Линклар

Петреус Каримовни такрорлади

  • Садриддин Ашур

Кейинги тўрт ой давомида Марказий Осиë пойтахтларининг барига сафар қилганини айта туриб генерал Петреус¸ энг муҳим келишувнинг Ўзбекистон билан эришилганини таъкидлади.

Кейинги тўрт ой давомида Марказий Осиë пойтахтларининг барига сафар қилганини айта туриб генерал Петреус¸ энг муҳим келишувнинг Ўзбекистон билан эришилганини таъкидлади.

Озодлик билан суҳбатда АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари¸ Ўзбекистон президентининг феврал ойидаги баëнотини деярли сўзма-сўз такрорлади. Хўш¸ бундай "такрор" остида қандай мазмун бор?

24 май куни Озодликнинг Прагадаги студиясида меҳмон бўлган АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Дэвид Петреус Озодлик радиоси сиёсий шарҳловчиси Жей Толсон саволларига жавоб берди.

Генерал Петреус Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан алоҳида учрашгани ва Афғонистонга НАТО ноҳарбий юкларини етказишда бу давлатлар раҳбарлари билан келишувга эришганини айта туриб¸ энг муҳим келишувнинг Ўзбекистон билан тузилганини таъкидлади.

Хўш, Петреуснинг “Ҳамма йўллар Ўзбекистонга элтади” деган гапи тагида қандай гап бор? Бу АҚШ ва НАТО билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг янги поғонага чиққанини англатадими?

Петреуснинг бу баëнотига ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов муносабат билдиради.

Камолиддин Раббимов: Менинг назаримда¸ бу ерда биринчи ўринда темир йўллар ҳақида гап кетаяпти. Афғонистонга шимолдан борадиган ягона темир йўл - Термиз темир йўли. Чунки собиқ иттифоқ даврида Туркманистон ва Тожикистон орқали темир йўллар қурилмаган.

Эрон¸ Покистон ва Ўзбекистон Афғонистоннинг темир йўл билан боғланган қўшнилари бўладиган бўлса¸ Ғарб учун ҳозирги пайтда Ўзбекистон анча мақбул йўл деб қаралаяпти.

Чунки Покистонда ҳали тинчлик ўрнатилгани йўқ. Чегара ҳудудларида вазият анча мураккаб. Эрон билан Ғарбнинг анча муаммолари бор.

Ўзбекистон авторитар бўлганлиги¸ Андижон воқеалари билан боғлиқ чигаллик борлигига қарамасдан¸ Ғарбнинг Ўзбекистонга нисбатан босимидан¸ назаримда¸ иккала томон ҳам манфаатдор.

Бир томондан¸ Ўзбекистон ўзининг Ғарб билан муносабатларини қайта бошлашни хоҳлайди. Иккинчи томондан¸ Ғарб ҳам бу вазиятдан фойдаланиб¸ Афғонистон борасида ҳамкорликни кучайтиради.

Озодлик: Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг Тошкентга сафари пайтида¸ Ислом Каримов шу масалага тўхталган эди. Ўшанда Тошкент раҳбари Ўзбекистондан Афғонистонга юк ўтказиш масаласини Москва етакчилигидаги ҳарбий-сиëсий блок доирасида амалга оширишга қарши эканини ҳам таъкидлаган эди.

Жумладан¸ Каримов “Яхшилаб қарангларчи. Ўзбекистондан ўтмасдан Афғонистонга қандай қилиб юк транзитини амалга ошириш мумкин” деган эди. Каримовнинг “Барибир келасизлар экан. Барибир ялинасизлар экан. Барибир мен орқали ўтасизлар экан” деган ишонч уфуриб турган баëнотини бугунга келиб АҚШ генерали Петреус эътироф этишга мажбур бўлганга ўхшамайдими?

Камолиддин Раббимов: Бу қизиқ вазият. Москва “Марказий Осиëда менинг таъсир доирам юқори. Шунинг учун Марказий Осиëдан транспорт масалаларида келишмоқчи бўлсанг¸ мана биз билан келиш” деган фикрни айтди.

Яъни Колликтив хавфсизлик шартномаси ташкилоти орқали Ғарб билан¸ АҚШ билан келишиб¸ Москва асосий дивидендларни ўзига олмоқчи эди. Бу¸ албатта¸ Каримовнинг ғашига тегади. Чунки Каримов бу каби келишувлардан тушадиган дивидендларни биринчи ўринда Ўзбекистоннинг ўзи олишни хоҳлайди.

Каримов бу орқали “Ўзимнинг ҳудудимдан ўтадиган нарсаларни Москва билан эмас¸ мен билан келиш. Ҳамма масалаларни мен билан савдолаш” демоқчи бўлгани бир томондан Москвага сигнал.

Иккинчи томондан¸ Ғарбга “Москва бу ерда қанчалик аралашишни истамасин¸ фақатгина Каримовдан сўраш ҳуқуқи бор. Унга босим қилишга ëки уни мажбурлашга Москванинг ресурслари етмайди” деган сигнал бор.

Озодлик: Ўзбекистон ҳукуматининг сиëсати кейинги пайтда анча ўзгарувчан бўлиб турибди. Масалан¸ Ереванда бўлиб ўтган КХШТ йиғилишида Ўзбекистон қатнашмади. Мана куни-кеча Олмаотада шу ташкилотнинг йиғилиши бўлди. Бунда Бош вазирлар қатнашиши керак эди. Аммо оддийгина бир ўринбосар иштирок этди. Мана Николай Бордюжа ҳам Ўзбекистонга келиб кетди. Бу Россиянинг ташвишга тушиб қолаëтганидан дарак эмасми?

Камолиддин Раббимов: Менинг назаримда¸ шундай. Чунки Ўзбекистон ҳукумати ўз геосиëсий ориентирларни тез-тез ўзгартиришини намоëн этгани билан ажралиб туради.

Назаримда Каримов¸ бир томон билан яқинлашади ва яқинлашаëтган томондан қандайдир катта нарсалар кутади. Маълум бир муддатдан кейин¸ бу кутишлар амалга ошмайди.

Каримов Ғарб билан яқинлаша туриб¸ Москва остидаги ҳар битта лойиҳаларга алоҳида-алоҳида муносабат билдирса керак. Яъни КХШТ¸ ЕвросиëИҲ ва ҳоказо. Ўзбекистон ëппасига ҳаммасидан чиқмайди¸ ҳаммасида иштирок ҳам этмайди.
XS
SM
MD
LG