Линклар

Толибон Минғорада позициясини бой бермоқда


Покистон ҳукумат қўшинлари Сват водийсининг маъмурий маркази бўлмиш Минғора шаҳрининг муҳим қисмларини ўз назоратига олганликларини иддао қилмоқда.

Толибон қатор инсонларни бошини танасидан жудо қилган шаҳар марказидаги Яшил Хиёбон ҳам жангарилардан тозаланган.

Ҳукумат ҳарбийларига кўра, якшанба куни Минғора учун кечган жангларда беш жангари йўқ қилинган, 14 нафари ҳибсга олинган.

Шунингдек, ҳукумат қўшинлари Минғора атрофида йўл четига қўйиб кетилган 12 та минани зарарсизлантиришга муваффақ бўлганлар.

Ҳужумлар оқибатида бир миллион етти юз минг одам яшаб турган жойларини ташлаб чиққан.

Аввалроқ Покистон ҳукумати билан Толибон ўртасида эришилган тинчлик битимига мувофиқ, Сват водийсида шариат қонунлари жорий этилганди.

Бироқ шу ой бошида Покистон ҳукумати Толибонни тинчлик битимида кўзда тутилмаган ҳудудларда ҳам назоратни кенгайтиришга уринаётганликда айблаб, ҳужумларни бошлаган эди.
XS
SM
MD
LG