Линклар

Инсон бору¸ ҳуқуқ йўқ

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари¸ мамлакат қамоқхона ва ҳибсхоналаридаги қийноқларнинг тўхтамаëтгани¸ асосий хавотир манбаларидан бири эканини таъкидлайдилар.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари¸ мамлакат қамоқхона ва ҳибсхоналаридаги қийноқларнинг тўхтамаëтгани¸ асосий хавотир манбаларидан бири эканини таъкидлайдилар.

Халқаро Амнистия ташкилотининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига доир янги ҳисоботига муносабат билдирган маҳаллий ҳуқуқ фаоллари¸ мамлакатдаги вазиятга ана шундай ташхис қўйдилар.

Халқаро Амнистия ташкилоти ҳисоботига кўра, Ўзбекистондаги инсон ҳукуқлари вазиятида кўпдан ижобий ўзгариш сезилмайди. Бу соҳада ҳеч қандай ислоҳотлар ўтказилмаётир. Аксинча, барча соҳаларда инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда поймол бўлаётгани кузатилмоқда.

Ўзбекистонлик айрим инсон ҳуқуқи ҳимоячилари халқаро ташкилотнинг бу хулосасига тўлиқ қўшиладилар.

Фарғоналик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Абдусалом Эргашевнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати халқаро жамоатчилик олдида ўзини инсонпарвар ҳукумат қилиб кўрсатиш учун инсон ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган қонун ва конвенцияларни қабул қиладию, лекин улар ижросини таъминламайди.

- Қонунчилик ислоҳотлари призмасида кўрадиган бўлсак¸ баъзи бир конвенциялар ратификация қилинди¸ баъзи бир янгиликлар - мана Ҳабеас корпус институти ишга туширилди¸ ўлим жазоси бекор қилинди. Мана шу соҳаларда қонунчилик ислоҳотларида янгиликлар бўлгандай бўлди.

Лекин буларни ишга тушириш механизми кўнгилдагидай бўлмагани учун бу ислоҳотларнинг ярқ этиб кўзга кўринадиган самарасини кўрганимиз йўқ.

Мана Аҳмаджон Одилов¸ Мўътабар Тожибоева¸ Саиджаҳон Зайнобиддинов кабилар озод қилинди¸ аммо уларнинг ўрнига бошқалари қамоққа ташланди. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида олдинга силжиш бўлди деб айтишга одам жуда қийналади¸ дейди Абдусалом Эргашев.

Самарқандлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Маматқул Мухторовга кўра, ўзбекистонликлар энг аввало ҳуқуқларини биринчи ўринда ҳимоя қилиши шарт бўлган давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидан шикоят қилаётганликларини айтади:

- Бизнинг Ўзбекистонда инсон бору ҳуқуқи йўқ. Инсоннинг ҳеч қачон ҳуқуқи бўлган эмас¸ бундан кейин ҳам бўлмайди. Чунки судлар¸ прокурорларнинг ҳаммаси порахўр бўлиб кетган. Порахўрлик ҳамма ишларни чалкаштириб ташлади.

Мана бешта судяни пора олганлиги учун жиноий жавобгарликка тортишди. Қолганлари бундан баттар қилаяпти. Пул берса¸ даъвогарни жавобгар қилиб беради булар.

Инсоннинг ҳуқуқи деган нарсанинг ўзи йўқда. Бундан кейин ҳам бўлмаса керак. Чунки мен бир неча марта Сайëра Рашидовага мурожаат қилганман¸ Республика прокуратурасига¸ Олий судга мурожаат қилганман.

Олий суд икки йилдан бери бирорта инсонни қабул қилмайди. Бошқалар қабул қиладию¸ лекин тескари жавоб беради¸ дейди самарқандлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Маматқул Мухторов.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов эса, мамлакат қамоқхоналарида тутқунларнинг қийноққа солиниш ҳолатлари ҳамон давом этаётганини айтади:

- Қийноқлар ҳозир энг кўп қамоқхоналарда бўлаяпти. Қийноқ диний эътиқод билан қамалганларга нисбатан кўпроқ бўлаяпти¸ дейди Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG