Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:33

Шимолий Корея синови қораланмоқда


Шимолий Корея ядровий синовига норозилик ифодаси ўлароқ шу кунларда жаҳоннинг турли мамлакатларида акциялар ўтказилмоқда.
Шимолий Корея ядровий синовига норозилик ифодаси ўлароқ шу кунларда жаҳоннинг турли мамлакатларида акциялар ўтказилмоқда.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Шимолий Кореянинг халқаро қонунчиликка зид равишда 25 май куни ўтказган ерости ядровий синовларини бир овоздан қоралади.

Бу ҳақдаги баёнот Хавфсизлик Кенгашининг Япония илтимосига кўра ўтказган фавқулодда мажлисида билдирилди.

Ҳозирда Кенгаш Пхеньян ҳукумати сўзсиз амал қилиши керак бўлган янги резолюцияни ишлаб чиқиш ҳаракатида.

Душанба куни жаҳон ахборот агентликлари Шимолий Корея қисқа масофага мўлжалланган учта ракетасини синаб кўргани ҳақида хабар берган эди.

Шимолий Корея ҳукумати бу галги ядровий синов 2006 йил октябрида ўтказилган синовдан анча кучлироқ бўлганини айтмоқда.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Сюзан Райс Шимолий Корея ядровий синовларини "халқаро қонунчиликнинг қўпол бузилиши" деб атади ва АҚШ Шимолий Кореяни жазолаш учун яна ҳам кучлироқ жазо чоралари жорий этилишига эришажагини билдирди.

- Хавфсизлик Кенгашининг бугунги фавқулодда мажлисида Шимолий Корея ядровий синовлари аниқ-тиниқ тарзда қораланди. Ҳар ким чиқиб ўз қарашини ифодалади ва ҳамманинг қараши бир хил бўлди.

Янги резолюция ҳақида келишиб олдик. Ўйлайманки, ушбу янги резолюция матни яна ҳам кучли ва қатъий бўлади, деди Сюзан Райс БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги фавқулодда мажлис сўнгида.

Айни пайтда Пхеньян ҳукумати президент Барак Обама раҳбарлигидаги АҚШ маъмурияти Шимолий Корея учун душман бўлиб қолаётгани ва Америка тарафидан амалга оширилажак ҳар қандай ҳужумга Шимолий Корея тайёр экани ҳақида баёнот тарқатди.

Америка президенти Барак Обама Шимолий Кореянинг сўнгги амали халқаро тинчликка хавф солиши ҳақда билдирган.

Обаманинг айтишича, Шимолий Кореянинг "эҳтиётсиз амали Осиёдаги барқарорликни таҳдид остига қўяди".

Бу амал, Барак Обаманинг ишонишича, расмий Пхеньянни янада иҳоталашга хизмат қилади, холос.

Шимолий Корея ядровий синовлари унинг қўшниларини ҳам ларзага солган.

Жанубий Корея ядровий синов минтақавий тинчликка жиддий таҳдид эканини билдирган.

Япония бош вазири Таро Асо ҳам Шимолий Корея ядровий синовларини "ғайри қонуний амал" дея атади.
XS
SM
MD
LG