Линклар

Тепакал, Чўтир ва Бароққош мероси

  • Сарвар Усмон

Бир пайтлар "тириклар тириги" бўлган доҳийлар асарларини бугунги кунда қарийб ҳеч ким эсламайди.

Бир пайтлар "тириклар тириги" бўлган доҳийлар асарларини бугунги кунда қарийб ҳеч ким эсламайди.

Постсовет ўлкаларининг кўпида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам мустақилликдан сўнг коммунистик доҳийлар китоблари йўқотилди, аммо доҳийларнинг жамиятга таълим бериш анъанаси сақланиб қолаётган кўринади.

20 май кунги дастуримиздан жой олган лавҳалардан бири Ўзбекистон президентининг “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари” китоби ҳақида эди.

Лавҳа ўша куниёқ у Озодлик сайтида “Бир авлиë пошшо келди” деган сарлавҳа остида босилди.

Лавҳада тилга олинган президент китоби юзасидан сайтимиз муштарийлари турли фикрлар билдирганлар.

“Одамларнинг аҳволини қаранг, ярим оч яшаяптию, бу “доно” яна иқтисодий инқироздан чиқиш йўлини ўргатиб бошлабди. Ўзбекистонда иқтисодий инқироз 20 йилдан бери давом этаяпти-ку! Ҳаммага ақл ўргатавермай, аввал ўз халқининг қорнини тўйдирса бўларди”, деб ёзибди бир муштарий.

“Бу нарсаларни ўқиб на йиғлашни¸ на кулишни билади одам. Китобга пул сарфлаб чиқаргандан кўра халққа озгина сарфланганда¸ балки сингиб кетган инқирозни енгиш сал осонроқ бўлармиди?!” деб ёзибди бошқа бир муштарий президент Каримовнинг сўнгги китобини назарда тутган ҳолда.

Сайтимизнинг бошқа бир меҳмони эса, мана бу фикрни ёзибди:

“Бу “Дода”мизни кризисни олдини олиш бўйича китоб ëзишга қандай қўли борган билмадим. Агар китоб кризисни очиб берган бўлса, бу асл қиймати олтинларга тенг адабиëт! Ишонинг, кризисни келтириб чиқаришда у киши ўта моҳир зотдирлар!!! Ҳа, сабабларини Ислом ака билмасдан яна ким билсин ахир!!!”

Жўхориполвон Хрушчев даврида туғилиб, Брежневнинг бароқ қошлари соясида катта бўлган одамнинг кўрган-кечирганлари баъзи хулосалар қилиш учун етарлидир.

Тепакал Ленину Чўтир Сталинларнинг жавон-жавон китоблари қайга кетди?

Бароққош Брежневнинг “шедеврлари” қайга кетди?

Бароққошники-ку маразмга чалинган хаста арбобнинг тилидан битилган ўртамиёна эсдаликлар эди.

Тепакалу Чўтирнинг китоблари-таълимотларисиз Тарих тўхтаб қолиши, Ер ўз ўқидан чиқиб кетиши – ҳаёт тугаши керак эди-ю?!

Ўша китоб-таълимотдан воз кечилди.

Воз кечилди, лекин Тарих тўхтаб қолмади-ку?! Ер ўз ўқидан чиқиб кетмади – ҳаёт тугамади-ку?!

Демак, улар ёлғон экан-да?!

Шундай хулосага келган ва хулосасининг тўғрилигига ишончи йилдан-йилга тобора кучайиб бораётган одамни энди яна навбатдаги доҳийнинг навбатдаги китобида бир “илоҳий кашфиёт” борлигига ишонтириб кўринг-чи?!

Хабарларга қараганда, 22 май куни Тошкентда бир халқаро конференция иш бошлади.

Анжуман президент Каримовнинг боя тилга олганимиз китобини ўрганишга бағишланган.

Жаҳоннинг 150 та мамлакатидан келган мутахассислар “иқтисодиётни ислоҳ қилишнинг ўзбекча моделини ўрганар” эмиш.

Ўзбекистонлик мутахассислар фикрича, президент Каримов “ўз асарида глобал иқтисодий инқироз сабабларини очиб берган”.

Бундай хабарлардан кейин кўз олдимга бояги Кенгпешона, Чўтир, Бароққош арбоблар, уларнинг кетидан тошбақадай узук тақилган қўлида “Руҳномаси”ни тутган Туркманбоши келаверади-келаверади...

Лекин камина бекорга шубҳа қилаётган бўлишим мумкин.

Жаҳоннинг 150 та давлатидан мутахассислар Тошкентга келиб, Ўзбекистон иқтисодиёти сирларини ўрганаётган экан, бунда бир гап бордир?

Балки чиндан ҳам Каримов ёзган китоб барча муаммолар ечимидир?

Ўша 150 мамлакат вакили Тошкентдан ақл ўрганиб қайтгач, Осиëю Африка, Европаю Америкадаги давлатлар иқтисодиётларини ўзбекча андозага солиб, ўнглаб олар?

Шу ва шунга ўхшаш саволларимни уч таҳлилчига бердим.

Биринчи суҳбатдошим Комрон Алиевдан “иқтисодиётнинг ўзбекча модели нима?", деб сўрадим.

- Ўзбек модели деганда ўтиш даврида мамлакатда бўлаëтган ҳамма ислоҳотларни¸ иқтисодиëтнинг ҳамма жабҳаларининг назорат қилиниши ва ҳукумат томонидан кучли таъсир ўтказилиши тушунилади¸ дейди Комрон Алиев.

(Бироз илгарилаб шуни айтиб қўймоқчиманки, эшиттиришимизнинг яна бир меҳмони – қирғизистонлик таҳлилчи ҳам Комрон ака айтаётган фикрга ўхшаш гапни айтар экан, Ўзбекистонда советча маъмурий-буйруқбозлик усули асосан сақланиб қолганлигини айтди).

Комрон Алиев: Демак¸ бирорта жараëнлар давлатнинг диққатидан ташқарида четда қолмаслиги керак.

Озодлик: Умуман, у ëки бу давлат иқтисодий модели ясар экан¸ ўшандан кўзланадиган мақсад нима?

Комрон Алиев: Мақсад иқтисодиëтни ривожлантириш ва халқнинг фаровонлигини ошириш.

Озодлик: Демак¸ ўзбекча моделни яратишар экан¸ улар ҳам иқтисодиëтни ривожлантириш ва халқнинг фаровонлигини оширишни кўзда тутишган.

Комрон Алиев: Ҳа¸ шундай.

Озодлик: Мана бугун халқаро жамоатчилик вакиллари Ўзбекистон тажрибасини ўрганаëтган экан¸ шу мақсадга эришилдими ëки йўқми?

- Мен оддий бир фуқаро сифатида айтишим мумкин: Ўзбекистонда иқтисодиëтнинг ривожланиши кузатилмаяпти. Худди шунингдек, одамлар фаровонлигининг ошиши ҳам кузатилаëтганлиги йўқ.

Баъзи бир қўл қўйиш ҳуқуқига эга бўлган, баъзи бир куч ишлатиш ваколатига эга бўлган¸ бошқаларни жавобгарликка тортиш имкониятига эга бўлганларнинг ови бароридан келган. Қурилаëтган коттежларни ўшалар қуради¸ катта магазин ва дўконларни ўшалар очади.

Лекин ўқитувчиларнинг аҳволи нуқтаи назаридан, медицина ходимларининг аҳволи нуқтаи назаридан, институт домлаларининг аҳволи нуқтаи назаридан ҳеч қандай яхшилик томон ривожланиш йўқ.

Жамиятни ривожлантирувчи¸ таъминловчи асосий куч бу тадбиркорлар. Ўзбекистонда ишлаб чиқариш билан шуғулланаëтган тадбиркорларнинг бирортасининг бойиб кетганини мен кўрганим йўқ.

Хитойдан товар олиб келиб сотаëтганлар бойияпти¸ Ўзбекистоннинг пулини Дубайга олиб бориб ташлаб келаëтганлар бойияпти. Шунга ўхшаган олибсотар соҳаларда тараққиëт бор.

Лекин конкрет бир нарса чиқариб бойиб кетган¸ шишиб юрган ëки мажлисда кимнингдир: “Мен корхона қурдим, ундай бўлди, бундай бўлди”, деяëтганини кўраëтганимиз йўқ¸ дейди иқтисодиётнинг ўзбекча модели ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашган Комрон Алиев.

Одатда ички назардан ташқи назар ўткирроқ бўлади.

Шунинг учун яна бир таҳлилчини ташқаридан - қўшни Қирғизистондан изладик.

Иқтисодчи олим Айилчи Сарбаевнинг “ўзбек модели” тўғрисидаги фикрини боя келтирдик. Яъни, унинг айтишича, Ўзбекистонда советча маъмурий-буйруқбозлик усули асосан сақланиб қолган, бозор иқтисодиёти унсурлари ҳам бор. Шунинг учун ҳам...

- Ўзбекистоннинг иқтисодиётига жаҳон иқтисодий инқирози таъсири бўлиши мумкин ҳам эмас, дейди қирғизистонлик таҳлилчи.

Шу жиҳатдан, бир қарашда, Ўзбекистон раҳбарияти тутган йўл жозибали кўриниши мумкин.

- Лекин масаланинг бошқа томони ҳам борки, қандай мамлакат бўлмасин, бозор иқтисодиёти қоидалари, демократик бошқарув, иқтисодиётда демократия ва рақобат кенг жорий этилмас экан, иқтисодиёт тўсиқларга учрайверади, ривожланмайди¸ дейди қирғизистонлик таҳлилчи.

Фикрини давом эттирар экан, қирғизистонлик иқтисодчи, “жаҳон молиявий инқирози Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир қилмади” дегани “у ривожланган, кучли иқтисодиёт” дегани эмас, дейди.

- Агар Ўзбекистонда ривожланиш суръати жадал бўлганида эди, одамлар ташқарига иш излаб чиқмаган, аксинча, бу мамлакатга борувчилар пайдо бўлган бўлар эди, дейди қирғизистонлик таҳлилчи Айилчи Сарбаев.

Таҳлилчи Камолиддин Раббимов "Жамият ва қонун"нинг яна бир меҳмони.

Озодлик: Иқтисодиëтнинг ўзбекча модели нима?

Камолиддин Раббимов: Ўзбек модели деган сўз Ўзбекистонда жуда кўп қўлланилади. Бу Ўзбекистон ҳукумати томонидан четга ҳам тарғиб қилинди.

Мен буни “ўзбек модели” деб эмас¸ кўпроқ “Каримов модели” деб атаган бўлардим. Бу иқтисоднинг ва сиëсатнинг Каримовча усули. Бу на бозор иқтисодиëтига¸ на либерал иқтисодиëтга тўғри келади.

Мана, ҳозир Каримов китоб ëзиб, инқирознинг ва оқибатларининг олдини олиш тўғрисида кўп гапираяпти. “Ўзбекистондаги иқтисодий вазият-чи?” деган масала пайдо бўлади-да.

Мана, Ўзбекистон иқтисодий модели тўғрисида гапирилади. Конституцияда минимал истеъмол саватчаси ҳақида алоҳида модда келтирилган. Лекин нима учун шу пайтгача ўша минимал истеъмол саватчаси аниқланмаган?

Бу жуда ҳам катта муттаҳамлик-ку. Бу конституция¸ қонун ва жамият олдидаги ëлғончилик-ку. Қандай қилиб мана шундай элементар нарсалар бўлмаган ҳолатда ўзбек иқтисодий модели ҳақида гапириш мумкин?

Ҳозир энг кам иш ҳақи 20 долларга бормайди. Ўзбекистоннинг аксарият аҳолисининг олаëтган ойлиги реал эҳтиëжларни умуман қопламайди.

Озодлик: Шу жойда мен анчадан бери мени ўйлантираëтган бир саволни берсам. Ривожланган демократияларда¸ ривожланган иқтисодиётларда энг қора иш қиладиган ишчи соатига камида тўққиз доллар иш ҳақи олади. Ўзбекистон президенти ўтган йил ўртача ойлик иш ҳақи 200 долларга етди¸ деб мақтанди. Мамлакатида ўртача ойлик 200 доллар эканлигини мақтанаëтган президент қандай қилиб Ғарб демократияларидаги¸ Ғарб иқтисодиëтларидаги хатони кўрабилган бўлади? Мен шуни ҳеч тушунмайман-да.

- Биласизми¸ бу авторитар лидерларга хос бўлган бир тафаккур тарзи. Чунки¸ Ўзбекистонда шундай система шакллантирилдики¸ одамлар эркин равишда четдан маълумот ола олмайди. Олганлар ҳам ўша маълумотларни кўтариб, ҳукуматга савол бера олмайди.

Ҳукуматга саволлар бериладиган бўлса ëки ҳукуматга зўриқиш шакллантириладиган бўлса¸ худди Андижондагидек халққа қарши қурол ишлатилади. Яъни халқдан йиғиб олинадиган солиқ ҳисобига халқнинг ўзига қарши куч ишлатилади.

Шунинг учун авторитар режимлар ўзларини жуда ақлли қилиб кўрсатишади. Бунақа ҳолатлар тарихда кўп бўлган.

Лекин кейинги пайтларда Ўзбекистондаги турмуш тарзи қўшни мамлакатларга нисбатан тушиб бораяпти. Ҳукуматнинг иқтисодий соҳадаги сиëсати жуда ҳам ачинарли.

Ҳукумат бугунги кунда 100-150 долларга бормайдиган минимал ойликни ҳам бера олмай турибди.

Каримов 20 йилдан бери ҳокимиятда ўтирибди. Мана шу 20 йилдан бери иқтисодиëт оғирлашса оғирлашаяпти¸ аммо яхши томонга ўзгариш бўлаëтгани йўқ. Ўзбек иқтисодий модели деган нарса йўқ.

Ҳамма Каримовни “иқтисодчи” дейди. Мен уни сиëсатчи деган бўлардим. Уни иқтисодчи дейишга ҳеч қачон тил бормайди¸ дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG