Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:55

Ўзбекистон панжара ичида қолди


Хонободдаги милиция блокпостига қуролли ҳужум уюштирилгани Ўзбекистон¸ Қирғизистон ва Тожикистон сарҳадлари туташган Фарғона водийсидаги чегараларнинг ëпилишига баҳона бўлди.
Хонободдаги милиция блокпостига қуролли ҳужум уюштирилгани Ўзбекистон¸ Қирғизистон ва Тожикистон сарҳадлари туташган Фарғона водийсидаги чегараларнинг ëпилишига баҳона бўлди.

Хонобод ва Андижондаги тўқнашувлар ортидан Қирғизистон билан чегараларни ëпиб қўйган Ўзбекистон ҳукуматининг¸ Тожикистон билан ўтди-қайтдини ҳам бир томонлама тартибда тўхтатгани айтилмоқда.

26 май куни соат 10 да ўзбек-тожик чегарасидаги Ўзбекистоннинг “Андархон” чегара пости бир томонлама ёпилган. Бу ҳақда бизга конибодомлик фуқаролардан бири маълум қилди.

- Кеча рўзғор юмушларим билан “Патар” чегара постига ўтган эдим. Борсам, тожик чегарачилари: “Ака, бекор овора бўлманг, Бешариққа ўтолмайсиз”, дейишди.

Ўзбекистон томони “Андархон” чегара постига танк ва БТРларни олиб келган, блок-постлар қўйилган. Ҳарбийлар сони ортган.

Кейинчалик билсам, Андижонда қуролли тўқнашув бўлиб ўтибди. Қизиқ, Андижон қаердаю, Конибодом қаерда... Орамизда қарийб 300 километр масофа бор. Мен ортимга қайтишимга тўғри келди.

Лекин Ўзбекистон томонида ҳам, Конибодом томонидан ҳам, юзлаб оддий одамлар ўтолмай боши қотган. Уларнинг аксарияти савдо билан шуғулланади. Ҳар куни Бешариқ, Қўқон ва бошқа туманлардан келган ўзбекистонликлар мева-сабзавот, кийим-кечак ўтказиб савдо қилишарди.

Конибодомдан у-бу нарсалар сотиб олишарди. Мана, иккинчи кундирки, улар рўзғори учун ҳеч нима ишламади. Андижонда бўлган воқеаларда уларнинг айби нима? дейди бу одам.

80 ёшли Исомиддин Тошматов “Патар” чегара пости яқинида истиқомат қилади. Отахоннинг қариндош-уруғлари Бешариқ ва Қўқон шаҳарларида яшайди.

- Мен нафақахўр бўлсам, бекорчи вақтим кўп. Ҳар ҳафта икки-уч марта Ўзбекистонга бориб, жигарларимдан хабар олиб келардим. Икки кундан буён постга бориб, қайтиб келаяпман.

Чегарачиларга: “мен мўйсафид бўлсам, ҳеч кимга зиёним етмаса, нега чегарадан ўтказмайсизлар?” дедим. Ўзбекистонлик чегарачилар эса: “Мумкин эмас, тамом-вассалом”, деб жавоб беришди.

Қандай кунларга қолдик, у томонда ўзбекистонликлар худди панжара ичида яшагандек кун кечиради. Биз тожикистонликлар эса мана шу панжараю тиканли симлар ортида. Қачонгача икки қондош халқ мана шундай бедодликларга чидайди? дейди Исомиддин Тошматов.

Айни пайтда Исфара ва Қирғизистоннинг Боткен туманлари ўртасидаги чегара ҳам ёпилганлиги маълум бўлди. Бу ҳақда Озодликнинг Боткен вилоятидаги мухбири Жениш Айдаров маълум қилди.

- Дарҳақиқат, кеча соат 11 ларда Қирғизистон томони чегарани бир томонлама ёпди. Бунинг сабаби Андижондаги воқеалардир. Айни пайтда чегарани қўриқлаш кучайтирилган, деди Жениш Айдаров.

Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси Сўғд вилояти бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, чегара Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикалари томонидан бир томонлама ёпилган.

Тожикистон томони чегарани ёпмаган ва бу ҳақда юқоридан ҳеч қандай кўрсатма берилмаган.

Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси Сўғд вилоят бошқарма штаби раҳбари Ўктам Гадойбоев Ўзбекистон ва Қирғизистон ўз чегараларини қачон очишлари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлигини айтди.
XS
SM
MD
LG