Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:09

"Хўжакўрсин" фармонлар ишламаяпти


Тожикистонда бола меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш ҳақида қатор ҳужжатлар имзоланганига қарамай, мамлакатда совет давридан қолган бу амалиёт ҳали-ҳануз давом этмоқда.

Душанбе шаҳридан 30 километр нарида жойлашган Фахробод қишлоғидаги 3-ўрта мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Холиқул Бекназаров Озодликка қўнғироқ қилиб, мактаб ўқувчилари 1 майдан бошлаб шу кунгача узумзорда ишлашаётганидан шикоят қилди.

- Туман таълим бўлими мудирининг ўзи келиб, “7-синфдан 11-синфгача далага чиқар”, деб буюрди. “Чиқармасанг, аризангни ёз”, деди. Директор ҳам мажбур бўлди - 23 та юқори синфнинг 19 тасини далага ҳайдади, деди Холиқул Бекназаров.

Фахрободлик ўқитувчининг айтишича, юқори синф ўқувчилари эрталабки соат 8 дан кечга қадар узумзорни ўтлардан тозалашга мажбур қилинаяпти.

- Ишлар оғир. Ўроқ, чалғи олишади-да, узумларнинг ичидаги ўтларни ўришади. Тушлик ҳам ташкил қилинмаган. Болалар дарслик программасидан ортда қолишаяпти, дейди Бекназаров.

Суҳбатдошимиз кимники экани аниқ бўлмаган узумзорда мактаб ўқитувчилар текин куч сифатида ишлатилаётганидан шикоят қилади.

- Узумзорни ўт босиб ётибди. Шу халққа пулини берса, халқ чиқиб, ўзи ишлайди. Ота-оналарнинг кўпи бекор - пулсиз ким ишлайди? Топиб олишган текин ишчи кучини. Ахир ўқувчини ишлатиш шарт эмас-ку, дейди Холиқул Бекназаров.

Унинг айтишича, ўқувчилар дам олиш кунларини ҳам, май байрамларини ҳам узумзорда ўтказганлар.

Бекназаровга кўра, Хуросон туманининг бошқа қишлоқларидаги 9 йиллик мактаблар ўқувчилари ҳам шу ишга жалб қилинган.

Фахрободлик ўқитувчи сўнгги бир ой давомида тўлалигича дала ишлари билан банд бўлган юқори синф ўқувчилари олдинда турган имтиҳонларга умуман тайёрлана олмаганлариини айтади.

- Ота-оналар ҳам нима десин, қишлоқ жой-да. “Борсин, майли, ишласин”, дейди. Баъзилар гапиради, лекин уларни ким эшитади? дейди Холиқул Бекназаров.

Биз масалага ойдинлик киритиш мақсадида Тожикистон таълим вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Ноилшоҳ Нуралиевга қўнғироқ қилдик. Аммо вазирлик расмийси телефонда интервью берилмаслигини, ҳамма саволлар ёзма тарзда вазирликка юборилиши лозимлигини айтиш билан чекланди.

Тожик расмийлари мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйиш бўйича ҳукумат томонидан тегишли чоралар кўрилаётганини иддао қилиб келадилар.

Жумладан, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон жорий йил январ ойида болалар меҳнатидан фойдаланмаслик тўғрисидаги фармонни имзолаганди.

Аммо, мустақил таҳлилчи Исмоил Раҳматов фикрича, имзоланган фармонлар амалиётга татбиқ этилмаяпти, чунки Тожикистонда ҳам Ўзбекистондаги сингари қишлоқ хўжалик ишлари болалар меҳнатисиз битмайди.

- Президент фармонлари, қонунлар маҳаллий ҳокимият раҳбарлари томонидан кўпинча бажарилмайди. Хусусан, болалар меҳнатидан фойдаланмаслик тўғрисидаги фармонлар. Чунки бу фармонлар кўпинча халқаро ташкилотлар кўзига тупроқ сочиш учун имзоланади, дейди таҳлилчи Исмоил Раҳматов.

Таҳлилчига кўра, Тожикистон давлат идоралари мутасаддиларининг ҳаммаси ўқувчилар дала ишларига жалб қилинаётганидан яхши хабардор бўлсалар-да, бунга панжа ортидан қараб келадилар.

Айни пайтда тожикистонлик бошқа кузатувчилар болаларни эксплуатация қилишдек совет давридан мерос олинган иллат тугатилмагунича, тожик расмийларининг ҳуқуқий давлат қуриш ҳақидаги иддаолари пучлигича қолаверишини таъкидлайдилар.
XS
SM
MD
LG