Линклар

logo-print

Андижондаги вазиятни Бишкек билади


26 май куни Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги чегара ўтиш пунктлари ëпиқлигича қолди.

26 май куни Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги чегара ўтиш пунктлари ëпиқлигича қолди.

Қуролланган шахсларнинг Андижонга Қирғизистон томондан ўтгани ҳақдаги Тошкент баëнотини рад қилган Қирғизистон Чегара хизмати¸ раддия баробарида 27 май куни Андижонда ҳукм сураëтган вазиятни тасвирловчи баëнот ҳам эълон қилди.

Қирғизистон Республикаси Чегара хизмати 27 май куни Қирғизистон-Ўзбекистон чегараолди ҳудудларидаги жорий вазиятга доир¸ деб номланган пресс-релиз эълон қилди.

Фарғона.ру ахборот агентлиги эълон қилган баëнотда чегарадаги вазиятдан кўра¸ кўпроқ Ўзбекистон ичкарисида кўрилаëтган хавфсизлик чоралари ҳақда гап боради.

Хусусан¸ Қирғизистон Чегара хизмати баëнотига кўра¸ айни соатларда Тошкент-Андижон магистрал йўлида бронитехника билан жиҳозланган махсус бўлинмаларнинг қўшимча постлари ташкил этилган.

Андижон вилоятидаги айланма йўллар ва чорраҳаларга ҳам бронитехника билан қуролланган гуруҳлар қўйилган ва Андижондан пойтахт томон йўлга чиққан машина ва йўловчилар қаттиқ текширувдан ўтказилмоқда¸ дейилади Қирғизистон Чегара хизмати баëнотида.

Баëнотга кўра¸ Ўзбекистон вилоятларини боғловчи барча йўллар қаттиқ назоратга олинган.

“Андижон¸ Хонобод ва бошқа аҳоли яшовчи пунктларда Ўзбекистон куч ишлатар тизимларининг кучайтирилган махсус кўчма бўлинмалари патрулликни йўлга қўйган. Вазият Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан назоратга олинган. Қирғизистон Республикаси Чегара хизмати чегараолди ҳудудларидаги вазиятни кузатиш ва давлат чегарасини бузиши мумкин шахсларни тўхтатиш ва аниқлаш мақсадида оператив-ҳарбий тадбирлар ўтказмоқда”, дейилади Қирғизистон Чегара хизмати пресс-релизида.

Бу баëнотдан саноқли соатлар олдин Қирғизистон Чегара хизмати мутассаддиси Ўзбекистон Бош прокуратурасининг “босқинчилар гуруҳи Андижон вилояти ҳудудига қўшни Қирғизистондан кириб келган”и ҳақида 26 май куни ёйинлаган баёноти юзасидан раддия берди.

Қирғизистон чегара хизмати раис ўринбосари Чўлпўнбек Турусбековнинг Озодлик радиоси қирғиз шўъбасига билдиришича, расмий Бишкек ўзбек мулозимларининг бу баёнотидан танг қолган.

- Бундай маълумот тарқатишга нима сабаб бўлганини билмайман. Қизиғи, бу маълумотни Ўзбекистон томони расмий равишда тарқатаяпти.

Биз кечадан буён ёйинлаётган маълумотларни ўрганиб чиқсангиз ҳам Ўзбекистонга Қирғизистон ҳудудида ҳеч қандай гуруҳ кирмагани ойдай равшан эканига гувоҳ бўласиз.

Ҳеч қандай гуруҳ кирмаган. Бу воқеаларнинг ҳаммаси Ўзбекистон ичида содир бўлаяпти, деди Қирғизистон чегара хизмати раис ўринбосари Чўлпўнбек Турусбеков.

“26 май куни Ўзбекистоннинг чегараолди районларида содир бўлган воқеалар муносабати билан Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегараларида қўриқлашнинг кучайтирилган тартиби жорий қилинди. Ҳозирча вазият нисбатан барқарор бўлса-да¸ унинг чигаллашиш хавфи сақланиб қолмоқда”¸ дея баëнот берди 27 май куни Қирғизистон Чегара хизмати раиси ўринбосари.

Айни пайтда икки давлат чегара пунктларида назорат кучайтирилган. Ўзбек чегарачилари ҳам, қирғиз чегарачилари ҳам ўзлари посбонлик қилаётган ҳудудга фақат ўз мамлакати фуқароларинигина ўтказаётгани хабар қилинмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG