Линклар

logo-print

Олмоқнинг бермоғи қани?

  • Абдулла Искандар

Олганда кирар жоним¸ чиққанда чиқар жоним¸ деган нақл бугун кўпчилик ўзбекистонликлар қадриятларига монанд кўринади.

Олганда кирар жоним¸ чиққанда чиқар жоним¸ деган нақл бугун кўпчилик ўзбекистонликлар қадриятларига монанд кўринади.

Аксарияти ўзини мусулмон деб билиб¸ Оллоҳ номи билан қасам ичишдан ҳам тоймайдиган ўзбек жамияти шуурини "омонатга хиëнат" қилмаслик қадрияти тарк этаëтгандек. Омонатини қўли билан бериб¸ оëғи билан ололмай юрганлар ҳикояси бунга далил.

Йўлкирага пул қарз олиб кейин ишлаб қайтиб бераман дея Россияга¸ Қозоғистонга¸ Корея ва яна қайсидир давлатларга бадар кетганлар ҳақидаги ҳикояларни кўп эшитганмиз.

Икки кундан кейин келтириб бераман¸ дея пул қарз олиб еб кетганлар ҳақидаги гап-сўзлар ҳам кунора қулоғимизга чалинади.

Қарз олаëтганлар Худони¸ болаларини ўртага қўйиб қасам ичишади¸ эркак одамман¸ мен қайтариб бераман олган қарзимни¸ деб яна далолат келтиради.

Ўртада пул олиб берилгани ҳақида нотариус тасдиқлаган тилхат бўлмагани боис, бу қарздордан пул ундиришнинг сира иложи йўқ.

Бу орада қарз олиб қайтармаганлар сафи кенгайиб¸ қарзни тўламаслик одатий ҳолга айлангандек тасаввур ҳосил бўлади.

Қарз берган билан қарз олган ўртасидаги зиддият баъзан исталмаган оқибатларни келтириб чиқармоқда.

Бундай исталмаган оқибатларни келиб чиқмаслиги учун россиялик фуқаро ўзидан 30 минг рубл қарз олиб қайтариб бермаган Петровни маҳкамага берди.

Маҳкама “Петров қарзини икки баробар қилиб тўласин” деб ҳукм чиқарди.

Агар Петров қарзини тўламаса¸ уни икки йилга озодликдан маҳрум қилиниши ҳақида огоҳлантирилди.

Петров қарзини дарҳол тўлади.

Россияликлар буни адолат тантанаси деб ҳисоблашмоқда.

Ўзбек маҳкамалари ҳам қарз бериб ола олмаганларнинг шикоятлари ëмғирида қолишмоқда¸ дейди бухоролик ҳуқуқ фаоли Бобомурод Раззоқов.

- Шикоятлар кўплиги ҳақиқатан бор гап. Қарзга пул олиб Россияга ëки бошқа чет давлатларга олиб чиқиб ишлатиб қайтариб бермасдан ўзлаштириб кетаëтган йигитлар ҳам учраб турибди. Биз буни жуда ҳaм кўп ҳолатларда кўраяпмиз. Бу ҳам бир томондан аслида қарз¸ дейди Бобомурод Раззоқов.

Бобомурод Раззоқов бу муаммонинг илдизини фуқароларнинг ҳуқуқий саводсизлигида деб билади.

- Қайтариб беради деган ишончда бериб¸ ҳатто тилхат олмайдиганлари бор. Мен сенга ишонаман¸ Худога солдим¸ деганларини кўрганман¸ дейди Бобомурод Раззоқов.

Ўзбекистонлик Хайрулло исмли йигит ҳам¸ пулни қўли билан бериб оëғи билан ҳам ола олмаган мингларнинг бири. Гап 3000 АҚШ доллари ҳақида кетаяпти.

Хайруллога Жаҳонгир исмли бир таниши келиб “чет элга ишга жўнатвораман” деб пул олиб бадар кетган.

Шунча пулни олган одам бир тилхат-пилхат бердими¸ деб сўраймиз.

Хайрулло: Йўқ¸ унақа нарса ëзилмайди.

Озодлик: Қанақа бўлади у? Қасам ичиладими?

- Энди ишончда. Шу холос¸ дейди Хайрулло.

Хайрулло чет элга кетиш учун деярли нотаниш одамга пул бериб ола олмаган бўлса¸ Иброҳимжон ўзининг қиймас дўстига пул бериб қўйиб қайтариб ола ола билмасдан юрибди.

Озодлик: Пул олганлиги тўғрисида қоғоз-поғоз берадими?

Иброҳимжон: Йўқ¸ қоғоз бермайди. Оғзаки гап бўйича олади. Оғзаки келишиб олади.

Озодлик: Олган одам қайтариб бериш масаласида тонмaйдими?

Иброҳимжон: Энди¸ мана мен ўзим биттасига берган эдим. Бугун-эрта қилиб бераман деяпти.

Озодлик: Қасам ичиб пул олишнинг ҳам аҳамияти қолмади шекилли.

- Шунақа шекилли. Ҳаммаси “эркакман¸ эркакман” деяверади¸ дейди Иброҳимжон.

Ҳуқуқ фаоли Бобомурод акага кўра¸ пул қарз олиб қайтариб бермаслик кўплар учун кундалик хаëт кечириш воситасига айланган.

- Мен ҳозир 55 ëшга кираëтган бўлсам¸ бу иллатнинг ўзбек халқига қачон ва қандай қилиб юққанининг ўйлаб тагига ета олмаяпман¸ дейди Бобомурод Раззоқов.

Қарз олганлар аввало мусулмон экани¸ ўзбеклиги ва эркаклиги каби омилларни кафолат сифатида ўртага қўйишади.

- Бу аргументлар аслида ҳаëтда бўлиши керак. Ҳозирги пайтда биз бутунлай мусулмончиликдан чиқиб кетган бўлсак¸ Худодан қайтган бўлсак¸ инсоф ва диëнатни йўқотган халқ бўлсак¸ қандай қилиб бу аргументлар тўғри келади? Бу аргументлар йўлига айтилади¸ дейди Бобомурод Раззоқов.

Бобомурод Раззоқовга кўра¸ Ўзбекистон адлия тизими товламачилар танобини тортишга ожизлик қилмоқда.

Бобомурод Раззоқов: Қарз бердим маъносида тилхат олади¸ лекин Ўзбекистон судлари бу тилхатларни кўп ҳолларда кўриб чиқмайди.

Озодлик: Нимага?

Бобомурод Раззоқов: Тилхат расмий ҳужжат саналмайди дейди.

Озодлик: Нотариусга борсачи?

- Нотариус энди бутунлай бошқа нарса. Қарз миқдори¸ фоизлар миқдори нотариал тасдиқланган бўлса ва ўша қарздор одамда ундириб олинадиган нарсаси бўлса¸ буни судлар ундириб беради. Бундай воқеалар бўлаяпти. Лекин ундиришга борган пайтда¸ ундирадиган нарсаси йўқ¸ дейди Бобомурод Раззоқов.

Ўзбекистондаги Адлия тизими қарзини қайтара олмаган фуқароларга кўмак беришдан ожиз бўлиб турган бир пайтда¸ жиноят оламининг турли отахонлари қарздорлардан пул ундириб бериш деган янги касбдан фойда кўришмоқда¸ дейди суҳбатдош.

- Ҳозир шу ишларга аралашиб¸ разборчилик қилиб¸ бировларнинг пулини ундириб берадиган йигитлар ўзимизда ҳам бор¸ дейди ҳуқуқ фаоли Бобомурод Раззоқов.

Суҳбатимиз бошида айтганимиз Хайрулло ҳам ана шундай бой оталар ëрдамида мушкулини осон қилган кўринади. Ҳар ҳолда у кишига қилган қўнғироғимиздан англашиган хулоса шу бўлди.

- Телефон қилиб айтиб қўймоқчи эдим. Келишиб олдик у киши билан. Худо хоҳласа яхши бўладиган. Кетма-кет икки кун шу тўғрида гаплашдик. Хотиржам бўлинг¸ деди. Ишонч ҳосил бўлди. Керак бўлса¸ уйимга телефон қилиб¸ уйингизга пул бердиртириб юбораман деган гаплар ҳам бўлди¸ дейди Хайрулло.

Хайрулло ўз пулини музокора йўли билан қайтариб олиш арафасида¸ аммо қарзни қайтариб бермаслик билан боғлиқ муаммолар ҳуқуқий ечимини топмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG