Линклар

Эртага ёз. Нима иш қиламан?

  • Сарвар Усмон

Ишнинг кўзини билиб¸ бозорда ўзига раста оча олган мигрантлар¸ кунлар илиши билан бозордаги олди-бердининг ҳам уйғониб қолганини айтмоқдалар.

Ишнинг кўзини билиб¸ бозорда ўзига раста оча олган мигрантлар¸ кунлар илиши билан бозордаги олди-бердининг ҳам уйғониб қолганини айтмоқдалар.

Роппа-роса бир ҳафтадан сўнг меҳнат мигранти учун меҳнат фасли – ёз бошланади. Россияга серқуëш¸ илиқ кунлар келиши билан мигрантлар учун иш бозорининг ҳам жонланаëтгани айтилмоқда.

Мана бир неча ойдирки, бу мавзуга Россиянинг Москва, Волгоград, Челябинск ва Новосибирск шаҳарларида меҳнат қилаётган 3 - 4 конкрет ўзбек меҳнат мигранти нуқтаи назаридан қараб, ҳар 30 – 40 кунда биттадан лавҳани эътиборингизга ҳавола қилиб келаяпмиз.

Сарлавҳаси “... Нима иш қиламан? ” деб тугайдиган туркум лавҳаларимизнинг доимий қаҳрамонларидан икки киши – Москвада ишлаётган Муҳаммаджон билан Волгоградда ишлаётган Ҳамидиллони бу гал тополмадик.

Бироқ сўнгги лавҳамизда иштирок этолмаган Дилфузахон билан гаплаша олдик.

Челябинск бозорларидан бирида тужжорлик қилаётган Дилфузахон ҳам, Новосибирскда касаначилик қилаётган Ҳамидахон ҳам баҳорги ваҳималар ортда қолди, ишлар юришиб кетгандай¸ дейди.

Ҳамидахон: Ëз келиб яхши бўлди. Одамлар ўзининг ишини топиб ишлаяпти.

Озодлик: Яхшилиги нимада билинаяпти?

- Яхши ишларда ишлашаяпти. Магазинларда ишлашаяпти¸ кўчада мева-чева сотишаяпти. Умуман¸ яхши бўлиб қолди¸ дейди Ҳамидахон.

Эътибор беринг: қишга қиёслаганда яхши бўлиб қолди, деяпти Ҳамидахон.

Ҳозир иш топса бўлади, деб давом этади у.

- Лекин ойлик тушиб кетган. Ўтган сафар ҳам айтиб ўтган эдим. 17-18 минг рубл олаëтганларники 10 мингга¸ 10-11 минг рубл олаëтганларники 5-6 минг рублга тушиб қолди¸ дейди Ҳамидахон.

Россия инқироздан чиқаяптими-йўқми?

Бу академик иқтисодчиларга бериладиган савол. Лекин бизни бугун оддий меҳнат мигрантининг жавоби қизиқтираяпти.

- Менинг фикримча¸ инқироздан чиқаяпти деса ҳам бўлаверади. Энг оғир вазият қишда бўлдида. Ҳозир инқироздан деярли чиқиб қолди¸ дейди Ҳамидахон.

Бу Новосибирскдаги, баҳорнинг сўнгги ҳафтаси бошидаги вазият.

Доимий қаҳрамонларимиздан яна бири – Дилфузахоннинг Челябинскдаги бозорлардан бирида чоғроқ савдо пештахтаси бор.

Озодлик: Мана тўрт кундан кейин ëз келади. Аҳвол қайси томонга ўзгараяпти: яхши томонгами¸ ëмон томонгами?

- Энди ëз бўлса¸ яхши томонга ўзгаради. Мисол учун¸ деярли ҳамма жойда қурилиш ишлари бошланди. Ўзи қишда ҳам тўхтамайдиган қурилишлар “ҳамма жой музлаб қолди” деб тўхтаган эди. Бозорда ишлайдиган болаларнинг кўпчилиги қурилишга кетишди¸ дейди Дилфузахон.

Челябинскда ҳам худди Новосибирскдагидай кўриниш: иш топиш мумкин, бироқ иш ҳақи озайиб кетди.

Дилфузахон: Ўтган йили нархи 15 минг бўлган ишларнинг нархи бу йил 12 минг.

Озодлик: Иш ҳажми инқирозгача бўлганчаликми ëки озроқми?

Дилфузахон: Масалан¸ ўтган йил олтита ишлаган жойимизга бу йил ўнта кетаяпмиз дейишди. Бу дегани ишчи кўпайган.

Озодлик: Сиз ишлаëтган Челябинскда бошқа масалаларда давлатнинг инқироздан чиқаëтгани кўринаяптими ëки унинг аксими? Мана боя қурилишни айтдингиз.

- Бошқа масалаларда¸ мана бозор савдо билан айтиб қўяди. Савдо ўтган йилгига қараганда уч баробар пасайган. Ўтган йил шу пайтлар 25 минглик савдо бўлган бўлса¸ ҳозир шу 10 минг. Бу одамларнинг “эртага нима бўлади? Пулимни ушлай” деган паникасими билмадим.
Завод фабрикаларнинг ҳаммаси ишлаяпти. Ҳамма ишхоналарда фақат пенсияга чиқиб ишлаëтганларни ишдан бўшатган. Балки ишчи кучини тозалаб олишга баҳона бўлгандир. 50 ка кириб пенсияга чиққанини ишлатгандан кўра¸ 30 га кирган кучлисини ишлатгани яхшида¸ дейди Дилфузахон.

Туркум лавҳаларимизнинг аввалгиларида ҳам, шу мавзудаги бошқа мақолаларда ҳам ўзбекистонлик ва умуман марказий осиёлик меҳнат мигрантлари кўпчилигининг Россиядан қайтаётгани тўғрисида кўп гап бўлган эди.

Шу кунда кетадиган кетиб, келадиган келиб бўлди.

Хўш, кетган кўп бўлдими Россиядан, келганми?

Дилфузахоннинг фикри:

- Россиядан кўп кетди. Бозорда савдо қиладиганларга квартира топиш муаммо эди. Ҳозир ҳар кун уч ëки тўртта одам “квартира топшираман¸ керакми” деб келади.

Уйлар бўшаяпти¸ нархи тушаяпти¸ коммунал тўловларнинг нархи тушаяпти. Ҳеч бўлмаса коммунал тўловни тўласа бўлди¸ дейдиган даражага борадими деб ўйлаяпмиз.

Ҳозир келаëтганлар олдин ишлаганлар эмас. Россияга биринчи марта келаëтганлар кўп келаяпти¸ дейди Дилфузахон.

Бугунги суҳбатдошларимиздан эшитганларимиз баъзи хулосаларни қилишга асос бўла олади.

Демак, Россияга шу кунда борган одам иш топиши мумкин.

Лекин бу имконият меҳнат мигрантларининг катта қисми ватанига қайтиб кетгани туфайли пайдо бўлганини унутманг.

Россиялик иш берувчи тўлаётган иш ҳақи бир-икки йил аввалгидай эмас.

Лекин иш ҳақининг озлиги аламини уй-жой ижараси ҳақининг озайгани ювиб кетиши мумкин.
XS
SM
MD
LG