Линклар

logo-print

Ўйин шиддати ошмоқда

  • Фаррух Юсуфий

Аввалига Марказий Осиëни ўзининг арзон-гаров кенг истеъмол моллари учун бозорга айлантириб олган Хитой¸ эндиликда минтақа ëнилғи секторини секин-аста назоратга олиш стратегиясини кўзлаëтган кўринади.

Аввалига Марказий Осиëни ўзининг арзон-гаров кенг истеъмол моллари учун бозорга айлантириб олган Хитой¸ эндиликда минтақа ëнилғи секторини секин-аста назоратга олиш стратегиясини кўзлаëтган кўринади.

Таҳлилчиларга кўра¸ Ғарб сармоядорлари молиявий бўҳрондан омон чиқиш билан овора бўлиб турганидан фойдаланаëтган Хитой¸ турли иқтисодий лойиҳалар баҳонасида Марказий Осиëга юриш қилмоқда.

Ўзбекистондаги энергетик лойиҳаларда миллионлаб долларлик сармоялари билан иштирок этишга қизиқиш кўрсатаётгани, минтақадаги бошқа мамлакатларда ҳам қурилиш ва инфратузилмаларни ривожлантириш лойиҳаларни молиялаштириш, хусусан, Қозоғистоннинг энерегетик ва молиявий соҳаларини ривожлантиришга 10 миллиард АҚШ долларига тенг кредит ажратиш қарори Хитойнинг бу минтақадаги узоқ муддатли стратегиясининг бир бўлагидир, демоқда таҳлилчилар.

Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институтининг Марказий Осиё бўйича эксперти Алишер Илҳомов, бугун давом этаётган халқаро молиявий бўҳрон, улкан иқтисодий имкониятларга эга бўлган Хитой учун Марказий Осиёда, биринчи навбатда, иқтисодий ўйин шиддатини ошириш учун айни муддао бўлди, дейди.

- Ҳар бир давлат ўз ихтиёридаги имкониятларни минтақа ва жаҳон миқёсида ўз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадларида ишлатади, албатта. Ҳозир, Хитой ана шундай имконияти бўлган саноқли мамлакатлардан биридир. У Марказий Осиёда ўз мавқеини ошириш учун асосан иқтисодий воситаларни ишга солаётганини кўряпмиз. Сиёсий жиҳатдан эса, ҳозирча Хитойнинг Марказий Осиёдаги мавқеи халқаро институтларни назорат қилувчи Ғарб давлатлариникидан анча сустроқдир, дейди лондонлик таҳлилчи.

Россиядаги РИА Новости агентлигининг халқаро шарҳловчиси Санобар Шерматова эса, Хитойнинг Марказий Осиё давлатлари билан бугунги кундаги муносабатлари иқтисодий мақсадларни кўзласа-да, узоқ муддатда бундай ёндашув сиёсий дивидендларни ҳам беради, деган фикрда.

- Албатта, қисқа муддатда бу ҳаракатлар Хитой бизнесининг минтақада кучйишига ҳисса қўшади ва сиёсат ҳақида ҳозирча гап бормаяпти. Лекин бизнес ҳам сиёсат эканини эсдан чиқармаслик лозим. Бизнеснинг ва умуман Хитой таъсирининг Марказий Осиёда ошиши секин-аста амалга ошаётганини кузатишимиз мумкин. Бу ҳаракатларда, башқа давлатларнинг стратегиясидан фарқли ўлароқ, қандайдир кескин баёнотлар ёки демаршларни кўрмайсиз. Хитой, таъбир жоиз бўлса, юзида мулойим табассум билан Марказий Осиёда ўзига иттифоқчиларни топмоқда. Бу Хитойнинг минг йилларга мўлжалланган стратегиясига мос келади, дейди Санобар Шерматова.

