Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:41

“Ҳеч қачон ҳеч кимга ишонма!”


Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка оид ўнлаб¸ балки юзлаб келишувларга қўл қўйилганига қарамай¸ собиқ иттифоқ раҳбарларининг аксарининг¸ бир-бирига ахборотни ҳам раво кўрмаслиги айтилмоқда.
Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка оид ўнлаб¸ балки юзлаб келишувларга қўл қўйилганига қарамай¸ собиқ иттифоқ раҳбарларининг аксарининг¸ бир-бирига ахборотни ҳам раво кўрмаслиги айтилмоқда.

Хонобод ва Андижон¸ шунингдек Тавилдарадаги сўнгги воқеалар¸ ўзаро учрашувларда минтақавий хавфсизлик борасидаги яқин ҳамкорлик ҳақда гапиришдан чарчамайдиган Марказий Осиë раҳбарларининг қуруқ баëнотдан нарига ўтмаëтганларини кўрсатмоқда.

28 май куни Қирғизистон Мудофаа вазири Бақтибек Қалиев Ўзбекистонни Андижон ва Хонободда рўй берган сўнгги воқеаларига доир маълумотларни сир тутаётганликда айблади.

Қирғизистон томони фикрига кўра, минтақада рўй берадиган фавқулодда воқеалар Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти каби тузилмалар доирасида муҳокама қилиниши лозим.

Ўзбекистон эса, бу масалани ёпиқ тарзда кўриб чиқмоқда ва вазиятга оид барча маълумотни сир тутмоқда. Айни пайтда, Тожикистон махсус хизматларининг ҳам тоғли мантақаларидаги вазиятга оид ахборотни қўшни давлатлардаги ҳамкорлари билан ўртоқлашишга истак кўрсатмаётгани айтилмоқда.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўзлари аъзо бўлган қатор ташкилотлар доирасида, ўз ҳудудларидаги фавқулодда вазиятлар, айниқса, чегара олди минтақаларда рўй берган воқеалар ҳақида ўзаро ахборот айрибошлаш масъулиятини олган.

Хусусан, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ана шундай ҳамкорлик бўлишини кўзда тутувчи тузилмалардан биридир, дейди ташкилот матбуот котиби Виталий Струговец.

- Бизда бундай вазиятлар рўй берган ҳолларда ташкилотга аъзо давлатларнинг тегишли идоралари ўртасида маслаҳатлашув ўтказилишига оид тартиб шу пайтгача амал қилиб келган.

Масалан, эсингизда бўлса, икки йил аввал Қирғизистон-Тожикистон чегарасида блок-постга ҳужум уюштирилган эди. Ўшанда куч ишлатар идоралари ўртасида бундай ахборот алмашинуви йўлга қўйилди, дейди Струговец.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгашининг собиқ раиси ва собиқ Мудофаа вазири Исмоил Исоқов ҳам мамлакат ўртасида бундай келишувлар борлигини айтади.

- Албатта, бунга оид ўзаро келишувлар бор. Биринчидан, Ўзбекистон ва Қирғизистон КХШТдан ташқари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига ҳам аъзо ва улар бу ташкилотлар доирасида ўзаро ахборот алмашинуви бўйича мажбуриятни ўз зиммасига олган.

Ўтмишда тегишли идоралар бу мажбуриятни бажариб келган ҳам, деди Қирғизистон Хавфсизлик кенгашининг собиқ раиси.

Хўш¸ нега бу келишувлар Андижон ва Хонободда рўй берган сўнгги воқеалар мисолида ишламай қолди? Бу ўзаро ишончсизлик белгисими, ё бунинг бошқа сабаблари борми?

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ зобити Икром Ёқубов бунинг бир неча сабаби бор¸ дейди.

