Линклар

Грузия мустақиллиги хафв остидами?

  • Ҳасанжон

Грузия мустақиллик кунида мухолифат уюштирган норозилик тадбирида 60 мингдан ошиқ одамнинг иштирок этгани айтилмоқда.

Грузия мустақиллик кунида мухолифат уюштирган норозилик тадбирида 60 мингдан ошиқ одамнинг иштирок этгани айтилмоқда.

Бу йилги Грузия мустақиллик куни мухолифатнинг кўп минг кишилик норозилик намойиши билан нишонланди. Айни пайтда¸ байрам куни Россия қўшинларининг Грузия чегараси яқинига тўпланаётгани ҳам хабар қилинди.

26 май куни Грузияда мустақиллик куни нишонланди. Байрам тантаналари бошланишидан олдин мухолифат пойтахт Тбилисидаги стадионда салкам 60 минг кишилик намойиш ўтказди.

Шу куни тунда мухолифатнинг юзлаб тарафдорлари темир йўл вокзали атрофидаги йўлларни тўсиб қўйди. Грузия мухолифати президент Михаил Саакашвилининг истеъфосини талаб қилмоқда.

Айни пайтда расмий Тбилиси ва ғарблик дипломатлар Россия армияси қисмлари Грузияга яна бостириб кириш учун ҳозирлик кўраётгани ҳақида огоҳлантириб келмоқда.

Бокудаги сиёсий шарҳловчи Шахин Аббосовнинг Озодликка айтишича, Россия ўтган йил августида Грузияга бостириб кирганидан кейин Абхазия ва Жанубий Осетия назоратини қўлга киритган. Таҳлилчи фикрича, бу Россиянинг Жанубий Кавказни ўз назоратига олиш режасининг бир қисми бўлган.

- Россия биринчи урушда ўз мақсадига эриша олмади. Мақсад Абхазия ва Жанубий Осетиянинг мустақиллиги эмас эди. Мақсад бутун минтақани Ғарб қўлига топшириб қўймаслик эди. Аммо Россия бу мақсадига эриша олмади. Мен ҳозирда воқеалар қай йўналишда ривожланишини билмайман. Аммо вазият янада кескинлашиши мумкин, дейди озарбайжонлик таҳлилчи.

Грузия расмийлари президент Михаил Саакашвили истеъфосини талаб қилиб пойтахт Тбилисида норозилик акциялари ўтказаётган айрим мухолифат вакилларини Москва билвосита молия билан таъминлаётганини иддао қилиб келмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳозирда Абхазия ва Жанубий Осетия ҳудудларига Россиянинг 10 минг аскари, “Т-90” русумидаги танклар, тунда ҳужум уюштира оладиган “МИ-28Н” тусумидаги саккизта замонавий вертолётлар жойлаштирган.

Москва Абхазияга қарашли Гудаута ва Жанубий Осетиянинг Цхинвали шаҳрида база очиб минглаб қўшимча куч жойлаштирилишини билдирган. Шунингдек, Абхазия ўз аэропорти ва темир йўлларини фойдаланиш учун 10 йил муддатга Россияга берган.

Грузия Мудофаа вазири Васил Сихарулидзе Озодлик радиосига берган интервьюсида Россия Абхазия ва Жанубий Осетияда ўз ҳарбий инфратузилмасини мустаҳкамлашга уринаётганини айтди.

- Улар босиб олинган зоналарга фақат қўшимча ҳарбий қисмлар олиб келаётгани йўқ. Айни пайтда ҳарбий инфраструктура борасида ҳам қизғин иш олиб бориляпти. Улар таъминот йўлини мустаҳкамлаяпти.

Улар босиб олинган зоналарга, айниқса, Жанубий Осетияга куч тўплаяпти. Бу бизни хавотирга солаяпти ва улар ҳарбий ҳаракатларга тайёргарлик кўраяпти деган хаёлга боришимизга сабаб бўлаяпти, дейди Грузия Мудофаа вазири.

Ҳарбий масалалар бўйича Москвадаги таҳлилчи Павел Фельгенгавер Озодлик радиосига берган интервьюсида куз ва қиш фаслида тоғли минтақада ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш қийин бўлгани учун ёзда Россия ва Грузия ўртасида қуролли можаро чиқиш таҳдиди жиддий эканини айтди.

- Вазият жуда, жуда хавфли. Бу ҳақиқат. Уруш бўлиши 100 фоиз аниқ деб бўлмайди. Сентябрь ойи охирида об-ҳаво шароити сабабли уруш олиб бориш имконсиз бўлгунича ҳарбий ҳаракатлар юз бериши эҳтимоли катта, дейди россиялик таҳлилчи.

Грузия мустақиллиги кунида ва ундан кейин ҳукуматга қарши намойишларни давом эттираётган мухолифат вакилари ҳукуматни аҳолини мамлакатдаги муаммолардан чалғитиш мақсадида Россия Грузияни босиб олиши ҳақида ваҳима тарқатаётганликда айблади.

Мухолифат тарафдори бўлган Тбилисидаги сиёсий таҳлилчи Пата Закарешвили Озодлик мухбири билан суҳбатда Москванинг Грузияга таҳдидини кичрайтириб кўрсатишга ҳаракат қилди.

- Грузия ҳукумати доим халқни қўрқитишга уриниб келаяпти. Улар агар ҳамма нарса тинчимаса, мухолифат ва ҳукумат бирлашмаса, Россия пайтдан фойдаланиб ҳарбий можаро чиқаришини айтмоқда.

Агар таҳлилчи сифатида вазиятга қаралса, бундай ҳолат кузатилмайди. Россия урушдан кўзлаган мақсадига эришган, дейди грузиялик таҳлилчи.

Саакашвили ва иттифоқчиларига кўра, Москва Грузия парламенти собиқ раиси Нино Буржанадзе мамлакатга раҳбар бўлишини хоҳлайди. Аммо мухолифатнинг бошқа раҳбари, яъни, Грузиянинг БМТдаги собиқ вакили Иракли Аласания Грузияга президент бўлишини хоҳламайди.

Колумбия университетининг сиёсий фанлар профессори Линколн Митчел бунинг сабабини шундай изоҳлади.

- Улар бу мамлакат Москва хоҳлаганидан бошқача ташқи сиёсат юритишини хоҳлашмайди. Улар Тибилисидан шуни истайди. Саакашвилининг президентлик даврида улар бунга эриша олмади.

Аласания президент бўлса, улар яна ўз ниятига етолмайди. Мухолифатнинг айрим раҳбарлари президент бўлса, улар мақсадига етиши мумкин, дейди америкалик таҳлилчи Линколн Митчел.
XS
SM
MD
LG