Хитойнинг Марказий Осиё давлатлари орасида нафақат иқтисодий, балки сиёсий иттифоқчиларни ҳам орттириш ниятлари борлигини Пекиннинг Андижон воқеаларидан кейин Тошкентни қўллаб-қувватлаганида ҳам кўриш мумкин¸ дейди таҳлилчи.

Андижон хунрезлигидан кейин президент Ислом Каримовнинг биринчи хориж сафари Пекинга бўлган эди. Ўша кунлари Ўзбекистоннинг Қўшма Штатлар ва умуман Ғарбдан ҳафсаласи пир бўлиб бораётганини кўриб турган Хитой президент Каримовнинг кўнглини олиш учун сиёсий таянч билан биргаликда жиддий молиявий кўмак ўлароқ, мамлакат иқтисодига бир ярим миллиард АҚШ долларига тенг сармоя ётқизишни ҳам таклиф қилган эди.

Айнан 13 май воқеалари Хитой ўзининг Марказий Осиёдаги мавқеи учун муҳим, деб биладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги Ўзбекистон иштирокининг фаоллашишига ҳам туртки бўлди.

ШҲТнинг Андижон воқеаларидан кейинги биринчи саммитида президент Каримов тузилманинг нуфузи кундан кунга ошиб бораётгани ҳақида гапирган эди.

-Халқаро ҳамжамият яқин келажакда жаҳон майдонида ШҲТ каби ташкилот пайдо бўлганини сезиб қолади, деб умид қиламан, дея таъкидлаган эди Каримов 2005нинг июлида.

Душанба куни CA-NEWS интернет нашри Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг минтақада нуфузи ошиб бораётганига оид мақолани эълон қилди. “МДҲ устида хитойча Шанхай соябони очиладими?” номли мақола муаллифи Юрий Сигов Россия ва Хитой ташаббуси билан тузилган ташкилотда кейингисининг мавқеи ошиб, у кўпроқ Хитойнинг манфаатларига мос келувчи ташкилотга айланиб бораётгани ҳақидаги фикрларни илгари суради.

“Кейинги бир йил давомида ШҲТга раислик қилган Россиянинг Марказий Осиёдаги таъсири камайди, Хитойнинг эса минтақа ва норасман “Пекин МДҲси” деб айтилаётган тузилмадаги фаоллиги кучайди”, деб ёзди мақола муаллифи.

Россиялик таҳлилчи Санобар Шерматова бу фикрларга қўшилмайди.

- Бундай демаган бўлардим. Чунки ШҲТнинг вазифалари бошқа, МДҲ ва ЕврАзЭс ташкилотларининг вазифалари бошқа.Фикримча, ШҲТ ҳозирча Россия, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари манфаатларини жиддий тарзда ифода қиладиган ташкилотга айланиб улгурмади. На Россия, на Хитой ва на Марказий Осиё давлатлари бу ташкилотга бир блок сифатида қарайди. Хитой умуман ҳар қандай блокда иштирок этишни хуш кўрмайди. Бу ташкилот Ғарбнинг Марказий Осиёдаги таъсирига муқобил ўлароқ, ташкил қилингани маълум. Лекин Хитой Қўшма Штатларнинг асосий иқтисодий ҳамкорларидан бири эканини унутмаслик лозим. Бошқа томондан¸ Хитой Марказий Осиёда ўзи учун қулай бўлган иқтисодий шароитга эга бўлмоқчи ва шундай шароитни яратишга ҳаракат қиляпти. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти эса бунинг учун бир восита холос, дейди РИА новости агентлигининг халқаро шарҳловчиси Санобар Шерматова.

Бугун Хитой иқтисодий нуфузи бўйича жаҳонда учинчи ўринни эгаллайди. Ўтган йили ички ялпи маҳсулоти 4 триллион АҚШ долларидан ортиқроқни ташкил қилди ва унинг йилдан йилга ошиб бораётгани инобатга олинса, Марказий Осиëда Хитой фаоллигининг янада ошиб боришини башорат қилиш мумкин, дейди таҳлилчилар

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG