Линклар

logo-print

Болта билан бўлинган водий

  • Садриддин Ашур

Аҳоли зичлиги бўйича дунëда юқори ўринни эгалловчи Фарғона водийсидаги кескинликни таҳлилчилар¸ бутун Марказий Осиëни портлатиб юбориши мумкин таҳдид дея баҳолайдилар.

Аҳоли зичлиги бўйича дунëда юқори ўринни эгалловчи Фарғона водийсидаги кескинликни таҳлилчилар¸ бутун Марказий Осиëни портлатиб юбориши мумкин таҳдид дея баҳолайдилар.

Андижонда сўнгги ўқ овозлари янграганидан тўрт йил ўтиб¸ яна бесаранжомлик юз берди - яна портлаш бўлди, яна автоматлар тариллади. Хўш¸ бу нотинчлик нега яна айнан Андижон¸ айнан Фарғона водийсида юз берди?

Ўзбекистон аҳолисининг учдан бир қисми яшаётган уч вилоят – Фарғона, Андижон, Наманган аҳолининг зич жойлашганлиги, ишсизлар сонининг кўплиги, ижтимоий муаммоларнинг сероблиги билан бошқа вилоятлардан ажралиб туради.

Халқаро кузатувчилар фикрича, бу ҳудудда муаммолар шу даражада чуқур илдиз отдики, уни ҳал қилишга бугунги авторитар ҳукумат ожизлик қилади.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи таҳлилчиси Эндрю Штролайн фикрича, Ўзбекистоннинг Фарғона водийсига доим ижтимоий портлашлар эҳтимоли бор бўлган минтақа сифатида қаралган:

- Чунки бу минтақада турли миллат вакиллари аралаш ҳолда яшайди. Собиқ иттифоқ пайтида республикалар чегаралари ахмоқона усулда бўлинган.

Лекин минг йиллардан буён бир оиладай яшаб келган халқлар бу чегараларни тан олгиси келмайди. Шунинг учун чегараларда доим зиддиятли ҳолатлар рўй беради. Бу эса минтақадаги вазиятни янада кескинлаштиради, дейди Эндрю Штролайн.

Таҳлилчи фикрича, бутун мамлакатдаги каби Фарғона водийсида ҳам аҳолининг ижтимоий ва иқтисодий имкониятлари чекланган. Ҳатто бозорлардаги айрим кичик жанжаллар ҳам милиция ва ҳукуматга қарши катта норозиликларга айланиши мумкин.

Фарғоналик Маъруфжон ака ҳам, халқаро таҳлилчининг бу фикрларига қўшилади. Водийдаги вазият ¸энг аввало¸ чегаралардаги таранг ҳолат билан боғлиқ, дейди у:

- Бу ерда чегаралар ниҳоятда тиғиз ўтказилган. Масалан¸ ариқнинг бир томони Ўзбекистон¸ бир томони Қирғизистон. Ëки бир томони Тожикистон¸ бир томони Ўзбекистон.

Мана шу томонларда ўзаро маиший зиддиятлар ҳам келиб чиқади. Бунга чегара қўшинларида хизмат қилаëтган айрим ҳарбийларнинг тартиб-интизомининг яхши бўлмаганлиги ҳам сабаб бўлса керак деб ўйлайман¸ дейди фарғоналик Маъруфжон ака.

Тарих фанлари доктори, профессор Гога Ҳидоятовнинг айтишича, бугун Фарғона водийси аҳолиси 1924 йилда чегараларнинг “болта билан” бўлиб юборилиши азобини тортмоқда:

- Кўп можаролар шундан келиб чиқаяпти. Республикалар нотўғри бўлинган. Асосий гап¸ 1924 йилда республикаларнинг ғайриқонуний ва нотўғри бўлинишида¸ дейди Гога Ҳидоятов.

Тарихчи олим фикрича, бугун водийда асосан учта муаммо вазиятни оғирлаштирмоқда. Бу ер, сув ва энергетика муаммолари. Лекин водийда туташган уч қўшни давлатнинг ҳеч қайси бири бу муаммони мустақил ҳал қила олмайди. Бунинг учун, дейди олим, интеграция керак:

- Биринчи навбатда Марказий Осиëда интеграция бўлиши керак. Европа интеграцияни ўтказиб¸ тинч бўлди. Буни бизнинг раҳбарлар ҳозир тушунмаяпти. Мана шу ҳукуматларни сақлаб конфедерация қилиш мумкин. Лекин бу ëқда асосий муаммоларни ҳал қилиш керак бўлади.

Интеграция нимани ҳал қилиши мумкин? Биринчи навбатда энергетикани¸ иккинчи навбатда ерни¸ учинчи навбатда сувни. Ер ислоҳотларини биргалашиб ўтказиш керак. Мана шу учта муаммо ҳал қилинса¸ ҳамма ëқ ўз ўзидан тинчиб кетади¸ дейди профессор Гога Ҳидоятов.

Фарғоналик Муҳсинжон ака фикрича¸ одамлар бир амаллаб яшаяпти. Лекин уларнинг адолатсизликка чидаши қийин бўляпти:

- Одамлар ўртаҳол яшаяпти. Бу ерда адолатсизлик бўлаяпти. Милиция халқи формани кийиб олиб босқинчилик¸ талончилик қилаяпти.

Илгари подшолар даврида қароқчилар бўлган экан. Ҳозир уларга форма кийгизиб қўйдик. Божхона ҳам шу ишни қилаяпти.

Буни президентимиз¸ бош вазиримиз билмасмикин? Бу дангал бўлаяптида. Машинанинг ичида ўтирасиз¸ шофëр пул олиб бориб бериб келади. Буни ҳамма кўраяпти.

Баъзи бирлар бу адолатсизликка чидай олмаяптида. Одамларнинг норозиликлари¸ келишмовчиликлар фақат адолатсизликка бориб тақалаяпти¸ дейди Муҳсинжон ака.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи таҳлилчиси Эндрю Штролайн фикрича, водийдаги кескин вазиятни юмшатиш учун қуйидаги чораларни кўриш керак:

- Вазиятни юмшатиш учун ҳукумат томонидан бутунлай янгича ёндашув керак. Жамиятни бошқарув усулини янгилаш, яъни иқтисодий имкониятларга қўйилган чекловларни бекор қилиш, одамларга эркин сўз айтиш учун имкон бериш ва оддий халқ овозига қулоқ солиниши керак. Жамият эркин бўлмас экан, вазиятнинг юмшаши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, дейди Эндрю Штролайн.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG