Линклар

Сангтўда қурилиши тўхтади

  • Гулнора Равшан

Қурилиши бошланганига қарийб 30 йил бўлган Сангтўла-1 ГЭСида шу кунда яна иш тўхтаб қолди.

Қурилиши бошланганига қарийб 30 йил бўлган Сангтўла-1 ГЭСида шу кунда яна иш тўхтаб қолди.

“Барқи Тожик” ширкати “Сангтўда-1 ГЭСи” очиқ ҳиссадорлик жамиятига 18 миллион доллар қарзини тўлай олмаганидан кейин мазкур ГЭС қурилиши тўхтаб қолган. Бу ҳақда Озодликка “Сангтўда-1 ГЭСи” очиқ ҳиссадорлик жамияти раиси Раҳметулла Алжанов маълум қилди.

- Тожикистон томони ишлаб чиқилган электр учун пул тўламаяпти. Республикада пул йўқ эмиш. “Барқи тожик” ширкати эса банкрот бўлди. Шунинг учун фойдаланилган электр пулини тўлашмаяпти.

Менимча, бу масалани Россия ва Тожикистон ҳукуматларидаги юқори лавозимли шахслар ҳал қилиши керак. Чунки биз ўзимизча бу муаммони ҳал қила олмаяпмиз, деди “Сангтўда-1 ГЭСи” очиқ ҳиссадорлик жамияти раиси.

Раҳметулла Алжановга кўра, “Барқи тожик” ширкати “Сангтўда-1 ГЭСи”нинг биринчи ва иккинчи агрегатлари ишга туширилган кундан шу пайтгача қарзларини тўлай олмаётгани сабабли ГЭС қурилишида ишлаётган бир ярим минг ишчи феврал ойидан буён маош олмаган.

Аммо “Барқи тожик” очиқ ҳиссадорлик ширкат расмийси Нозиржон Ёдгорий “Сангтўда-1 ГЭСи”да қурилиш ишлари тўхтатиб қўйилганидан хабарсиз эканини билдирди.

- Бизнинг бу гапдан хабаримиз йўқ. Кун давомида у ерда нима гап эканлигини аниқлаштиришга ҳаракат қиламиз, деди Ёдгорий.

Айни пайтда Алжанов 27 май куни иншоотда қурилиш ишлари тўхтатилгач, Тожикистон Бош вазири Оқил Оқиловни ёзма тарзда расман огоҳлантирганини билдирди. Аммо, унинг айтишича, ҳозирча тожик ҳукумати томонидан ҳеч қандай реакция билдирилгани йўқ.

Сангтўда-1 ГЭСи Россия ва Тожикистон энергетиклари томонидан ташкил этилган қўшма корхона – очиқ ҳиссадорлик жамияти томонидан қурилаётганди. Йилига 670 мВт электр қуввати ишлаб чиқариши кутилаётган Сангтўда-1 ГЭСи пойдеворининг биринчи ғишти ўтган асрнинг 80-йилларида қўйилган эди.

Аммо қурилиш ишлари 20 фоизга бажарилган мазкур иншоотда ишлар фуқаролик уруши йилларидан сал аввалроқ тўхтатиб қўйилган. Чунки мустақилликка эришган Тожикистонда бу йирик иншоотни қуриб битказиш учун етарли имконият йўқ эди.

2004 йил Тожикистон ва Россия ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорликка доир имзоланган шартномага мувофиқ “ИНТЕР РАО ЕЭС” ширкати ГЭС қурилишини давом эттиришини эълон қилди.

2005 йил февралида Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлиги билан “Интер РАО ЕЭС” ёпиқ акциядорлик жамияти ўртасида “Сангтўда-1 ГЭСи” очиқ ҳиссадорлик жамиятини тузиш борасида икки ёқлама шартнома имзоланди. Мазкур гидроэнергетик иншоот акциясининг 75 фоизи русларга ва 25 фоизи эса тожикларга тегадиган бўлди. Шундан сўнг иншоот қурилиши давом эттирилди.

2008 йилнинг 17 январида Сангтўда-1 нинг дастлабки агрегати ишга туширилди. Йил давомида ГЭСнинг иккинчи ва учинчи агрегатлари ҳам ишга тушди.

Рахметулла Алжанов иншоот қурилишини тўхтатиб қўйишдан бир неча кун аввал ГЭСнинг охирги – 4-агрегати ҳам ишга туширилгани ва ишлаб чиқарилаётган электр қуввати тўла Тожикистон ихтиёрига берилганини маълум қилди.

Унга кўра, жорий йил августида Россия ва Тожикистон президентлари иштирокида тўртинчи агрегатнинг расман очилиш маросими бўлиб ўтиши кутилмоқда экан. Аммо, Алжановнинг айтишича, Сангтўдада ҳали ишлар тўла якунланмаган.

Унга кўра, Сангтўда-1 ГЭСи қурилишида бир ярим минг киши қатнашмоқда. Ишчиларнинг 95 фоизи тожикистонлик фуқаролардир.

Соҳа бўйича мустақил таҳлилчи Ғуломиддин Сайфиддинов “Барқи тожик” нинг Сангтўда-1 ГЭСи олдидаги қарзларини тўлай олмаётганининг сабабини ишлаб чиқилаётган электрга белгиланган нархнинг реал эмаслигида, деб билади.

- Биз қўшни Ўзбекистон электр тармоқлари орқали транзит қилинаётган Туркманистон электри ҳар киловаттига 3 цент тўлаймиз. Аммо ўзимизнинг еримизда, ўз сувимиз эвазига ишлаб чиқарилаётган электрнинг ҳар киловатти учун ҳам 3 цент тўлаймиз. Қани бу ерда мантиқ?

“Барқи тожик” ширкатининг 18 миллион доллар қарздор бўлиб қолишининг сабаби ҳам ишлаб чиқарилаётган электр таннархининг қимматлигидадир. Бунинг учун эса ширкатнинг собиқ раиси Шарифхон Самиев айбдор. У калтафаҳмлик қилиб имзолаган шартноманинг жабрини бугун оддий тожикистонликлар тортмоқда, дейди Ғуломиддин Сайфиддинов.

Унинг айтишича, 65 фоизи қашшоқликда кун кечираётган тожикистонликларнинг кўпчилиги электр пулини вақтида тўлай олмагани ”Барқи тожик”ни Россия, Ўзбекистон ва Туркманистон ширкатлари олдида қарздор қилиб қўймоқда.

“Сангтўда-1 ГЭСи” ширкатининг ГЭС қурилишини тўхтатишга доир қарори “Ўзтрансгаз” ширкати Тожикистонга табиий газ етказиб беришни тўрт бараварга қисқартириши билан бир вақтга тўғри келди.

Бунга “Тожиктрансгаз” ширкати етказиб берилган табиий газ учун Ўзбекистондан 14 миллион доллар қарздор бўлиб қолгани сабаб бўлган.

Бу каби муаммолар маҳаллий мутахассислар ва таҳлилчилар хавотирига сабаб бўлмоқда.

Мустақил таҳлилчи Бахтиёр Мўминов фикрича, ташқи қарзлар исканжасида қолаётган Тожикистон ҳукумати келаси йил қишида аҳолини етарлича иссиқлик ва ёруғлик билан таъминлай олмай қолиши мумкин.

- Бордию қиш оғир келса нима бўлади? Яна шу оддий халқ қийналади, газсиз, электрсиз қолади. Яна ташвиш. Корхоналар ишдан қолади.

Корхоналарнинг ишдан қолиши бу иқтисодиётимизнинг тағин ҳам оқсоқланишига сабаб бўлади, дейди Бахтиёр Мўминов.
XS
SM
MD
LG