Линклар

logo-print

Тошкентда ҳуқуқ фаоллари калтакланди


Ўзбекистонда кўчага чиқиб¸ ҳукумат биноларини пикет қилишдан қўрқмайдиган саноқли ҳуқуқ фаоллари¸ кейинги ойларда бир неча бор калтакланди ва ҳибсга олинди.

Ўзбекистонда кўчага чиқиб¸ ҳукумат биноларини пикет қилишдан қўрқмайдиган саноқли ҳуқуқ фаоллари¸ кейинги ойларда бир неча бор калтакланди ва ҳибсга олинди.

27 май куни эрталаб БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси яқинида уч нафар ҳуқуқ фаоли – Елена Урлаева, Саломат Бойматова, Элнур Абдулов шафқатсиз калтакланиб, кейин милиция бўлимига олиб кетилган.

Ўзбекистонда виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси раҳбари Баҳодир Намозовнинг Озодликка билдиришича, уч нафар ҳуқуқ фаоли милиция ходимлари томонидан ҳибсга олиниш пайтида аёвсиз калтакланган.

- Бугун эрталаб БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонасига “ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб қилишаяпти” деган мазмундаги мурожаатномани топширишмоқчи эди. Шунга соат 9 ларда улар бир жойда учрашишлари керак эди. Булар Елена Урлаева¸ Элнур Абдулов ва Саломат Бойматова.

Елена Урлаева яна иккита йигитнинг фамилиясини айтди, лекин мен уларни танимадим.

Соат 08.45 ларда Елена телефон қилди ва “Баҳодир ака, бизларни ушлаб кетишаяпти. Ушлаш пайтида қаттиқ калтаклашди. Мобил телефонимни менинг қўлимдан юлиб олишаяпти” дедию шу билан овози ўчди.

Орадан бир соат ўтгандан кейин Елена яна телефон қилди ва “Бизни Миробод туман ички ишлар бўлимига олиб келишди. Ҳаммамизни ҳар хил кабинетларда ушлаб туришибди” деди.

У Элнур Абдуловни қаттиқ калтаклашгани ҳақида айтди. “Бизга ҳеч қаëққа чиқишга рухсат беришмаяпти”, деди ва телефонни яна қўйиб қўйди. Ўзи кўп гаплашмадик, деди Баҳодир Намозов.

Биз ҳибсга олинган уч ҳуқуқ фаолидан фақат Елена Урлаева билан телефон орқали боғланишга муваффақ бўлдик. Бироқ Елена билан ҳам суҳбатимиз қисқа бўлди.

- Мен ҳозир Мирзо Улуғбек туман ИИБдаман. Миробод ИИБга олиб келишганида…. Вой, ҳозир телефонимни олиб қўйишади…Бошқа гаплаша олмайман. У ҳозир соткамни олиб қўяди...

Озодлик: Елена, қисқагина айтинг, нима бўлди ўзи? Нимага ушлашди сизларни?

- Мени аввал Миробод туман ИИБга олиб боришди. Ҳозир эса Мирзо Улуғбек туман ИИБга оилб келишди. Вой, ана телефонимни тортиб олишади... Саломат билан Элнурни қаерда эканини билмайман… Елена Урлаева билан суҳбатимиз шу билан узилиб қолди. Афтидан кимдир унга телефонда гаплашишга xалақит берди ва мобил телефонини қўлидан олиб қўйди.

Елена билан қисқа кечган ушбу суҳбатдан маълум бўлишича, уларни дастлаб Тошкент шаҳридаги Миробод туман ИИБга олиб боришган. Кейин Елена Урлаевани Мирзо Улуғбек туман ИИБга олиб келишган. Елена Саломат Бойматова билан Элнур Абдуловнинг қаерда эканлигини билмаслигини ва айни пайтда Мирзо Улуғбек туман ИИБ да ушлаб турилганини айтди.

Шу билан Елена Урлаева билан бошқа боғлана олмадик.

Биз тўлароқ маълумот олиш мақсадида Мирзо Улуғбек туман ИИБга ҳам қўнғироқ қилдик. Телефон гўшагини навбатчи милиционер кўтарди.

Озодлик: Сизларда ҳозир ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева ушлаб турилган экан. Нимага ушлашган уни?

- Бизларда йўқ у.

Озодлик: Мен ҳозир телефон орқали Елена Урлаеванинг ўзи билан гаплашдим. Телефонда “мени Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бўлимида ушлаб туришибди”, деди.

- Кабинетини сўранг, қайси кабинетда ўтирган экан?

Озодлик: Буни сўрашнинг иложи бўлмади. Унинг мобил телефонни тортиб олиб қўйишди.

- Унда билмадим. Навбатчи бўлимга олиб келишмади. Олиб келинди, деб эшитганимиз ҳам йўқ. Биринчи ўринда биз эшитамиз, кейин дарвозадан олиб киришади, деди Мирзо Улуғбек туман ИИБ навбатчиси.

Елена Урлаева, Саломат Бойматова ва Элнур Абдуловлар 13 май куни ҳам Тошкентдаги "Матонат" ёдгорлиги олдида Андижон қурбонларини ёдга олмоқчи бўлгани учун ҳибсга олинган эдилар.

Ўша куни жами 8 нафар ҳуқуқ фаоли эрталаб ҳибсга олиниб, кечга яқин қўйиб юборилган ва ҳуқуқ ҳимояларини ушлаш пайтида уларнинг айримлари аёвсиз калтакланган эди.
XS
SM
MD
LG