Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:10

Тошҳовуздаги турма маҳбусасининг ҳикояси


Хоразм чегарасига яқин жойлашган Тошҳовуз қамоқхонаси¸ Туркманистондаги энг аянчли турмалардан бири саналади.
Хоразм чегарасига яқин жойлашган Тошҳовуз қамоқхонаси¸ Туркманистондаги энг аянчли турмалардан бири саналади.

Туркман шоири Махтумқули таваллуд куни муносабати билан Туркманистон қамоқхоналаридан 1600 нафар маҳбус озод қилинди. Аммо Махтумқули шарофати билан қилинган амнистияга сиëсий маҳбуслар илинмади.

Туркман мухолифати етакчиларидан бири Борис Шихмуротов ўзининг 60 ëшини қамоқда кутиб олди.

Айни пайтда ўғирлик қилиб¸ одам ўлдириб¸ наша сотиб қўлга тушган юзлаб жиноятчилар жазодан озод бўлди.

Ўзбекистоннинг Туркманистон чегарасида контрабанда олиб ўтаëтган ўзбек фуқароси икки тарафдан қуршовга олинса¸ у албатта туркман полициясига таслим бўлади.

Бу Хоразм вилояти¸ Шовот тумани чегара постида кўп учрайдиган ҳодиса.

Потенциал жиноятчилар наздида¸ Туркманистонда амнистияга тушиб тезда ичкаридан ташқарига қутулиб чиқиш мумкин.

Ўзбек-туркман чегарасида ушланганлар аксар ҳолларда Тошҳовуз турмасига олиб кетиладилар.

Озодлик мухбири куни-кеча Тошҳовуз қамоғидан озод бўлган собиқ маҳбуса билан суҳбатлашди.

"Тошҳовуз қамоқхонасида аҳвол оғир¸ аммо қўл-оëғинг чаққон бўлса¸ орқангда бир-икки сўм пул бўлса¸ ўлмай чиқадиган жой"¸ деб гап бошлади суҳбатдош.

- Бир сабаб билан қамоққа тушдик. Қамоқхона яхши жой эмас. Аммо у ерни тартиб-қоидасига тушиб олсанг¸ бир амалласа бўлади. Иш билан банд бўлсангиз¸ вақт тез ўтади.

Озодлик: Туркманистон турмаларида, асосан, бегуноҳлар ўтирибди, деган гап юради. Бунга сизнинг муносабатингиз қандай?

- Бегуноҳ деб айта олмайман. Балки қилган жиноятига нисбатан қаттиқроқ жазо олганлар бор, десак тўғри бўлади. Мен кўрганларнинг ҳаммаси нимадир қилиб қўлга тушган.

Озодлик: Маҳбусаларнинг шароити қандай?

- Ëтоғига бир амаллаб чидаса бўлади¸ аммо овқатини еб бўлмайди. Нон ўрнига хамир беришади. Қуртлаган ундан қилинади бу “нон”. Эланмагани учунми қуртлари устига чиқиб ëтибди.

Озодлик: Тошҳовуз турмаси тиқилинч¸ тор ҳужраларда 8-12 киши усти устига ëтибди¸ касал-соғ аралаш деган гапга нима дейсиз?

- Энди ўта оғир¸ яраси оқиб ëтган касалларни ажратиб, изоляторга олиб кетишади. Битта ҳужрада 50 ëки 45¸ энг камида 36 киши ëтади. Каравотлар икки қават. Ҳожатхонанинг ëнида ҳам одамлар ëтишади.

Озодлик: Туркманистон маҳбуслар меҳнатини суиистеъмол қиладиган давлатлар рўйхатининг юқорисидан тушмайди. Маҳбуслар нима иш қилишади?

- Шу гилам тўқиймиз¸ ип йигирамиз¸ полос сачоғини қирқамиз¸ арқон ўрамиз¸ кўрпа-тўшак қоплаймиз¸ эркаклар киядиган шалвор иштонларни тикамиз.

Озодлик: Сизларга бунинг учун бирор бир миқдорда маош беришадими?

- Қанақа маош?! Маҳбусга ҳам маош берар эканми... Бизни уч сменалаб тонгдан шомга қадар ишлатишади. Ейдиган ичадиганимизни уйдан олдирамиз.

Умуман турмада пулинг бўлса¸ сенга хоҳлаган зотингни келтириб беришади. Масалан, наша Тошҳовуз турмасида очиқ сотилади.

Агар пулинг бўлмаса¸ турмада сени хўрлашади¸ уриб янчишади. Пул бермаганлар уйидан гилам олиб келиб беришади¸ дейди Тошҳовуз қамоқхонасининг маҳбусаси.

Тошҳовуз қамоқхонаси Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятига энг яқин ерда жойлашган бўлиб адолатсизлик¸ ҳақсизлик ҳукм сурган қаттиқ режимли қамоқхона сифатида кўрилади.
XS
SM
MD
LG