Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:46

Фарғона милициясига иш топилди


Ишсизлик даражаси юқори бўлган Ўзбекистонда бозордаги савдо-сотиқ айрим фуқаролар учун ягона даромад манбаи бўлиб ҳисобланади.
Ишсизлик даражаси юқори бўлган Ўзбекистонда бозордаги савдо-сотиқ айрим фуқаролар учун ягона даромад манбаи бўлиб ҳисобланади.

Бозорга сиғмаган ўзбек деҳқони бозор ташқарисидан ҳам қувилмоқда. Фарғона шаҳар расмийлари бу тадбирни амалга ошириш учун милиция ва солиқчиларни ишга солаяпти.

Ўзбекистонда пишиқчилик фасли бошланди. Бировнинг бир парча томорқасида қулупнайи пишди, бировнинг гилоси қизарди.

“Отанг бозор, онанг бозор” деганларидек, фарғоналиклар ва шаҳар атрофида яшайдиган аҳоли етиштирганини тўрт танга қилиш мақсадида бозорга чиқди.

Бироқ бозор ҳаммани сиғдира олмайди, иккинчидан, эса бир челак гилосга ҳам фалон сўм патта пули тўлаш керак. Одамлар бозордан ташқарида савдо қилишга мажбур бўляптилар.

Фарғоналик Ғанихон Маматхонов бозор атрофида ана шу деҳқонларнинг милиция ходимлари томонидан қувилишига гувоҳ бўлганини гапиради:

- Мен ҳозир Фарғона шаҳридан келдим. Милиция ходимлари кўчаларда деҳқончилик маҳсулотларини сотаётган одамларни қувиб юришибди.

Уларнинг маҳсулотларини олиб қўйишаяпти. Деҳқонлар ҳатто патта пули тўлолмаганлиги учун ҳам бозорга киришолмаяпти. Кўчада эса уларга милиция кун бермаяпти, дейди Ғанихон Маматхонов.

Фарғоналик Ҳасанжон аканинг айтишича, деҳқонлар бугун сарсон бўлиб қолдилар. 50-60 нафар милиция, солиқ инспекцияси ходимлари кўчалардан деҳқонларни бозор ичкарисига ҳайдаш билан овора. Ваҳоланки, дейди у, ичкарида бўш жойнинг ўзи қолмаган:

- Ҳозир ҳар куни 20 нафар солиқчи, 30 нафар милиция ходими ва ўнга яқин СЭС ходими деҳқонларни ҳайдаш билан овора.

Шуларнинг ўзи халқнинг ҳисобидан ойлик олиб кун кўрадиганлар. “Халқни тинч қўй, уни ҳайдама, бозорини қилаверсин”, дейдиган одамнинг ўзи йўқ.

Аслида уларнинг иши тамоман бошқа нарса бўлиши керак. Тўполон, жанжал. Кимнидир молини тортиб олган, кимнидир қақшатган. Ахир халқ оғир кунга қолмаганда шундай қилармиди?

Тирикчилик учун қиляпти-ку, кунини бир амаллаб ўтказиш учун бир пақир (челак демоқчи – таҳр.) гилосини бозорга олиб чиққан-ку. Лекин ҳеч ким халқни тушунишни истамайди. Зуғум устига зуғум бўляпти.

Булар халқнинг сабр косасини тўлдириб юборяпти. Худо кўрсатмасин, бирортаси “ур ана шу мелисани” деб қолса борми? Наҳотки ҳокимлар шуни тушунмаса? дейди Ҳасанжон ака.

Фарғоналик Маъруфжон аканинг сўзларига кўра, шаҳар бозорида деҳқон жуда кам. Ҳамма жойларни олибсотарлар эгаллаб олган:

- Фарғона шаҳридаги бозоридаги жойларнинг ҳаммаси ўша ерда йил ўн икки ой савдо қиладиган олиб-сотарларнинг ўртасида тақсимланиб бўлган. Бегона одамнинг кириши жуда қийин. Баъзи кунларда 20-30 фоиз деҳқонлар ҳам бўлиб қолиши мумкин. Лекин уларга у жойлардан жой тегмайди, дейди Маъруфжон ака.

Ғанихон Маматхоновнинг айтишича, ўйланмай қилинган бундай тадбирлар хунук оқибатларни келтириб чиқариши мумкин:

- Мен бир нарсадан чўчияпман. Нега халқнинг аҳволи оғирлигини яхши билган ҳукумат яна халқнинг бозорини оғирлаштиради?

Ҳукумат ўзи атайин бир жанжал чиқармоқчимикин, деган ўйим ҳам бор. Чунки президентнинг чиқарган фармон ва қарорлари ҳаммаси халқ фойдасига. Лекин Фарғона вилоятида бу қарорларнинг тескари ижроси бўляпти. Ана шу мени ташвишга солади, дейди Ғанихон Маматхонов.
XS
SM
MD
LG