Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:37

Тожик деҳқони ҳақсизлигича қолди


Парламент тасдиғидан ўтган янги қонун¸ тожик деҳқонлари ҳафсаласини пир қилди.
Парламент тасдиғидан ўтган янги қонун¸ тожик деҳқонлари ҳафсаласини пир қилди.

Тожикистон парламенти “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Қонунни тасдиқлади. Бироқ тожикистонлик мутахассислар ва фермерлар қабул қилинган Қонундан қониқмаганликларини айтмоқдалар.

Сўғд вилоят Фермерлар ассоциацияси матбуот маркази раҳбари Азиза Шариповага кўра, деҳқонлар янги қонунни жуда катта умид билан кутган эдилар. Бироқ янги Қонун тасдиқлангач, деҳқонлар таклифлари инобатга олинмагани маълум бўлди.

- Биз неча йиллар давомида мазкур Қонунга ўзгартишлар тайёрлаб, ҳукумат раҳбарларига, депутатларга тақдим этдик. Лойиҳада деҳқон ҳам бундан буён бозор муносабатларининг тўлақонли иштирокчиси бўлиши назарда тутилган эди. Бундан ташқари, унда ҳар бир деҳқон истаган экинни экиши лозимлиги кўрсатиб ўтилганди.

Афсуски, ҳеч нарса ўзгармади. Деҳқон хўжаликлари яна расмийларга тобелигича қоладиган бўлди. Демак, деҳқонлар илгаригидек юқоридан белгиланадиган режа асосида ишлашни давом эттираверади, дейди Азиза Шарипова.

Унинг айтишича, айни пайтда амалда бўлган Қонунларда деҳқон хўжаликларининг ҳуқуқий мақоми аниқ белгиланмаган. Фуқаролик Кодексида эса “деҳқон хўжалиги” деган калиманинг ўзи йўқ. Бинобарин, Тожикистон деҳқони ҳуқуқсиз, итоаткор ишчи кучидир.

Сўғдлик деҳқон Абдураҳим аканинг айтишича, токи фермерлар ҳали ҳам давлат исканжасида.

- Йигирма гектар ерим бор. 10 йил бўлди шу майдонда деҳқончилик қиламан, лекин Бирим икки бўлмади. Шу йиллар давомида ўз хоҳишим билан бирор экин эколмайман.

Биз деҳқонлар ҳали ҳам ҳукумат кўрсатмалари асосида деҳқончилик қиламиз. Биринчи навбатда, пахта етиштиришимиз лозим. Агар пахта етиштирмасам, еримни тортиб олишади.

Техника минерал ўғитлар, борингки, деҳқончилик учун нима зарур бўлса, ҳаммасини ўзим сотиб оламан. Ҳукумат ёки деҳқончилик ассоциацияси бизга ҳеч қандай ёрдам бермайди, лекин буйруқ ва кўрсатма беришади, план талаб қилишади, дейди “Зарнигор” деҳқон хўжалиги раиси Абдураҳим Воҳитов.

Аммо сўғдлик расмийлар бу гапларни инкор қиладилар. Вилоят ҳукумати агоросаноат комплекси бўлими мулозими Абдумажид Қаюмовнинг айтишича, маҳаллий ҳукуматлар деҳқончилик хўжаликларини назорат қилмайди ва режа белгиламайди.

- Тўғри биз назорат қиламиз.Лекин деҳқонлар ишини ёки улар экаётган экинларни эмас балки, ер ҳолатини назорат қиламиз. Чунки айрим деҳқон хўжалиги раҳбарлари агротехника қоидаларига риоя қилишмайди. Оқибатда ер эрозияга учрамоқда. Шундай ҳолатлар ҳам бўлдики, ижарага олинган ўнлаб гектар ер неча йиллар давомида ишловсиз қолиб кетди. Мана шундай ҳолатларда бепарво деҳқонларни ердан маҳрум қилдик, дейди Абдумажид Қаюмов.

Конибодом туманида истиқомат қилувчи Мақсуджон аканинг 50 гектар ери бор. У асосан пахта етиштиради.

- Елкам яғир бўлиб кетди шу пахтазорда ишлайвериб, фойдасини кўрмаяпман. Бас қилай десам, ерни тортиб олишади, дейди Мақсуджон ака.

Унинг айтишича, Тожикистон президенти қарорида “деҳқонга ер берилсин, аҳолига зарур бўлган маҳсулотлар етиштирсин”, дейилган.

- Амалда-чи, амалда маҳаллий ҳукуматлар раҳбарлари: “биринчи навбатда пахта экасан”, дея буйруқ беради. Республика раҳбарининг кўрсатмаю фармонлари номигагина бўлиб қолмоқда.Мана шунинг учун ҳам бизда ривожланиш йўқ, дейди Мақсуджон ака.

Таҳлилчи Маҳмуд Солиҳовнинг айтишича, Сўғд далалари пахта яккаҳокимлиги давридаги далаларни эслатади.

- Вилоят туманларидаги ерларни назардан кечирсангиз, кўзингиз нуқул пахтазорга тушади. Пахта ҳанузгача давлат сиёсатининг асосий негизларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳолбуки, пахта деҳқонга фақат зарар келтираяпти. Тожикистонлик пахтакорлар аҳолининг энг камбағал қатлами ҳисобланади.

Ахир инсон биргина пахта билан тирикчилик қилмайди-ку. Бошқа полиз экинлари, мева ва сабзавот қаерда? Ўзбекистон деҳқонларига раҳмат, чунки тожикистонликлар дастурхонига тортилаётган меваю-сабзавотларни улар етиштирган, дейди Маҳмуд Солиҳов.

Айни пайтда таҳлилчи бир неча йилдан кейин қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи янада қиммат бўлишини тахмин қилади.

- Мева ва сабзавот нархи нима учун ошади, чунки ҳадемай Ўзбекистон деҳқонлари ҳам оммавий тарзда Россия ва бошқа мамлакатларга мардикорликка кетади. Қўшни Ўзбекистонда ҳам Тожикистон аграр секторида вужудга келган ҳолат бўлиши кутилмоқда. Раҳбарларимиз яқин келажакда аграр секторида вужудга келадиган инқирозни эътиборга олмаяпти, дейди Маҳмуд Солиҳов.

Таҳлилчи фикрича, тожик амалдорлари ўзаро тақсимлаб олган унумдор ерлар ернинг ҳақиқий эгаси бўлган деҳқонга топширилиб, маҳаллий деҳқонларга максимал даражада эркинлик берилмас экан, Тожикистон қишлоқ хўжалиги соҳасида олға силжиш бўлишига ишониш қийин.
XS
SM
MD
LG