Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:02

Ўзбекистон яна хавотир манбаи


Янги ҳисоботни тақдим этар экан¸ Халқаро Амнистия раҳбари Айрин Хон¸ дунë бўйлаб инсон ҳуқуқлари вазиятининг ëмонлашуви давом этаëтганидан бонг урди.
Янги ҳисоботни тақдим этар экан¸ Халқаро Амнистия раҳбари Айрин Хон¸ дунë бўйлаб инсон ҳуқуқлари вазиятининг ëмонлашуви давом этаëтганидан бонг урди.

Халқаро Амнистиянинг 28 май куни эълон қилинган янги ҳисоботида¸ глобал иқтисодий бўҳроннинг дунë¸ хусусан Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига салбий таъсир этаётгани билдирилган.

2009 йилги ҳисоботнинг тақдимот маросимида Халқаро Амнистия ташкилоти бош директори Айрин Хон ўтган йил аксар ҳукуматлар инсон ҳуқуқларини етарлича ҳимоя қила олмаганини айтди. Иқтисодий бўҳрон вазиятни янада мураккаблаштирди, ксенофобия ва репрессиялар кучайди, деди Айрин Хон.

Халқаро Амнистия раҳбари ҳукуматлар, йирик ширкатлар раҳбарлари ва халқаро молия ташкилотларини инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини таъминлаш учун тегишли чоралар кўриш ва камбағалларга кўпроқ эътибор қаратишга чақирди.

- Биз, Халқаро Амнистия ташкилоти, камбағаллар ҳуқуқларига кўпроқ эътибор қаратилиши иқтисодий бўҳрондан олиб чиқишига ишонамиз. Камбағаллар ҳуқуқларининг тан олинишини, улар турмушига таъсир этадиган қарорлар қабул қилинишида ҳукуматлар улар иштирокини ҳам таъминлашини кўришни хоҳлаймиз, деди Айрин Хон.

Халқаро Амнистия ташкилотининг 400 саҳифалик йиллик ҳисоботида 157 давлатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига оид маълумотлар жамланган.

Халқаро Амнистия ташкилотининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Мэйси Вайшердинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг йиллардан бери ночорлигича қолаëтгани ташвишга асос эканини айтади.

- Инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳақиқий ва кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилмагани бизни жиддий хавотирга солмоқда.

Ҳукумат қонунчилик соҳасида ислоҳотлар ўтказилгани, ҳуқуқ ҳимоячилари қамоқдан озод қилингани, инсон ҳуқуқлари масаласида кўпроқ мулоқот олиб борилаётганини иддао қилаётганига қарамай, албатта бу ижобий ҳолат, инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳақиқий ўзгариш бўлмагани ва бунга хоҳиш ҳам йўқлиги бизни хавотирга солмоқда.

Шунингдек, Андижон воқеаларидан тўрт йил ўтиб ҳам ҳукуматнинг қонли воқеалар хусусида мустақил, адолатли ва холис текширув ўтказилишини рад қилиб келаëтгани хавотир манбаидир, дейди Халқаро Амнистия вакили.

Ҳисоботда Ўзбекистон ҳукуматининг сўз эркинлиги ва фуқаролик жамиятининг эркин фаолити таъминланганига оид иддаосига қарамай, мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мустақил журналистлар аҳволининг ёмонлашаётгани, ҳозирда 10 нафар ҳуқуқ ҳимоячисининг қамоқда қолаётгани айтилади.

Халқаро Амнистия ҳисоботида Ўзбекистонда маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўллаш кенг тарқалгани ва бу муаммонинг ҳозиргача ҳал этилмай келинаëтгани ҳам жиддий танқид қилинади.

- Ҳукумат қийноқлар онда-сонда учрайдиган воқеа экани ҳақида нима демасин, маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани ва уларга қўпол муомалада бўлинаётгани ҳақдаги кўплаб шикоятлар бизгача етиб келмоқда ва биз бундан жуда хавотирдамиз, дейди Халқаро Амнистия вакили.

1 январдан бошлаб Ўзбекистонда ўлим жазосини умрбод қамоқ жазоси билан алмаштириш ҳақдаги қонуннинг кучга киргани ва апрел ойи ўрталарида Олий суд 17та ўлим жазосини 20 – 25 йиллик қамоқ жазоларига алмаштирганига қарамай, дейди Майзи Вайшадинг, Ўбекистонда олий жазо билан боғлиқ муаммолар тўлиқ ҳал этилмаган.

- Ўлим жазоси бекор қилинди. Биз буни қутлаймиз. Аммо бу биз учун масала ҳал этилганини англатмайди. Чунки бу борада ҳеч қандай статистик маълумот эълон қилинмаган.

Биз анча вақтдан бери қанча одам ўлим жазосига ҳукм қилингани, ҳукмлардан қанчаси ижро этилгани, нечта ўлим жазоси умрбод қамоқ жазосига алмаштирилгани ҳақдаги маълумотлар эълон қилинишини сўраб келаяпмиз, дейди Халқаро Амнистия вакили.

Ҳисоботнинг эътиқод эркинлиги ҳақидаги бандида Ўзбекистонда давлат назоратида бўлмаган масжидларда ибодат қилган мусулмонлар ҳамда турли диний гуруҳлар таъқибга учрагани, хусусан Иегова гувоҳлари диний гуруҳига қарши телекўрсатувлар тайёрлангани ва газеталарда мақолалар чоп этилгани ҳам тилга олинади.

Халқаро Амнистия ҳисоботида миллий хавфсизлик ва халқаро терроризмга қарши кураш баҳонасида Ўзбекистон ҳукумати фаолияти таъқиқланган Ҳизбут-Таҳрир ва Акромийлар исломий гуруҳига аъзоликда гумонланган шахсларни қўшни давлатлар¸ жумладан Россия Федерациясидан экстрадиция қилишга урингани хусусида ҳам жиддий хавотир изҳор этилган.

Халқаро Амнистия вакили ўз ташкилоти инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш борасида Ўзбекистон ҳукуматига босим кўрсатишни давом эттириши ва Европа Иттифоқи расмийларини ҳам бу масалани ўзаро муҳокамалар кун тартибига киритишига даъват этишдан қолмаслигини таъкидлайди.

- Биз Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари борасидаги сиëсати хусусида жиддий хавотир билдиришни давом эттирамиз ва халқаро ҳамжамият айниқса, Европа Иттифоқи расмийларини Ўзбекистон расмийлари билан икки томонлама ва инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқот чоғида қийноқлар, сўз эркинлиги, йиғилиш ўтказиш ҳуқуқи, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари аҳволи каби масалаларни доим ва қатъий равишда кўтаришга даъват қилаверамиз, дейди Халқаро Амнистия ташкилотининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Мэйси Вайшердинг.
XS
SM
MD
LG