Линклар

logo-print

Покистон ҳарбийлари Сват водийсининг маркази ҳисобланмиш Минғора шаҳарчасида Толибон жангариларига қарши кўча жангларини олиб борилаётганини маълум қилдилар.

Покистон ҳарбийларига кўра, Минғора шаҳарчаси қуршаб олинган, лекин шаҳар ичидаги жанглар давом этмоқда.

Ҳарбий амалиётлар шаҳар ичида 20 мингдан ортиқ тинч аҳоли қолаётгани ва Толибон жангарилари қўйган миналар боис қийин кечмоқда.

Армия матбуот вакили генерал-майор Атҳар Аббос хавфсизлик кучлари тинч аҳоли орасида талафотларнинг олдини олишга ҳаракат қилаётгани боис ўтказилаётган амалиёт суръати “ўта секин” бўлишидан огоҳлантирди.

- Минғора шаҳрида кўча жанглари олиб борилмоқда. Шаҳарнинг баъзи ҳудудлари тозаланди ва жанглар оқибатида талафотлар бор. Бу жуда қийин ва хавфли операциядир, чунки шаҳардаги кўчалар ва уйлар бирма-бир тозаланиши лозим, деди генерал.

Покистон ҳукумати кучлари Минғорага шанба куни кирди. Шаҳар ишғоли Сват водийсида Толибон жангариларига қарши бир ойдан бери давом этаётган амалиётларнинг муҳим нуқтаси ҳисобланади.

Бу операция ҳукумат билан Толибон ўртасидаги келишув бузилиб, жангарилар ўз таъсир доирасини кенгайтириши ва пойтахт Исломободга 100 километр яқинликда ўз кучларини ташлаганидан кейин бошланди.

Толибон жангарилари Сват водийсининг маъмурий маркази ҳисобланмиш Минғора шаҳрини бир неча ҳафтадан бери назорат қилиб келаётган эди. Унинг ишғол қилиниши ҳукумат кучларининг операцияси муваффақияти учун муҳимдир.

Покистон армияси матбуот вакили Аббос шанба кунги жангларда Толибоннинг 17 жангариси, жумладан нуфузли қўмондонларидан бири ўлдирилганини маълум қилди.

У Покистон кучлари шаҳардаги муҳим ҳудудларни жангарилардан тозалаганини ҳам қўшимча қилди.

- Минғорани тозалаш ҳаракатлари бошланди. Хавфсизлик кучлари Минғорада Ҳукумат биносидан то Макон Боғгача бўлган ҳудудларни, жумладан, Континентал мехмонхонасини тозалади, деди генерал Аббос.

Покистон ҳарбийларига кўра, бир ойдан бери давом этаётган амалиётларда 1100 га яқин жангари йўқ қилинган, ҳукумат кучлари 50 аскарни йўқотган. Ҳозирда Сват водийсида 15 минг қўшин 1500-2000 орасидаги “ашаддий жангарилар”га қарши жанг қилмоқда.

Бу рақамлар мустақил манбалардан тасдиқлангани йўқ.

Бирлашган миллатлар ташкилоти жанглар оқибатида 1,7 миллион аҳоли ўз жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлганини айтмоқда.

БМТ Покистонда кўп йилларга чўзилиши мумкин бўлган бўҳрондан огоҳлантирмоқда ва қочқинларга ёрдам бериш учун 543 миллион АҚШ доллари миқдорида пул керак бўлиши айтмоқда.

Шанба куни Покистон Бош вазири Юсуф Ризо Ғилоний ўз мамлакатининг “террорчиликни йўқ қилиш нияти қатъий” эканини баён қилди.

- Лекин разведка маълумотлари жангарилар “мамлакатнинг исталган жойида террорчилик ҳуружини амалга ошириши” мумкинлигига ишора қилмоқда. Толибон жангарилари Сват водийсидаги ҳарбий амалиётларга жавоб қайтариши эҳтимоли юқори, дея қўшимча қилди Ғилоний.
XS
SM
MD
LG