Линклар

logo-print

Ваҳимачилар пойгаси

  • Сарвар Усмон

Андижон кўчалари ҳали ҳам текширув ва назоратнинг кескин тартибда қолаëтгани¸ ҳарбий ва милиционерларнинг шаҳарни қурол билан назорат қилаëтгани айтилмоқда.

Андижон кўчалари ҳали ҳам текширув ва назоратнинг кескин тартибда қолаëтгани¸ ҳарбий ва милиционерларнинг шаҳарни қурол билан назорат қилаëтгани айтилмоқда.

“Ўзбекистонда майнинг охиригача барча кўнгилочар тадбирлар ҳамда спорт мусобақалари бекор қилинди”, деб хабар қилди Интерфакс ахборот агентлиги. Агентлик бу хабарни ўзбекистонлик бир ҳуқуқ ҳимоячисига таяниб тарқатди.

Интерфакс хабарида айтилганидай, “майнинг охиригача барча кўнгилочар тадбирлар ҳамда спорт мусобақаларининг бекор қилиниши” Хонобод ва Андижонда 26 май куни амалга оширилган ҳужум ва портлашлар билан боғлиқ.

“Унчалик эмасдиров?!” дедигу Тошкентга қўнғироқ қилдик. Мустақил ҳамкасбларимиз, хусусан, Абдураҳмон Ташанов вазият тўғрисида мана бундай деди.

- Менимча¸ бу унчалик ҳақиқатга тўғри келмайдиган нарса. Бугун Гулистон шаҳрида “Умид ниҳоллари” деб номланган республика миқëсидаги катта мусобақа бошланади.

Мана биз Тошкент шаҳрида турли хил кўнгилочар дастурлар¸ турли хил спорт мусобақалари бўлаëтганини радио орқали эшитиб¸ телевизор орқали кўриб турибмиз.

Андижонда шароит қандайлигини билмадим¸ лекин Андижондаги воқеалар республиканинг бошқа вилоятларидаги ҳаëт ритмига таъсир қилгани йўқ¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Интерфаксга хабар берган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сал ошириб юборган кўринади.

Лекин, агар у хабарни Андижондан ёки шаҳар атрофидаги қишлоқлардан туриб берган бўлсачи?

У ҳолда ваҳима қилишга унинг тўла асослари бор.

Чунки 27 май куни Андижон милиция ва ҳарбийларнинг тўла қуршовида турди. Шаҳарга биронта ҳам машина киритилмади.

Аҳвол 28 май куни ҳам ўзгармади. Ҳар ҳолда шу кун эрталаб соат 11 гача бўлган вазият тўғрисида бир тингловчимиз мана бундай деди:

Озодлик: Вазият сал изга тушиб қолдими энди?

- Йўқ¸ тушгани йўқ. Кеча бу атрофда БТР юрди. Бугун эрталабдан бозорга борганлар “Колцевойга БТР қўйиб қўйибди” деб айтаяпти. Кечаси қўйилиб¸ кундузи олиб қўйилаяпти шекилли.

Нариги проспектда битта БТР¸ орқасида замбаракми қанақадир отадиган¸ орқасида битта аскар машинаси турибди. Аскарлар у ëқ бу ëққа юриб туришибди. Бугун ҳам худди кечагидай ҳолат. Одамлар шаҳарга пиëда боришаяпти¸ деди бир тингловчимиз.

Андижоннинг марказий кўчаси бўйлаб БТР(лар?)у замбарак(лар?) нари-бери бориб келаётган экан, шаҳарга ҳануз биронтаям машина киритилмаётган экан, демак, хавф катта эканда?!

Демак, расмий Тошкентнинг Бош прокуратура тилидан воқеа юзасидан тарқатган ягона хабари, юмшоқроқ айтганда, ҳақиқатга мос эмас эканда?

Демак, гап прокуратура айтгандай “2-3 кишидан иборат гуруҳ” устида кетмаётган экан-да?

Ахир “воқеа жойидан яширинган” 2-3 кишилик гуруҳни замбарак билан изламайдиларку?!

Андижон ва Хонободдаги вазиятни узоқдан туриб бўлсаям, баҳоли қудрат кузатиб турибмиз.

27 май эрталабдан бошлаб биронта ҳам инцидент тўғрисида хабар пайдо бўлмагани вилоятдаги вазиятнинг барқарор эканлигига ишорадир.

Бас шундай экан, Андижоннинг марказий кўчасида БТР(лар?) ни нари-бери югуртиришнинг, ортиқча ваҳима қилиб, аҳолининг зада юрагига ғулғула солишнинг нима ҳожати бор?

Аслида, ўрганаётганимиз мавзунинг бир четига кечаги эшиттиришимизда тегинган эдик ва унда иштирок этган таҳлилчи Камолиддин Раббимов мана бу гапни айтувди.

- Биласизми¸ менинг назаримда¸ ҳукумат вазиятга Андижон синдроми орқали қараяпти. “Кутилмаганда халқ уюшиши мумкин¸ кўчага чиқиши мумкин. Биз кутмаган¸ биз билмаган¸ биз илғамаган воқеа бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир қадамни назорат қилиш мақсадга мувофиқ” деган фикрлаш орқали вазиятга ëндашилаяпти.

Кучайтирилган чора-тадбирлар ҳозирги бўлаëтган воқеага эмас¸ ҳукумат назарида бўлиши мумкин бўлган воқеаларга жавоб сифатида амалга оширилаяпти¸ деган эди Камолиддин Раббимов.

26 май воқеалари кетидан Андижонда давом этаётган ваҳима пойгаси сабаб ва оқибатлари тўғрисида фарғоналик тингловчиларимиздан бири Маъруфжон акани суҳбатга тордик.

Маъруфжон ака: Бундай юзаки олиб қараганда¸ эҳтиëт чораларини кучайтириш деб билиш ҳам мумкин. Бошқа томондан қарасангиз¸ бўрттираëтгани кўриниб турибдида.

Менимча¸ одамларга тўғри ахборот бериб¸ тўғри гапириб¸ тафсилотларни тўғри тушунтириб қўйса¸ бўлса керак. Ҳамма ўз вазифасини бажарса¸ бунақа тўполонлар бўлмайди. Ваҳимага ўрин йўқ. Бир пайтлар “сув келди” деб ваҳима қилиб¸ бозорларни ўғри уриб кетган ҳолатлар бўлгани менинг эсимда бор.

Озодлик: Дейлик¸ Андижонга тўртта томондан тўртта йўл келади. Шу тўртта йўлдан кеча неча юз машина шаҳар чегарасигача келиб қайтиб кетди. Ҳар бир машина ваҳимани қайтариб қишлоқларига олиб кетмадими?

Маъруфжон ака: Албатта¸ шундай бўлди. Мен ҳам шуни айтаяпманда.

Озодлик: Маъмурлар шуни тушунмайдими?

- Улар бу томонларини ўйлаб ўтиришмайди. Эҳтиëт чораларини кўраяпмиз деб¸ керагидан ортиқ қилиб юборишаяпти. Натижада бу тескари натижага олиб келаяпти.

“Мен фалонча куни борган эдим¸ шаҳарга киритмади. Бир нарса бўлган шекилли” деб айтадида одамлар. Одамлар бирни икки қилиб кўрсатиб¸ кейин қуруқ ваҳима авжга чиқиб кетади. Бу ижтимоий томони.

Бунинг иқтисодий томони ҳам бор. Одамлар қанча зарар кўрди¸ давлатга ҳам қанча зарар бўлди. Блок-постларни қўй¸ унга соқчини қўй – буларнинг ҳаммаси пулку¸ дейди фарғоналик Маъруфжон ака.

26 май кунги воқеалардан кейин бошланган ваҳима пойгаси тўғрисида гапирдик.

Фақат бир нарса ноаниқ қолди. Бу пойгада "Ўзбекистонда майнинг охиригача барча кўнгилочар тадбирлар ҳамда спорт мусобақалари бекор қилинди", деб Интерфаксга хабар берган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси ютдими ёки Андижонни "кўз қорачиғидай" асраётган милицияю ҳарбийларми? Уларга буйруқ берган ҳукуматми?

Ҳа, айтганча, хабарларга қараганда, Қирғизистон республикаси Чегара хизмати Андижон вилоятидаги вазият барқарорлашди, деган хулосага келиб, чегарани қўриқлашнинг фавқулодда режимини бекор қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG