Линклар

“Гуноҳим рўмол ўраганимми?”

  • Гулнора Равшан

Рўмол ўрагани учун университетдан ҳайдалган тожикистонлик Давлатмоҳ Исмоилова турли судлар ўртасида чопиб чарчаганидан кейин ўз конституциявий ҳақ-ҳуқуқлари тикланишидан умидини узганди.

Рўмол ўрагани учун университетдан ҳайдалган тожикистонлик Давлатмоҳ Исмоилова турли судлар ўртасида чопиб чарчаганидан кейин ўз конституциявий ҳақ-ҳуқуқлари тикланишидан умидини узганди.

Тожикистонда миллий университет журналистика факультетининг бешинчи курс талабаси Гулнора Бобоназарова ҳижобини ечишдан бош тортгани учун дипломсиз қолди.

Шаҳритус туманининг Ленинобод қишлоғидан Душанбега ўқишга келганида Гулнора 17 ёшда бўлган. Аввал-бошда у ҳам бошқа курсдошлари сингари европача кийинган. Рўмолни эса университетнинг иккинчи курсини битирганидан сўнг ўраган.

- Каникулда уйга борганимда, акам Ислом аҳкомлари, муслима аёлларга фарз қилинган амаллар тўғрисидаги аудио дискларни олиб келди. У ерда дин уламоларидан бири амри маъруф қилар экан, ҳижобсиз аёлларнинг намозлари қабул қилинмаслигини билдирган.
Мен ҳам Ислом ўзимга буюрган амалларни бажариш учун ҳижобга кирдим, ундан бошқа мақсадим йўқ, дейди Гулнора.

Тўртинчи курсни битиргунича Гулнорага ҳижоби туфайли деярли ҳар кун таҳдид, босимлар бўлиб турган.

- Ҳар кун эрталаб дарсга борганимда, деканимиз Зайниддинов эшик тагида кутиб турарди. Рўмолсиз қизларни ичкарига киритиб, мени ва менга ўхшаган бошқа ҳижоблиларни университет ҳовлисидан чиқариб юборарди.

“Сизлар менинг ишдан ҳайдалишим учун махсус шундай қилаяпсизлар, ҳозир турли шубҳали гуруҳлар пайдо бўлган, сизларни ўшалар тайёрлаб юбораяпти”, дер эди деканимиз.

Йиғлаб-йиғлаб ётоқхонага қайтардим. Менинг гуноҳим рўмол ўраганимми, Худони таниганимми? дея зорланади суҳбатдош.

Можарога чек қўйиш ниятида Гулнора 5-курсдан бошлаб ўқишни сиртқи бўлимда давом эттиради.

Аммо давлат имтиҳонларидан сал аввалроқ декан Зайниддинов Гулнорага, агар имтиҳонга рўмолда келса, ичкарига қўйилмаслигини айтиб огоҳлантиради.

- Мен ўз билганимдан қолмадим. Шунинг учун биринчи имтиҳондан мени ичкарига киритишмади. Курсдошларим битиришди. Мен эса дипломсиз қолдим, дейди Гулнора Бобоназарова.

Тожикистондаги олий ўқув юртлари ўқитувчиларининг айримлари толибалардан ўқишга ҳижобсиз келишни талаб қилиш ўринли, деб ҳисоблайдилар.

Хусусан, Тожикистон педагогика университетининг катта ўқитувчиси Саломат Имомалиева Тожикистон дунёвий демократик давлат эканини ва мамлакат барча таълим муассасаларида қизларнинг ҳижобда келиш расман таъқиқланганини таъкидлайди.

- Университетларга киравериш жойда талаба қиз қандай кийиниши расмларда кўрсатиб қўйилган. У қиз ҳам давлат имтиҳонларигача неча марта огоҳлантириш олгандир. Бирор киши огоҳлантиришсиз, дабдурустдан ҳайдалмайди.

Демак, дунёвий давлат талабларга жавоб бермабди... Буларни ҳам мажбур қилишаяпти ахир. Тунов куни ректор деканимизни чақириб, роса уришибди. Мен ҳам қаршиман шу ҳижобга, дейди олийгоҳ муаллимаси Саломат Имомалиева.

Ўқитувчи суҳбатдошимиз ҳижобга кираётган қизларнинг кўпчилиги айрим диний-экстремистик гуруҳлар тарғиботлари билан чалғияпти, деган ишончда.

- Шу нуқтаи назардан Таълим вазири тожик жамиятида яна бир бор беқарорлик келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида ҳижобни талаба қизларга таъқиқлаб қўйди, дейди Саломат Имомалиева.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон таълим вазири Абдужаббор Раҳмонов 2007 йил 31 март куни имзолаган буйруғига мувофиқ мамлакатдаги барча таълим муассасаларига ҳижобда келиш таъқиқланганди.

Аммо мустақил таҳлилчи Ҳикматуллоҳ Сайфуллозода мазкур буйруқнинг Тожикистон Конституциясига зид эканини таъкидлайди.

- Асосий қонунда Тожикистоннинг дунёвий демократик давлат экани ҳамда фуқароларнинг дин ва эътиқод эркинлиги кафолатлангани айтилган. Аммо таълим вазири имзолаган ва Конституциямизга зид бўлган буйруқ фуқароларимизнинг дин эркинлигини поймол қилаётир. Бунга ҳеч ким пинак бузамаётгани эса ташвишли ҳолдир, дейди мустақил таҳлилчи.

Ҳижоби туфайли давлат имтиҳонларига киритилмаган Гулнора Бобоназарова айни пайтда Шаҳритус туманидаги она қишлоғига қайтган.

Беш йил давомида давлат хазинасига ҳар йили 150 доллардан шартнома пули тўлаганига қарамай, собиқ толиба ҳижоби туфайли диплом олиш имкониятидан маҳрум қилинди.

Бироқ мамлакат адлия тизимига ишончи бўлмаган Гулнора ўз ҳуқуқларини ҳимоялашни сўраб мамлакат судларига мурожаат қилмоқчи эмас.

- Бундан ҳеч қандай натижа чиқмайди. Ота-онам ҳам судга бермаслигимни тавсия қилишди. Таълим вазирлигини судга берган Давлатмоҳ Исмоилова нимага эришди?

Барибир ҳақиқат йўқ, ким ҳукумат тепасида бўлса, ўша ютади, бизнинг эса югурганимиз қолади, холос, дейди Гулнора Бобоназарова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG