам етмайди. Фермерлар икки барабар зарарига ишлашга мажбур бўлишмоқда, дейди жиззахлик фермер.

Маъмуржон Азимов шахсан ўзи фермер сифатида ипак қурти боқишдан бош тортганлигини айтади.

- Ҳокимлик вакиллари мени ипак қурти боқишга мажбурлашмоқчи бўлишганида, уларга ҳар доим битта жавобни бераман. Яъни фермер хўжалиги учун ерни ижарага олиш бўйича ҳокимият билан эллик йилга тузилган шартномада “мен ипак қуртини боқиб бераман” деган банди кўрсатилмаган. Шунинг учун мен ҳар доим ҳокимиятга пилла етиштириш мажбуриятини олмаганман, деган жавобни бераман, дейди Мамиржон Азимов.

Самарқандлик фермер Бобомурод Раззоқов фикрича, собиқ иттифоқ давридаги сингари пилладан моддий манфаатдорлик юқори бўлганида фермерлар ўз хоҳишлари билан ипак қурти боққан бўлишарди.

- Собиқ иттифоқ даврида 2-3 қути ипак қурти боққан одам бир йилда яхшигина бир ҳовли қуриб оларди. Ёки пилла пулига тўй қилиб оларди, ё қизини узатарди ё ўғлини уйлантириш имконига эга бўларди. Икки-уч йил боққан одам эса янги бир “Жигули” машинасини оларди.

Ҳозир ипак қурти боқишнинг маъноси ҳам йўқ. Бир қути ипак қурти боқиш учун ўттиз минг сўм пул бераяпти. Кўргани шу пул, бошқа пул берилмайди. Бу пулнинг қолган қисмини кимлардир ўзлаштириб кетади.

Пўл сўралган пайтда “пилла сотилгани йўқ, пилла ўтмаяпти” деган мазмундаги баҳоналарни кўрасатишади. Пиллачилик давлат монополияси бўлмагани сабабли бу соҳани назорат қиладиган куч йўқ.

Пиллачилик давлат монополиясига киритилмаган. Бу соҳа вазирликданми, президент аппаратиданми - бирортасининг шахсий мулкига айлантирилган, дейди Бобомурод Раззоқов.

ЎзА маълумотига кўра, Ўзбекистонда пилла етиштириш кўрсаткичлари йилдан-йилга ўсиб бораяпти.

2008 йилда мамлакат бўйича 23,5 минг тоннага яқин пилла етиштирилган. Бу 2007 йилга нисбатан етти фоиз кўпдир. Жорий йилда эса 24 минг тонна пилла етиштириш режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG