Линклар

Поездлар Мақтааралда тўхтатилди

  • Садриддин Ашур

Қозоқ-ўзбек чегарасидаги Мақтаарал постида поездларнинг ўтишига тўсиқ қўйилгани илк бор кузатилмоқда.

Қозоқ-ўзбек чегарасидаги Мақтаарал постида поездларнинг ўтишига тўсиқ қўйилгани илк бор кузатилмоқда.

Қозоғистон чегарачилари Ўзбекистонга ўтадиган юк поездлари қатновини тўхтатиб қўйди. “Мақтаарал” чегара ўтказиш постида рўй берган бу ҳодисани Қозоғистон расмийлари ўзаро битимда бу йўлнинг рўйхатга киритилмагани билан изоҳлашмоқда.

24 майдан бошлаб Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги икки йўналишдаги темир йўлнинг бири қозоғистонлик чегарачилар томонидан ёпиб қўйилди.

Қозоғистон темир йўллари компаниясининг матбуот хизмати раҳбари Аскар Жалдиновнинг Озодликка айтишича, темир йўлнинг ёпилиши¸ Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг давлат чегараларини қўриқлаш “Онтустик”минтақавий бўлими раҳбарлари буйруғи асосида бўлган:

- Айни пайтда бу масала билан ҳукумат комиссияси шуғулланмоқда. Биз эса йўлнинг тезроқ очилишидан манфаатдормиз. Гап қўшнилар билан иқтисодий алоқалар тўғрисида бормоқда.

Зеро, юк жўнатувчилар ва уларни қабул қилувчилар бундан зарар кўрмасликларини истаймиз, дейди Қозоғистон темир йўллари матбуот хизмати бошлиғи Аскар Жалдинов.

Хабарларга кўра, “Мақтаарал” чегара ўтказув маскани икки давлат ўртасида тузилган шартномада кўрсатилмаган. Бу жойдаги темир йўлдан фақат юк поездлари ўтади. Лекин нима учун шу пайтгача ўтиб юрган поездлар қатнови бугунга келиб тўхтатилгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Қозоғистон темир йўллари компанияси матбуот хизмати раҳбари Аскар Жалдинов ҳам бунинг сабабини билмаслигини, Қозоғистон Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг нега бундай қарорга келгани ҳақида аниқ бир нарса айтолмаслигини билдирди.

Шуниси ажабланарлики, Ўзбекистон Темир йўллари ҳиссадорлик компаниясининг ўз исмини билдиришни истамаган ходими сўзларига кўра, Қозоғистондан келаётган юк поездлари қатнови тўхтамаган:

- Ака¸ бунақа маълумот йўқ. Ҳаммаси жой жойида.

Озодлик: Демак¸ Мақтааралда йўллар ëпилди дегани нотўғри.

- Йўқ¸ унақа нарса йўқ. Ҳаммаси жой жойида¸ дейди бу ходим.

Демак, Ўзбекистон томони поездлар қатнови тўхтамаганлигини айтаяпти.

Кузатувчилар эса бу ҳолатни сўнгги пайтда икки қўшни давлат ўртасидаги сиёсий алоқаларнинг совуқлашиб бораётгани билан изоҳламоқдалар.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсум Сатпаевнинг айтишича, гарчи Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар иқтисодий шерикчилик асосида қурилган бўлса-да, бу муносабатларда илиқлик кўзга ташланмайди:

- Бу қайсидир бир маънода Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати билан ҳам боғлиқ. Ўзбекистон қўшнилар билан бўлган муносабатларни устивор кўрмайди.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги иқтисодий алоқалар паст даражада. Ўзбекистон Қозоғистоннинг чегараолди савдо лойиҳасини ҳам қўллаб-қувватламади.

Бироқ¸ Россия билан шундай шартнома тузилган. Ўзбекистон Қозоғистоннинг интеграция ҳақидаги таклифини ҳам қўллаб-қувватламади. Шундан келиб чиқиб бу муносабатларнинг яхши эмаслиги ҳақида айта оламиз, дейди Дўсум Сатпаев.

Сиёсатшуноснинг айтишича, икки давлат ўртасида чегараларнинг бир томонлама ёпиб қўйилиш ҳолатлари кўп учрайди. Гарчи виза тартиби бўлмаса ҳам, чегара постларидаги оддий бюрократик тўсиқлар икки давлат фуқароларининг борди-келдиларини жуда мураккаблаштириб юборди.

Бу муносабатлар энг аввало икки давлат раҳбарларининг ўзаро шахсий амбицияларига боғлиқ эмасми¸ сўраймиз Дўсум Сатпаевдан:

- Ҳа, мен боғлиқ деб ўйлайман. Чунки, ўтган йили Ислом Каримов Остонада Нурсултон Назарбоевнинг таклиф ва ташаббусларини ҳамманинг олдида танқид қилди.

Албатта¸ бу Шарқ дипломатияси учун кутилмаган ҳол бўлди. Ислом Каримов тушуниб бўлмайдиган, “ҳиссиётли” шахс. Ана шундай “ҳиссиётларни” у Қурмонбек Бакиевга, Имомали Раҳмонга нисбатан ҳам қўллаган.

Бу ёмон албатта. Афсуски¸ Марказий Осиё давлатларидаги ташқи сиёсат Президентларнинг шахсий кайфиятидан келиб чиқиб белгиланади. Миллий манфаатлар эса иккинчи даражали бўлиб қолади, дейди Дўсум Сатпаев.

Хабарларга кўра, ҳозир Мақтаарал чегара ўтказув постининг ҳар икки томонидан ҳам жуда кўп юк поездлари тўхтаб қолган.
XS
SM
MD
LG