Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:39

Адвокат суст бўлса, қози ...


Мустақил кузатувчилар¸ Тожикистондаги суд жараëнларида ҳам адвокатнинг хўжакўрсинга қатнашиши¸ уларда ҳукмга таъсир қилиш салоҳияти йўқлигини айтиб келадилар.
Мустақил кузатувчилар¸ Тожикистондаги суд жараëнларида ҳам адвокатнинг хўжакўрсинга қатнашиши¸ уларда ҳукмга таъсир қилиш салоҳияти йўқлигини айтиб келадилар.

Тожикистонда мустақилликдан сўнг жиноятда гумонланган бирор киши суд залидан озод этилмаган. Кузатувчилар буни мамлакатда адвокатуранинг мустақил институт сифатида тўла шакллана олмагани билан изоҳламоқдалар.

26 май Тожикистонда адвокатлар куни сифатида нишонланади.

Хўш, бугунги кунда Тожикистонда адвокатлар қанчалик обрў-эътиборга эга? Улар ўз ҳимоясидаги шахсга қанчалик ёрдам бера олади? Ўтган шу давр мобайнида адвокатура мустақил институт сифатида шакллана олдими?

Ана шундай саволлар билан биз Тожикистон Aдвокатлар ассоциацияси аъзоси Абдуқаюм Юсуповга мурожаат этдик.

- Жуда кўп ҳолларда биз ўз ҳимоямизда бўлган шахс билан эмин-эркин, истаган вақтда учрашиш имконига эга эмасмиз. Бунинг учун албатта терговчи билан келишиш шарт. Бу муддатда эса тергов изоляторида сақланаётган айбланувчи ўзига қарши турли кўрсатмалар ёзилган ҳужжатларга имзо чекиб юборади.

Табиийки, бундай вазиятда адвокатнинг ўз ҳимояси остида бўлган шахс устидан ўтказилаётган маҳкама жараёнида қатнашишидан маъно қолмайди. Чунки Тожикистон қонунчилигида айбловнинг асосий далили гумонланувчининг иқрорномаси бўлиб ҳисобланади, дейди Абдуқаюм Юсупов.

Тожикистонлик адвокатга кўра, ҳали жуда ёш бўлган тожик адвокатурасининг мустақил ва эътиборли институт сифатида тан олиниши учун жуда кўп курашиш, қонунчиликда эса қатор ислоҳотлар ўтказиш зарур.

Бошқа бир адвокат Шуҳрат Қудратов эса Тожикистонда терговчилар ҳам, судлар ҳам адвокат фикрини эътиборга олмаслиги, бу эса уларнинг обрўсини тушириб юбораётганидан ташвиш билдиради.

- Кўпинча биз адвокатлар ўз ҳимоямиздаги шахс иши билан танишиш имконига эга эмасмиз. Хусусан, сиёсий ва иқтисодий жиноятларда айбланган кишилар ҳимоя қилиш ишида катта қийинчиликларга дуч келамиз.

Шу ўтган давр ичида жиноятда гумонланган бирор кишига оқлов ҳукми чиқарилмаганининг сабаби ҳам шунда, деб биламан, дейди Шуҳрат Қудратов.

Айни пайтда Қудратов Тожикистонда “Адвокатлар тўғрисида”ги қонун принциплари кўп ҳолларда прокуратура ва суд органлари томонидан бузилаётгани сабабли ҳам адвокатлар кўпинча судлар билан айбланувчилар ўртасида оддий воситачи мақомидан юқорига кўтарила олмаётганини қайд этади.

Тожикистонлик таҳлилчи Жунайдулло Ибодов Тожикистон Конституциясида адвокатларнинг жамиятдаги ўрни ва ролига алоҳида аҳамият қаратилгани қарамай, тожик адвокатураси иккала оёғи билан ҳам оқсаётганини таъкидлайди.

- Тожикистон Конституциясида қўлга олинган шахс оқловчиси келмагунича бирор кўрсатма бермасликка ҳаққи борлиги урғуланади. Биргина шунинг ўзи катта гап.

Аммо, афсуски, адвокатлар мавжуд имкониятлардан тўла фойдалана олмаяптилар. Кўпинча адвокатлар ишни реал олиб бориш, янги далиллар топиш ва таҳлил қилиш, ўз мавқеида мустаҳкам туриш ўрнига судялар билан ўзаро келишиб қўйишдек осон йўлни танлашади.

Тожикистон адвокатурасининг мустақил институт сифатида шаклланиши учун биргина қонунчиликнинг ўзи кифоя эмас. Бу ўринда адвокатларнинг иродаси ҳам жуда муҳим, дейди таҳлилчи Жунайдулло Ибодов.

Таҳлилчининг фикрича, тожикистонлик фуқаролар ҳуқуқлари керакли савияда ҳимоя қилинишини таъминлаш учун мамлакатда теран билимли ва жаҳондаги илғор жамиятлар адвокатлари тажрибасини пухта ўзлаштирган адвокатлар тайёрлашнинг вақти келган.
XS
SM
MD
LG