Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:09

27 май Хонобод ва Андижонда қандай кечди?


Андижон ва Хонободдаги ҳужумлардан сўнг ҳукумат кўраëтган хавфсизлик чораларини шарҳлаëтган кузатувчилар¸ Ўзбекистон расмийларини тарих такаррури эҳтимоли чўчитаëтганини айтмоқдалар.
Андижон ва Хонободдаги ҳужумлардан сўнг ҳукумат кўраëтган хавфсизлик чораларини шарҳлаëтган кузатувчилар¸ Ўзбекистон расмийларини тарих такаррури эҳтимоли чўчитаëтганини айтмоқдалар.

Бу савол бир кун аввал қуролли ҳужум ҳақдаги хабар ва ундан тарқаган ваҳималар домида қолган бу икки шаҳардаги вазиятга қизиқиб¸ янги ахборот излаëтган ҳар бир ўқувчимизни қизиқтираётгани табиий.

Гапни Андижондаги, аниқроғи вилоят маркази “дарвозалари”даги вазият тасвиридан бошламоқчимиз.

Шаҳарга қўшни қишлоқлардан бирида яшайдиган отахоннинг айтишича, вилоят марказига биронта ҳам машина ўтказилмаяпти.

- Ҳамма йўллар тўсиб қўйилган. Маршрутларни шаҳарнинг ичига киргизишмаяпти.

Озодлик: Шаҳарга бориши керак бўлганлар нима қилаяпти?

- Шаҳарга кириши керак бўлганларни маршрутка 36 постнинг олдига ташлаб қўяяпти. Улар кейин пиëдалаб шаҳарнинг ичига кириб кетаяпти¸ дейди шаҳарга қўшни қишлоқлардан бирида яшайдиган отахон.

Худди шундай гапни Андижоннинг бошқа томонидаги қишлоқда истиқомат қиладиган кишидан ҳам эшитдик.

- Машиналар шаҳарга киритилмаяпти. Туманлардан қатнаëтган машиналар шаҳар чеккасидан қайтаяпти. Шаҳарга умуман ҳеч қандай машина киритилмаяпти. Одамлар шаҳарга машинадан тушиб кириб кетишаяпти¸ дейди Андижоннинг бошқа томонидаги қишлоқда истиқомат қиладиган киши.

27 май куни оддий андижонликлар ҳамда мутасадди идоралар вакиллари билан мулоқотларимиздан шу нарса маълум бўлдики, воқеалар юз берган 26 май куни болалар боғчалари, мактаблар ва бошқа ўқув юртларида машғулотлар ва имтиҳонларни тўхтатиш тўғрисида фармойиш берилган.

- Кеча мактаб ва боғчаларга ëпиш ва имтиҳонларни тўхтатиш тўғрисида кўрсатма келган. Менинг ўғилларимдан биттаси мактабда ишлайди.

Бугун директор телефон қилиб “Чиқиб имтиҳон олинглар. Кечаги гап бекор бўлди. Ишни давом эттирамиз” деди. Масалан¸ қишлоқлардаги мактаб ва боғчалар ишлаяпти. Биз энди шаҳарга кира олганимиз йўқ¸ дейди биз билан суҳбатда бўлган андижонликлардан бири.

Андижон вилоят халқ таълими бошқармасининг ўзини таништирмаган вакили сўзларига қараганда, шаҳардаги боғча, мактаблар ҳам 27 май куни ишлади.

- Имтиҳонлар кетаяпти. Боғчалар ишлаяпти.

Озодлик: Боғчалар ҳам ишлаяптими?

- Ҳа.

Озодлик: Андижон шаҳридан ташқарида яшайдиган биттаси “Кеча ўғлимга “Эртага ишламайсизлар. Коллеж ëпилади” дейишган эди. Бугун эрталаб ишга чақирди” деди.

- Айтишган эди. Ҳозир ишлашаяпти.

Озодлик: Кеча шунақа буйруқ бўлган-а?

- Ўзи айтишган эди. Кейин у буйруқни бекор қилишди. Бугундан ҳаммаси ишлаяпти¸ дейди Андижон вилоят халқ таълими бошқармасининг ўзини таништирмаган вакили.

Тасодифий телефон рақамини териб боғланганимиз хонободлик бир уй бекасининг айтишича, 26 май воқеалари бошланган шаҳарда ҳам, вазият барқарорлашгандай.

- Эрталаб “нима бўлди¸ нима йўқ” деб жуда васвасага тушиб қолган эдик. Кейин қарасак яхши. Ҳамма ер тинчлик¸ жимлик. Болаларим ҳам ўқишда эди. Ҳамма ëқ тинч¸ дейди хонободлик уй бекаси.

Демак, 27 май куни Хонободда ҳам бир кун аввалгидай воқеалар бўлгани йўқ. Тинчлик.

Тинчлик фақат яқинлари 2005 йил, 13 май воқеалари туфайли Андижондан қочиб чиққанларнинг хонадонларида йўқ.

Европада яшаётган қочқинлардан бири Озодликка бундай деди:

- Ҳар ҳафтада икки-уч марта келиб¸ оиламдаги фарзандларимни безовта қилиб¸ ҳар хил нарсаларни сўраб-суриштириб “Қаерда? Нима қилаяпти?” деб сўраб¸ тушунтириш хати олиб юришарди.

Мана бу воқеалардан кейин текшириш сал кучлироқ бўлибди шекилли¸ кириб “Кечқурун қаерда эдинг? Қаëққа бораяпсан? Қисқаси¸ бундан кейинги юриш-туришинг ва ҳаëтингни биз назорат қилиб турамиз” деб айтиб кетишаëтган экан¸ дейди Европада яшаëтган андижонлик қочқинлардан бири.

Хуллас, бир қарашда, Андижонда ҳам, Хонободда ҳам вазият барқарорлашгандай.

Лекин айни пайтда маъмурларнинг фавқулодда асабийлашаётганини илғаш учун ўта синчков бўлиш шарт эмас.

Андижонга кираверишдаги қишлоқлардан бирида яшайдиган яна бир суҳбатдошимизнинг айтишича, 26 май куни кечқурун шаҳар остонасидаги текшир-текшир шу қадар кучли бўлганки, натижада Андижон бозорига картошка олиб келаётган бир киши на шаҳарга кира олган, на ортига қайта олган.

- Биз картошкафурушнинг машинасини ва эгасини уйда олиб қолдик. У кечроқ қолган экан. Кечқурун меникида ëтиб эрта билан чиқиб кетди. Қандай қилиб қаëққа кетганини лекин билмадим¸ дейди суҳбатдошимиз.

Расмий Тошкентнинг айтишича, Хонободда битта ва Андижонда битта воқеа содир бўлган. Оқибатда бир худкуш ўлган ва бир милиция ходими ҳалок бўлган.

Лекин кўрилаётган хавфсизлик чораларининг кўлами ҳар қандай одам кўнглида ваҳима туғдирадиган даражада.

Хўш, бунинг сабаби нимада?

Бу саволни мустақил таҳлилчи Камолиддин Раббимовга бердик.

- Биласизми¸ менинг назаримда¸ ҳукумат вазиятга Андижон синдроми орқали қараяпти. “Кутилмаганда халқ уюшиши мумкин¸ кўчага чиқиши мумкин. Биз кутмаган¸ биз билмаган¸ биз илғамаган воқеа бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир қадамни назорат қилиш мақсадга мувофиқ” деган фикрлаш орқали вазиятга ëндашилаяпти.

Кучайтирилган чора-тадбирлар ҳозирги бўлаëтган воқеага эмас¸ ҳукумат назарида бўлиши мумкин бўлган воқеаларга жавоб сифатида амалга оширилаяпти¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Мустақил таҳлилчи Камолиддин Раббимов билан бошлаганимиз суҳбат мавзуи алоҳида ўрганиладиган мавзудир. Шунинг учун унга кейинроқ яна алоҳида қайтамиз.
XS
SM
MD
LG