- Махсус хизматнинг “Ҳеч қачон ҳеч кимга ишонма” деган олтин қонуни бор. Тажрибада кўрганларимга ўтадиган бўлсак¸ Ўзбекистон ҳукуматининг МХХ си албатта бу маълумотларни олади. Минтақа давлатлари билан¸ Россия билан ҳамкорлик бор.

Ўзбекистон МХХсининг бутун минтақа бўйлаб бемалол ҳаракат қилишига қаршилик қила оладиган давлат ëки ташкилот йўқ. Ўзбекистон МХХси минтақанинг бошқа давлатларидаги махсус хизматларга қараганда анча кучли. Улар анча профессионал ишлашади¸ дейди Икром Ëқубов.

Буни Ўзбекистоннинг ўзига керак бўлган пайтда қўшниларидан керакли маълумотларни талаб қилиб олишида ҳам кўриш мумкин, дейди суҳбатдошимиз.

- Қирғизистон Мудофаа вазирининг эътирозлари жуда ўринли. Ўзбекистон минтақадаги бошқа давлатлардан қатъий талаб қилади¸ турли хил босимлар ўтказади¸ ўзига навбат келганда эса доим ишни пайсалга солади ëки ҳеч қандай маълумот бермай қўя қолади¸ дейди Икром Ëқубов.

Бундан ташқари, деб давом этади МХХнинг собиқ ходими, агар Ўзбекистон томони сўнгги воқеаларга оид маълумотларни беришни истмаётган экан, демак бу Ўзбекистон режими манфаатига мос келмайди.

- Каримов ҳокимиятда турар экан¸ у ўзига фойдали деб билмаса¸ ўзининг энг яқин ҳамкорига маълумот бермайди¸ бирор бир хавф ҳақида огоҳлантирмайди.

Каримов ўзининг қўшнилари ëки ўзининг ҳамкори бўлган давлатлари билан яхши муносабатга қачон киришади? Қачонки¸ шу муносабатлар ўзининг ҳокимиятни мустаҳкамлашига фойда кўрсатса¸ ўзининг ҳокимиятига бўлган таҳдидларни камайтира олса¸ дейди Ўзбекистон МХХ сининг собиқ зобити Икром Ëқубов.

Айни пайтда, Тожикистонинг Тавилдара туманида вужудга келган вазият ҳақидаги маълумотлар ҳам бу мамлакатнинг тегишли идоралари томонидан ошкор қилинмаяпти.

Куни-кеча Тавилдара ва Хонобод воқеалари бир-бирига узвий боғлиқлиги ҳақдаги фикр билдирган Россия хавфсизлик хизматларига яқин манбанинг айтишича, минтақада вужудга келган қалтис вазият шу пайтгача, ўзаро келишмовчиликлари бўлганига қарамасдан, яқиндан ҳамкорлик қилиб келган махсус хизматлар ўртасидаги келган ишончсизликнинг асосий сабабидир.

- Марказий Осиё ва Россия ўртасида эришилган келишувлар ўзаро контакт ва ахборот алмашинувини кўзда тутади. Лекин, алоҳида шахсларнинг ўзаро контакти ва улар кўзлаётган шахсий манфаатлар, жумладан, айрим мамлакатлардаги ижтимоий-сиёсий вазиятни назорат қилиш истаги махсус хизматлар ўртасида ишончсизлик вакуумини яратди. Чунки бу ерда катта ўйин кетмоқда.

Бундай вазиятларда эса, махсус хизматлар ўзаро нотўғри маълумотларини алмашиши ва бир-бирини чув тушириши ҳолатлари кўп учрайди ва улар буни яхши билади. Яъни расмий контактларда берилган маълумотлар агентура тизими орқали олинган маълумотларга тўғри келмай қолади.

Мен сизга Хонобод ва Андижондаги сўнгги воқеалар ҳақида яна бир нарсани айтишим мумкин, бу воқеаларда Қирғизистондан Ўзбекистонга ҳеч қандай кучлар ўтмаган, деди махсус хизматларга яқин бўлган манба.
XS
SM
MD
LG