Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:31

Мактаб тугади¸ олдинда дала


Болаларнинг айтишича¸ 25 май кунги сўнгги қўнғироқ¸ уларни бир кунга бўлса-да¸ яйдоқ далага чиқиб¸ ягана қилишдан асраб қолган.
Болаларнинг айтишича¸ 25 май кунги сўнгги қўнғироқ¸ уларни бир кунга бўлса-да¸ яйдоқ далага чиқиб¸ ягана қилишдан асраб қолган.

Халқ таълими расмийларининг инкор этишига қарамай гувоҳлар¸ Хоразм, Фарғона, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё каби вилоятларда мактаб ўқувчиларининг баҳорги дала ишларига жалб этилаëтганини хабар қилмоқдалар..

Жорий йилнинг 17 майидан буён хоразмлик 6-синф ўқувчиси Фарангиз синфдошлари билан ҳар куни эрталаб соат 8 дан бошлаб далада ғўзаларни ягана қилишга жалб қилинган эди.

Фарангизнинг айтишича, 25 май куни “Сўнгги қўнғироқ” муносабати билан улар далага чиқарилмаган.

- Бугун далага чиқмадик. Сўнгги қўнғироқ бўлди бугун, деди хоразмлик ўқувчи қиз Фарангиз.

Ҳуқуқ фаоли Саида Қурбоновага кўра, жиззахлик ўқувчиларга ҳам “Сўнгги қўнғироқ” муносабати билан фақат бир кун далага чиқмасликка рухсат берилган.

Саида Қурбоновага кўра, Жиззахда ҳам ўқувчилар 17 майдан далага ҳайдалган.

- Бизнинг Чаманзор қишлоғи¸ Навбаҳор хўжалигида Аҳмад Яссавий номидаги 7- мактаб бор. Ана шу мактабнинг 7-8-9-10 синф ўқувчилари 17 майдан буён чопиққа олиб чиқилаяпти.

Дарслар тўхтатилган. Болалар дарс ўрнига далага олиб чиқилаяпти. Қўшни қишлоқларда ҳам аҳвол шундай. Вилоят бўйича коллежлар бутунлай ëпилган, дейди Саида Қурбонова.

Жиззахдаги мактаблардан бирида ишлайдиган бир ўқитувчи аёл ҳам ўқувчиларнинг дала ишларида эксплуатация қилинаётганини тасдиқлади.

- Бизнинг мактабнинг ўқувчилари Шароф Рашидов жамоа хўжалигидаги фермер хўжаликларига олиб чиқилаяпти. 15 майдан бошланди. Шунингдек, коллеж талабалари ва институтларнинг 2-3 курс талабалари ҳам далага олиб чиқилаяпти, деди жиззахлик ўқитувчи аёл.

“Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, Самарқанд ва Қашқадарёда ҳам ўқувчилар дала ишларига жалб қилинган.

- Самарқанд вилояти¸ Ургут тумани далаларида ўқувчилар чопиқ қилишаëтган экан. Уларнинг ичида 3 синфдан тортиб то юқори синф ўқувчиларигача бор.

Бундан ташқари Қашқадарë вилоятининг Қарши¸ Нишон тумани далаларида ишлаëтган болаларни кўрдим. Уларнинг айримлари билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдим.

Уларнинг айтишича¸ ҳозир ўша ерда маҳаллий ҳокимиятлар томонидан “Зарбдор гуруҳлар” тузилган. Булар пулга ëлланиб ишлайдиган гуруҳлар. Уларнинг таркибида катта ëшдаги одамлар билан биргаликда, ўқувчи ëшлар ҳам бор.

Мен болалар билан, асосан, эрталаб гаплашдим. “Нима учун дарсга бормадинглар”¸ деб сўрасам¸ “Зарбдор гуруҳ”да ишлаëтган болаларга ўқитувчилар индашмайди” деган жавобни беришди, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Биз Хоразм, Жиззах вилоятларидаги халқ таълими мутасаддилари билан боғланганимизда улар ўқувчиларнинг дала ишларига жалб қилинганини инкор қилишди.

Самарқанд вилоятининг Ургут тумани халқ таълими соҳасида ишловчи бир шахснинг айтишича, мактаб мутасаддилари болаларни далага олиб чиқмаслик бўйича юқоридан қатъий кўрсатма олишган.

- Маориф мудири мактаб директорларини болаларни бирор киши бирор ëққа олиб бормаслиги борасида қаттиқ назоратга олган. Лекин “катталаримиз” ўзларининг қариндошлари бўлган ўқувчиларни далага олиб чиқаётган бўлиши мумкин.

Буни энди ўзим кўзим билан ҳам кўрдим. Лекин бу гуруҳларни ўқитувчилар ташкил қилган эмас. Пахта вақтида ҳашарга чиққан бўлиши мумкин-у, лекин ҳозирча болаларни ўқитувчилар томонидан далага олиб чиқилаётган ҳолатлари бўлмаяпти, деди суҳбатдош.

Маълумки, ўтган йили “Wal-Mart”, “H&M”, “Marks & Spencer”, “TESCO” каби кийим-кечак савдоси билан шуғуланувчи дунёнинг йирик ширкатлари болалар меҳнати эвазига Ўзбекистонда етиштирилган пахтадан тайёрланган маҳсулотларга бойкот эълон қилганди.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Тошпўлат Йўлдошев Ғарбнинг эътирозларидан кейин ҳам ўзбек расмийлари бола меҳнатини эксплутация қилаётганларини шундай изоҳлайди.

- Ғарб мамлакатлари эълон қилган бойкот Ўзбекистон иқтисодига¸ унинг дунëдаги обрўсига қаттиқ таъсир қилаяпти. Лекин Ўзбекистон ҳукуматининг давлатнинг иқтисодий¸ ижтимоий соҳасини бошқара олмаслиги болаларни оғир жисмоний меҳнатга тортишга сабаб бўлаяпти.

Ҳукуматнинг қўлидан иш келмаслигининг асосий белгиси бу. Шунинг учун на қонунни¸ на дунë жамоатчилигининг эътирозини назарга олмаяпти, дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Маълумки, 2008 йили расмий Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëев қишлоқ хўжалик ишларида болалар меҳнатидан фойдаланмасликка оид фармонга қўл қўйган эди.

Ўтган йилнинг январ ойида мамлакатда “Болалар ҳуқуқи кафолатлари тўғрисида”ги янги қонун ҳам қабул қилинди.

Шунингдек, ўтган йили “Энг ёмон кўринишдаги бола меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш ва уни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш тўғрисида”да қонун кучга кирди.
XS
SM
MD
LG